12:56 / 24.04.2018
7 144

У ўзбек шоу-бизнеси юлдузи эди, аммо Аллоҳга муҳаббат баридан устун келди (видео)

У ўзбек шоу-бизнеси юлдузи эди, аммо Аллоҳга муҳаббат баридан устун келди (видео)
У ўзбек шоу бизнеси оламининг ёрқин юлдузи эди. Актёр, қўшиқчи, севимли санъаткор. Аммо айрим сабабларга кўра, айни порлаётган вақт у ўз фаолиятини тугатди. Бунга нима сабаб бўлди? Биз назарда тутаётган инсон Фаррух Соипов шу ва бошқа мавзуларда журналист Жасур Ҳамроевга видеоинтервью берди.

Ҳаётини кескин ўзгартирган туртки
- Ҳаётимни Қуръон ўзгартирди. У билан ҳамнафасман, - дейди Фаррух Соипов видеосуҳбатда. – Шоу-бизнесда фаолият юритаётган вақтим яхшиликка хизмат қилувчи кўп ишлар қилмоқчи бўлдим, аммо бу оламда бунинг имкони йўқ экан. Шу боис мен бу соҳадан кетдим ва буни тўғри деб биламан. Ҳозир ризқимга аталган тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланяпман. Инсон ҳаётида жуда кўп ҳолатларга дуч келади. Хафа бўлган кезларимда зикр айтаман. Зикрда маъно кўп...

Илм у учун нима?
- Бугун Ўзбекистонда илм олиш учун барча имкониятлар бор. Илм сероб. Интернет орқалими ёки китоблар бўладими бу эҳтиёжни қондириш мумкин. Исломий фильмлар олиш ҳақида ўйлаганман, аммо бунга журъат эта олмаганман. Чунки, тарихда ўтган авлиёлар ёки олимларни экранда гавдалантира оладиган актёрлар бизда йўқ, чунки у зотлар нуроний, ўша шахсни биладиган, илмдан бохабар кишилар бўлган. Иккинчидан, у зотларни фильмда нотўғри талқин этилишидан қўрқаман.

Кино маст қилувчи ичимликка ўхшайди. Чунки унинг фойдасидан зиёни кўп, деб биламан. Ёшларни кино орқали тарбияга чақириш қийин, чунки кинотеатрларда жуда кўп кузатганман, бугунги кун томошабини кўпроқ комедияларга, олди-қочди гаплари кўп фильмларга қизиқади.

Фото: Видеодан кадр

Ҳалол ризқ
- Инсон ҳаётида топаётган луқмаси ҳалол бўлгани афзал. Саҳобалардан бири бўлмиш Саъд ибн Абу Ваққос (р.а) пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)га: “Эй Расулуллоҳ, дуо қилинг, мен Аллоҳга нимани дуо қилиб сўрасам доим ижобат бўлсин”, дедилар. Шундай пайғамбаримиз (с.а.в): “Ҳалол луқма егин, дуоинг доим ижобат бўлади”, деган эканлар. Шу сабаб шахсан мен учун ҳалол луқманинг аҳамияти жуда катта.

Менга сокинлик ёқади...
Мен сокинликни яхши кўраман, одам кўп жойлар менга унча хуш келмайди. Сўнгги пайтларда фильмлар, кўрсатувлар кўришни камайтирганман, деярли йўқ деса ҳам бўлади. Кўп китоб ўқийман. Инсон умри чегараланган, шунинг ҳам асосий қисми уйқу ва бошқа кераксиз машғулотлар билан ўтиб кетади. Ижтимоий тармоқларни умрни кемирувчи, кераксиз нарса деб биламан. Умрада бўлдим, у ерда инсон асл кимлигини тушунар экан.

Соқол ҳақда
- Соқол мавзуси ҳақида кўп гапириш мумкин. Умуман, соқол эркак кишига хос бўлган жиҳат, унинг фойда томонлари ҳам бор. Пайғамбарларнинг барчаси соқол қўйишган. Бундан ташқари, ўзимиздан ўтган буюк олимлар, мактаб дарсликларига киритилган улуғ сиймоларда ҳам соқол бўлган. Умуман олганда, соқол қўйиш менга фитратан ёқади. Ўзи бизнинг халқимизда соқол қўйиш одати азалдан бўлган. Соқолнинг негатив нарсаларга умуман алоқаси йўқ, деб ўйлайман.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » У ўзбек шоу-бизнеси юлдузи эди, аммо Аллоҳга муҳаббат баридан устун келди (видео)