06:30 / 17.12.2018
9 281

«Кино оламидаги хотинимсан, дерди» ёхуд Обид Асомов ҳамкасблари хотирасида (фото)

«Кино оламидаги хотинимсан, дерди» ёхуд Обид Асомов ҳамкасблари хотирасида (фото)
Фото: «Дарё»
Аввалроқ сўз устаси, актёр, хонанда, рассом ва режиссёр сифатида халқимиз қалбидан чуқур жой олган Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Обид Асомов вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. «Дарё» мухбири Миролим Исажонов марҳумнинг қадрдон ҳамкасблари билан боғланди ва улар Обид Асомов билан боғлиқ унутилмас хотираларини ёдга олди.

«Ҳамманинг кўнглини ола биларди»
Мирзабек Холмедов, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист


- Раҳматли Собит Асомов билан муносабатларимиз яхшилиги боис 1985 йили Бенков номидаги рассомлик билим юртини эндигина тамомлаган Обиджоннинг олдига бордим. У расмимни чизиб, шахсий ташриф қоғозимни қисқа вақт ичида тайёрлаб берган. Ўша пайтда у чиқишларимни томоша қилишини айтиб, ижодим тўғрисида ўз фикрларини билдирган. Илк танишувимиз ва алоқаларимизнинг бошланиши шу учрашув бўлган. Бир неча йилдан кейин Собит ва Обид Асомовлар, Тўхтамурод Азизов, Ботирхўжа Муҳаммадхўжаев билан бирга «Кўзгу» театрини ташкил қилдик. 1993 йилдан бошлаб у ўз шогирдларини жамлаб, «Обид-А» театрини тузди. Мен ҳам шогирдларим билан ижод қилишда давом этдим. Шундай бўлса-да, йиллар мобайнида аҳиллигимиз янада мустаҳкамланди, ака-укадек бўлиб қолдик. Ўнлаб фильмларда, дубляж жараёнларида, концертларда иштирок этдик. Дунёнинг бир қанча мамлакатларида ижодий сафарларда бўлдик. «Обид шоу», «Тўйлар муборак», «Қовун тушди» каби кўрсатувларида ҳамкорликда ижод қилганмиз. У ширин сўз айтиб, ҳамманинг кўнглини оладиган, ташкилотчи инсон эди. Обиджон асл сўз устаси бўлиб, гап-сўзи ҳамиша тайёр турарди. Жумлаларни бир-бирига боғлаб, ҳар қандай вазиятда ҳам латифалар айтишига қойил қолардим.

У билан сўнгги бор «Севимли» каналида эфирга узатиладиган «Эслаб» кўрсатувининг менга бағишланган сонини суратга олиш пайтида кўришгандик. Туғилган кунимга яқин шифохонага ётиб қолди. 13 декабрь куни телефонда гаплашганимда, «Ака аҳволим яхши, бугун-эрта шифохонадан чиқаман», деганди. Аммо 14 декабрда кечга яқин омонатини топширди. Обиджон билан «Кулиш шарт» кўрсатуви орқали дунёнинг кўп давлатларига бормоқчи эдик. Лекин бу армонга айланди. Илоҳим охирати обод бўлсин!

«Истарали ва дангал инсон эди»
Фотима Режаметова, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист


Фото: «Дарё»

- Обид Асомовни талабалик давримдан яхши билардим. Бирга собиқ Тошкент давлат театр ва рассомлик санъати институтида ўқиганмиз. «Олашақшақ», «Тоҳир ва Зуҳра», «Ада эмас дада», ўтган йили Янги йил байрами муносабати билан суратга олинган «Зумрад ва Қиммат» сингари ўнлаб фильмларда партнёр бўлганмиз. Ҳазиллашиб «Сен кино оламидаги хотинимсан», дерди. У санъат учун яратилган ва ўз касбининг ҳақиқий устаси эди. Айрим қизиқчилар одамларнинг гапларини териб ёки бўлмаса хориж латифаларини таржима қилиб, саҳнага чиқишади. Обид Асомовнинг эса ичидан қизиқарли ва ҳаётий ҳикоялар қуйилиб келарди. Сохталикни сира ҳис қилмасдингиз. Ҳаётда ҳам чегарадан чиқмай, бачканаликдан йироқ ҳолда чиройли ҳазил-ҳузул қилишни қойиллатарди. Жуда ҳам истарали ва дангал инсон эди.

«Тоҳир ва Зуҳра» фильмининг тасвирга олиш жараёнида таниқли бир нашр мухбирлари съёмка майдончасига боришган ва Обид акани бўёқлар орқали қон ҳосил қилиниб, безатилган қиёфасини суратга туширишган. Орадан бир неча кун ўтиб, ўша расм остида «Обид Асомов вафот этибди», деган гап-сўзлар ёзилган газета саҳифалари пайдо бўлди. Ўшанда Қорақалпоғистонда ижодий сафарда эдим. Дарров Обид акамга алоқага чиқиб, ҳол-аҳвол сўрадим. Соппа-соғ эканлигини ва журналистлар шунчаки миш-миш чиқаришганини билгач, кўнглимдаги хавотир тарқалган. Бу галги нохуш хабар ҳам мени ваҳимага солиб қўйди. Ўша заҳоти қўл телефонига қўнғироқ қилиб, боғлана олмадим ва интернет сайтларида дунёни тарк этганини ўқигач, кўзларимдан ёшлар қалқиди. Ҳалигача унинг ўлганига ишонгим келмаяпти. Бу ҳам навбатдаги ҳазил бўлиб чиқишини истаяпман.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » «Кино оламидаги хотинимсан, дерди» ёхуд Обид Асомов ҳамкасблари хотирасида (фото)