12:28 / 27.08.2018
5 173

Муҳаббат Шамаева: “Ўзбек санъатини, маданиятини АҚШда ҳам тарғиб қиляпмиз”

Муҳаббат Шамаева: “Ўзбек санъатини, маданиятини АҚШда ҳам тарғиб қиляпмиз”
Фото: Ҳасан Пайдоев / "Халқ сўзи"​
Шу йилнинг 28 август куни пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида ҳозирги пайтда Америка Қўшма Штатларида истиқомат қиладиган Ўзбекистон халқ артистлари Изро Малаков ва Муҳаббат Шамаева концерт беради. Бундан ташқари, халқ артистлари давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилнинг 6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабз шаҳрида илк бор ўтказиладиган Халқаро мақом санъати анжуманида иштирок этади.

Бугун ушбу санъаткорлар юртимизга етиб келди. Фурсатдан фойдаланиб, улардан эксклюзив интервью олдик. Муҳаббат Шамаева ҳам ўзбек санъати ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Муҳаббат ШАМАЕВА, Ўзбекистон халқ артисти:

— Яна бир бор Ватанимда эканлигимдан беҳад ҳаяжонланиб, хурсанд бўлиб турибман. Она-юртингнинг тупроғи иси бошқа жойдан топилмайди.

Ватанимиз саҳнасида куйлаш — катта бахт. Концерт дастуримизга “океан орти”дан юзлаб меҳмонлар ҳам ташриф буюряпти.

Санъат — менинг ҳаётим. Унингсиз ўтган ҳаётимни ҳам, келажагимни ҳам тасаввур қила олмайман. Ўзбекистонда туғилиб, ўсдик. Санъатнинг сирли оламига қадам қўйдик. Юзлаб ашулаларимиз ўзбек қўшиқчилик санъатининг олтин фондидан жой олди. Дунёнинг 30 дан зиёд мамлакатларида гастрол сафарларида бўлганман. У ерлардаги ўзбеклар ҳозирги кунда ҳам “Кўчалар”, “Ўрик гуллаганда”ни куйлаб беришимни сўрашади.

АҚШда ҳам “Мақом” деган кичик ансамбль тузганмиз. Турли кечалар, фестиваллар ва байрамларда иштирок этамиз. Ўзбек халқининг санъатини, маданиятини, урф-одатларини тарғиб қиламиз.

“Туркистон” саройидаги концерт дастуримизга ватандошларимизнинг қизиқиши юқорилигидан бошим кўкка етди. Ахир санъатни қадрлаган халқ тинчлик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат, маънавий комиллик йўлида жипслашади. Унинг бадиий диди ўткир, эстетик савияси юксак бўлади.

Концертимизда Шерали Жўраев, Озодбек Назарбеков, Юлдуз Турдиева каби халқимиз ардоғидаги санъаткорларнинг ҳам иштирок этиши унинг нуфузини, оммабоплигини оширишига ишонаман.

Шаҳрисабз шаҳрида илк бор ўтказиладиган Халқаро мақом санъати анжуманида ҳам қатнашишимиз бизга катта мамнунлик, юксак ғурур-ифтихор бағишлайди. Зеро, мазкур анжуман мумтоз меросимизни асраб-авайлаш, уни ёшларга безавол етказишда, хорижликлар учун эса миллий мусиқа санъати ютуқларини, анъаналарини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.

“Халқ сўзи” мухбири Дилшод КАРИМОВ ёзиб олди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Муҳаббат Шамаева: “Ўзбек санъатини, маданиятини АҚШда ҳам тарғиб қиляпмиз”