02:10 / 28.10.2018
3 748

Ромитанлик санъаткорлар солиққа тортишдаги адолатсизликдан шикоят қилишди (видео)

Ромитанлик санъаткорлар солиққа тортишдаги адолатсизликдан шикоят қилишди (видео)
26 октябрь куни Бухоро вилояти Ромитан туманидаги бир гуруҳ санъаткорлар “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси ҳамда туман давлат солиқ инспекциясига видеомурожаат билан чиқишди.

Мурожаатда ижодий гуруҳдаги ҳар бир хонанда, созандалар алоҳида-алоҳида лицензия олишга мажбурланаётгани, аммо Тошкентдаги санъаткорларнинг топиш-тутиши вилоятдаги туман-шаҳарларникидан кескин фарқ қилиши, шунга қарамай республика миқёсидаги санъаткорлар билан маҳаллий санъаткорларга бирдай солиқ солинаётгани ҳақида сўз боради.

“Биз санъаткорлар халқимизнинг яхши кунида хизмат қилиб келмоқдамиз. Лекин “Ўзбекнаво” (ҳозир бу ташкилот “Ўзбекконцерт” деб аталади ) ҳамда туман давлат солиқ инспекцияси томонидан қилинаётган ҳаракатлар бизни қийин аҳволга солиб қўймоқда. Туманимиз санъаткорлари бугун бу борада ўз эътирозларини билдиришмоқчи”, – деб бошланган видеомурожаат.

Бу ҳолат юзасидан “Turon24” АА мухбири Бухоро вилояти Ромитан тумани давлат солиқ инспекцияси билан боғланди. Инспекция бошлиғининг сўзларига кўра, туманда “Ўзбекконцерт” ҳамда туман давлат солиқ инспекцияси томонидан қўшма рейд ўтказилган. Рейдда тумандаги санъаткорларнинг баъзиларида лицензиясиз фаолият юритиб келаётгани аниқланган. Лицензияси бор санъаткорларнинг эса жамоаси таркибидаги созандаларнинг кўпчилигида бундай ҳужжат йўқлиги маълум бўлган. Бундан санъаткор ва созандаларнинг мусиқий асбоблари олиб қўйилган. “Бу ҳолат қонунан тўғри, чунки уларда рухсатнома йўқ”, – дейди инспекция бошлиғи.

Ромитан тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Turon24 мухбирининг “Бир гуруҳ санъаткорларнинг мурожаатига қандай жавоб берасиз?!” – деган саволига: “Улар бу вазиятда ҳақ эмас, чунки олдин тегишли рухсатномаларни олишлари лозим”, – дея жавоб берган.

Бу вазият юзасидан Turon24 мухбири “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси Бухоро вилояти бўлими раҳбари Дилмурод Хўжаев билан боғланганда эса раҳбар қуйидагича изоҳ билдирган: “Ромитанликларнинг бундай талаб билан чиқиши тўғри. Боиси Ромитан туманида ҳар бир гуруҳ битта хизмат учун 400 минг сўмдан 800минг сўмгача ҳақ олишади. Гуруҳда эса камида 4 тадан вакил бўлиб уларнинг ҳар бири бугунга келиб алоҳида солиқ тўлашига тўғри келмоқда. Бу эса айни пайтдаги даромадга қаралса, имкони йўқ нарсадир”.

“Ўзбекконцерт” давлат муассасасининг Ромитан туман бўлими инспектори Бобур Норовнинг айтишича, туманда яқин-яқингача 14 та ижодий гуруҳ бўлган. Соҳадаги қийинчиликлар туфайли 10 та гуруҳ қолган, шундан ҳам ҳозир 9 тасигина фаолият юритмоқда. 10-гуруҳ вакиллари эса божларни тўлолмаганлик сабабли хорижга чиқиб меҳнат қилишга мажбур бўлишмоқда. Бугунги кунда туман санъаткорларининг солиқларни тўлаш учун имкони йўқ.

“Биз бу вазиятни тушунамиз”, – дея туман давлат солиқ инспекцияси бўлим бошлиғи ўринбосари Мурод Сафоев вазиятга изоҳ берган. – Аммо Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 декабрдаги 354-сонли қарорига асосан гуруҳнинг аъзолари барча турдаги тўловларни тўлаши керак. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 январдаги 6-сонли қарорида ҳам бу кўрсатиб ўтилган”.

Ромитанлик санъаткорларнинг видеомурожаати
“Биз санъаткорлар халқимизнинг яхши кунида хизмат қилиб келмоқдамиз. Лекин “Ўзбекнаво” (ҳозир бу ташкилот “Ўзбекконцерт” деб аталади ) ҳамда туман давлат солиқ инспекцияси томонидан қилинаётган ҳаракатлар бизни қийин аҳволга солиб қўймоқда. Туманимиз санъаткорлари бугун бу борада ўз эътирозларини билдиришмоқчи”, – деб бошланган видеомурожаат.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Ромитанлик санъаткорлар солиққа тортишдаги адолатсизликдан шикоят қилишди (видео)