14:43 / 18.09.2018
11 649

Зарина Низомиддинова билан интервью: Мухлисларим учун "катта сюпризим" бор!

Зарина Низомиддинова билан интервью: Мухлисларим учун "катта сюпризим" бор!
Бугунги қаҳрамонимиз ўзбек киносида ўз мухлисларига эга истеъдодли актриса, гўзал чеҳра соҳибаси ҳамда энг асосийси, меҳрибон она. Унинг ижроси табиий ва сержило талқинларга бойлиги, нигоҳи жилвакорлиги билан бошқалардан алоҳида ажралиб туради. Зарина Низомиддинова бугун ўзининг қалб сирлари, ижодий фаолияти ҳақида самимий сўзлади. Суҳбат орқали актрисанинг беғубор оламини, сермазмун ижод уммонини кашф этишга уриндик.

— «Санъатнинг нони қаттиқ», дейишади. Ҳақиқатан, бу соҳа тинимсиз ишлашни, катта фидойиликни, устига-устак, доим машҳурлик юкини кўтариб юришни талаб этади. Қийинчиликларни била туриб, нима учун айнан актрисаликни танлагансиз?

— Биласиз, оиламиз санъаткорлар оиласи ҳисобланади. Катта бобом Шаҳобиддин Низомиддинов, отам Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шаҳбоз Низомиддинов санъаткор бўлишган. Оиламизда ҳамиша санъатнинг сеҳри уфуриб туради. Уч фарзанддан фақат мен санъатни танладим. Аввал бошида бу қизиқиш ва хобби эди.

Режиссёр Қамара Камалова 2006 йили мени ўзи суратга олаётган «Йўл бўлсин» фильмига кастингга чақирган. У вақтда хореография бўйича таҳсил олардим. Кино кастингдан муваффақиятли ўтдим ва фильм суратга олинди. Очиғи, Қамара опа сценарий лойиҳасини сир тутгани сабаб уни ўқиб ҳам чиқмай, фильмда роль ўйнаганман. Суратга олиш майдонида режиссёрнинг талабларини тўлиқ бажарганим боис, барчаси табиий ва таъсирли чиққан.

«Йўл бўлсин» фильми давлат мукофотига сазовор деб топилди ҳамда халқаро танловларда ҳам қатнашди. Миллий руҳда, эпик йўналишда яратилган картина ижодий жамоа, умуман, ўзбек киноси учун катта ютуқ бўлди. Кейинчалик, «Ромео ва Жульетта» фильмида ишладим. Бу лойиҳада тажрибали режиссёр Баҳром Ёқубов менга жуда кўп нарсаларни ўргатиб, ҳар томонлама йўл-йўриқ кўрсатди, маҳоратимни шакллантиришда кўмак берди.

— Иштирокингиздаги «Паризод» фильми ҳам жаҳон фестивалларида қатнашган. Негадир ҳозир сизда бундай ижролар кузтилмаяпти ёки таклифлар тушмаяптими?
— Бундай фильмлар яратилмай қўйди. Тўғри, давлат буюртмаси асосида кўп лойиҳалар қилинмоқда, аммо «Йўл бўлсин», «Паризод» сингари фильмлар салмоқли бўлиб қолди. Ҳозир ҳам таклифлар талайгина, аммо кўпчилигини рад этяпман. Биринчи навбатда, сценарийлар саёз ёзилган, иккинчи навбатда, ижодкорлар у даражада маҳоратли эмас, айниқса, профессионал режиссёрлар камайиб кетмоқда. Биласизми, кинони бутунлай бизнесга айлантириб юбориш нотўғри, бундай ҳолда ҳақиқий маҳоратга путур етади.

— Айтинг-чи, актёрни биринчи ўринда ким кашф қилади, режиссёрми ёки драматург?
— Режиссёр кашф қилади. Агар режиссёр актёрга тўғри вазифа юклаб, олий мақсад сари тўғри йўналтирса, у ҳолда актёрнинг ижро услуби шаклланади, техникаси ривожланади. Одам четдан ўзини кўролмайди, энг зўр актёр ҳам хато қилиши мумкин. Бироқ маҳоратли режиссёр барчасини сайқаллайди. Бевосита биргаликдаги ишда режиссёрнинг тажрибаси актёр позициясининг шаклланишида туртки бўлади.

— Ўзбек киносида қайси режиссёрнинг маҳоратига тан берасиз?
— Аюб Шаҳобиддиновнинг услуби ҳамда потенциалига тан бераман. «Паризод» картинасида ишлаганимда бу ижодкорнинг ўз дунёси, қарашлари борлиги сезилган.

Баҳром Ёқубовни ҳам кучли режиссёр деб биламан, ундаги ижод қобиляти ниҳоятда кенг. Баҳром ака актёр билан ишлашда уни қайтадан яратади, роль ичига олиб кириб, ҳаёт беради. Бу режиссёр билан «Ромео ва Жульетта» лойиҳасидан кейин «Фотима», «Мен юлдузман», «О, Марям, Марям» картиналарида бирга ишладим. Тан олиб айтаманки, мазкур ижролар ижодий репертуаримдаги энг яхши роллар бўлиб қолди.

— «О, Марям, Марям» картинаси мавзу жиҳатдан анчагина мураккаб. Агарда бош ролни сизга беришганда қандай талқин қилган бўлардингиз?
— Ҳар қандай ҳолатда ҳам режиссёрнинг талабидан, чегарасидан чиқиб кетолмайсиз, у, барибир, ўзи кўзлаган марра сари актёрни бошлайди. Тўғри, агар бош қаҳрамон талқини менга берилганда бошқача ижро чиқарди, бироқ кино асарнинг тайёр бўлишида режиссёрнинг маҳорати катта роль ўйнайди. Суратга олиш майдонида унинг қаричлари билан натижанинг сарҳисоби ўлчанади.

— Зарина Низомиддинова ўзбек киносида маҳоратли, ўзига яраша тажрибали актриса сифатида тилга олинади. Ваҳоланки, санъат йўналишида энди таҳсил олмоқдасиз, сизнинг даражангизда балки, бу керак эмасмиди?
— Менга маслаҳат беришди ва ўқишга кирдим. Ҳозирда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида иккинчи мутахассислик бўйича актёрлик йўналишида таҳсил олмоқдаман. Олий таълимда ўқиб, кўп билим тўпладим. Устозларим Замира опа, Рамзиддин Қодиров, Арсен Исмоиловлар доим мени қўллаб-қувватлашади.

— Шахсий ҳаётингиз, оилангиз ҳақида суҳбатлашсак…
— Мен катта ҳаётга жуда эрта кириб келганман. Турмуш қурганимда ўсмирлик ёшида эдим. Ҳозирги айрим келин бўлаётган қизларни кўрсам, «Бунча эрта, ҳали ёшгина бўлиб, келин бўлишяпти?» деган ўй ўтади, аммо ўйлаб қарасам, мен ҳам айни ўсмирлигимда келин бўлганман. Катта ҳаётга эрта қадам босганимдан сира афсусланмайман, бугун ўн ёшли ўғлим бор. Худога беҳисоб шукрлар айтиб яшайман.

Темурхон ҳаётим мазмуни, унга меҳрибон она бўлишга интиламан. Ҳозирда кўп вақтимни фарзандимга сарфлаяпман.

— Ўғлингиз келажакда қайси соҳа эгаси бўлишини истардингиз? «Ҳар бир онанинг тилаги ижобат бўлади», дейишади.
— Мен Темурхоннинг футболчи бўлишини истайман. Ҳозирдан у мунтазам футбол машғулотларига қатнашади. Ҳаракатчан, тиниб-тинчимас бола (кулади). Тўғри айтдингиз, онанинг истаги, чин кўнгилдан қилган дуоси, албатта, ижобат бўлади. Мен фарзандим билан доим фахрланиб юраман.

— Айни кунларда қандай лойиҳаларда ишламоқдасиз?
— Кинога таклифлар кўп, ҳозирда иккита сценарий ёққандай бўлиб турибди. Аммо бу сир бўлгани маъқул. Яна бир янгилик, олдинда катта иш бошладим. Опам Моҳинур Низомиддинова кўмагида шахсий продюсерлигимда «Зумрад» номли янги фильм яратмоқчимиз. Режиссёр Санжар Маткаримов, сценарийни опам ёзган. Бу лойиҳа мухлисларим учун катта сюрприз бўлади.

— Нима учун айнан бу режиссёрни танладингиз?
— Санжарнинг йўналиши ва услуби менга ёқади. У ёш бўлишига қарамай талабчан ва серғайрат ижодкор, доим ўз ишига масъулият билан ёндашади. Насиб қилса, ҳамкорлигимиз ижобий натижалар беради, деган умиддаман.

— Партнёр сиз учун қай даражада муҳим? Қайси партнёрларингиз билан яна ишлашни истардингиз?
— Мен ҳамма партнёрларимни ҳурмат қиламан. Ролнинг муваффақиятли чиқишида ўзаро ҳамжиҳатлик, ҳар жиҳатдан ўзаро мослик жуда муҳим ўрин тутади. Профессионаллик мураккаб ижроларда шаклланади. Янги лойиҳамда эса партнёрим дебютант актёр.

Биласизми, кинога янги чеҳраларни олиб кириш керак. Томошабин ҳам бир хил юздан зерикиши мумкин. Шу сабаб ёш дебютант актёр билан ишни бошламоқчимиз. Тез орада унинг кимлиги маълум бўлади.

— Хориж фильмларини ҳам томоша қиласизми?
— Албатта, Голливуд фильмларининг ашаддий мухлисиман. Яқинда «Мўъжиза» номли янги драмани кўриб, катта завқ олдим. Тан олиш керак, хориж кино санъати анча ривожланган. Улардан бизнинг мутахассислар ўрганадиган жиҳатлар жуда кўп.

— Самимий суҳбатингиз учун ташаккур!
Достонбек РАҲМАТУЛЛАЕВ суҳбатлашди.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Зарина Низомиддинова билан интервью: Мухлисларим учун "катта сюпризим" бор!