07:05 / 09.02.2018
6 416

Энди хонандалар ётоқхона ва бошқа хосхоналарда ёнбошлаб қўшиқ айтмайди

Энди хонандалар ётоқхона ва бошқа хосхоналарда ёнбошлаб қўшиқ айтмайди
"Ўзбекконцерт" давлат муассасаси томонидан "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси қошидаги қўшиқлар ва уларга ишланган видеоклиплар савиясини баҳолаш бадиий Кенгашининг хулосасини олиш тартибига эслатма эълон қилинди, деб ёзади Спутник нашри.

Унга кўра, Кенгаш қўшиқлар ва уларга ишланадиган видеоклиплар савиясини баҳолашда ва лицензиатларнинг аризаларни кўриб чиқишда қўшиқ матни, мусиқаси, видеоклип дастури (сценарийси)нинг ғоявий-бадиий даражасига, тақдим этилган репертуарнинг миллий анъаналарга ва умуминсоний қадриятларга мувофиқлигига ҳамда қўшиқлар ва уларга ишланган ва ишланадиган видеоклиплар (сценарийси)да Ватанга садоқат, севги, муҳаббат ва инсонийлик сингари эзгу ғоялар акс этганлигига эътибор қаратади.

Лицензиатнинг одоб-ахлоқ қоидаларига, саҳна маданияти ва ташқи кўриниш маданиятига зид бўлган хатти-ҳаракатлар қилиши ҳамда маънавиятга салбий таъсир кўрсатувчи, томошабинларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилувчи, ахлоқсизлик ғояларини тарғиб этувчи асарлари маъқулланмайди.

Эслатмада кўрсатилишича, клипда умуминсоний ва миллий маданиятга зид бўлган, ножоиз ҳатти-ҳаракатлар, турли ғоявий таҳдидлар акс этмаслиги лозим. Жумладан, гиёҳвандлик, спиртли ичимликлар тарғиботи, қонли, террористик ҳатти-харакатларни тарғиб қилувчи, уруш ва қўпорувчиликка майл уйғотувчи тасвирлар, динлар ва миллатлар аро нифоқ, зиддият уйғотувчи унсурлар, давлат рамзлари (герб, байроқ, Президент) тасвиридан ножоиз, ноўрин фойдаланиш мумкин эмас.

Шунингдек, турли фирма, компаниялар ҳамда уларнинг маҳсулотларини ошкора ва яширин реклама қилиш, ётоқхона ва бошқа хосхоналарда хонандаларнинг ёнбошлаб, ўзбекона одоб қоидаларига зид ҳолатда қўшиқ куйлаши, оммавий маданиятга хос тарзда очиқ-сочиқ, йиртиқ-ямоқ, ярим-яланғоч кийиниш ҳолатлари, шаҳвоний ҳирс ва беҳаёликни, енгил-елпи ҳаётни тарғиб қилувчи оҳанг ва тасвирлар акс этмаслиги лозим.

Бундан ташқари, тана аъзоларига туширилган турли татуировка ва "нақш"ларни кўрсатиш, эркак хонандаларнинг аёллар каби кийиниши, безаниши, ҳар хил зираклар тақиши ва шунга ўхшаш номуносиб ҳолатлар, қўшиқ матни ва мазмунига ҳеч қандай алоқасиз равишда, фақат қимматбаҳо машиналару қасрдай уйларни, ярашиқсиз зебу зийнатларни кўрсатиб кўз-кўз қилиш, муқаддас қадамжолар, табаррук ёдгорликлар, қутлуғ меросимизга нисбатан ҳурматсизлик қилинган ҳолатлар ва ўзбекона урф-одатларга ёт, ўринсиз ва беўхшов ҳаракатлар ножоиз ҳисобланади.

Эслатма изоҳида билдирилишича, қўшиқ матнидан келиб чиққан ҳолда фойдаланилган, эзгу ғоялар тарғиботига хизмат қилувчи салбий образ ва ҳолатлар, агар мақсад амалга ошган бўлса, Кенгаш томонидан рад этилмайди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Энди хонандалар ётоқхона ва бошқа хосхоналарда ёнбошлаб қўшиқ айтмайди