19:13 / 09.04.2018
8 217

Наргиз Зокирова ва оиласига босим ўтказишяптими?

Наргиз Зокирова ва оиласига босим ўтказишяптими?
2014 йилда Россиянинг «Биринчи канал»идаги «Голос» телелойиҳасида қатнашиб, 2-ўринни эгаллаган ўзбекистонлик Наргиз Зокирова Facebook’даги саҳифасида ушбу канал унга ва оиласига босим ўтказаётганини маълум қилди.

Дастлаб, хонанда «Биринчи канал»даги кўрсатувлардан бирининг 2014—2017 йилги «Голос» иштирокчилари ҳақидаги сонига уни таклиф қилишмаганидан ранжиган. Дастурга «Голос» лойиҳасининг ўша йиллардаги барча иштирокчилари чақирилган, аммо Наргиз бундан умуман бехабар қолган. «Кўрсатувда менинг исмим бирор марта ҳам тилга олинмади. Гўёки, лойиҳада мен ҳеч қачон қатнашмагандекман», — деб ёзди қўшиқчи.

Кейинроқ эса Наргизга онаси қўнғироқ қилиб, уни «Биринчи канал» ходимлари тинч қўймаётганини маълум қилган: канал ходимлари аёлга тинмай қўнғироқ қилиб, Наргиз Зокирова билан боғлана олмаётганини айтиб, уни зудлик билан топишга ёрдам беришни сўраб, ҳол-жонига қўймаган. «Кўнгиллари тусаган вақтда чақиришади, қолган пайтда эсга ҳам олишмайдими?» — дея ранжиганини билдирди хонанда.

Шунингдек, Наргизнинг собиқ турмуш ўртоғи Фил Балзанога ҳам «Биринчи канал»дан тинимсиз қўнғироқлар бўлган: уни шоуларга таклиф қилиб, қўшиқчининг «сирларини фош қилиш»ни сўрашган. Аммо, Наргизнинг сўзларига кўра, собиқ эри билан ўзаро аҳилликда ажрашгани туфайли, у бундай таклифларни рад этган ва улар ҳақида Наргизга ўзи хабар берган.

Хонанда ўз постида «Биринчи канал» вакилларига мурожаат қилиб, уни ва оиласини тинч қўйишни сўради. «Бундан буён онамни, фарзандларимни, неварамни ва турмуш ўртоғимни безовта қилманг! Акс ҳолда, ўз адвокатларимнинг ёрдамидан фойдаланишга мажбур бўламан», — деб ёзди Наргиз Зокирова.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Наргиз Зокирова ва оиласига босим ўтказишяптими?