13:53 / 03.08.2019
5 452

Самарқандда яна бир «Гўри Амир» борлигини биласизми? (фото)

Самарқандда яна бир «Гўри Амир» борлигини биласизми? (фото)
Фото: Zarnews
Самарқанддаги Амир Темур мақбараси ортида жойлашган Оқсарой камида Амир Темурнинг ўғилларидан бири ёки унинг қаторида турадиган улуғ одам, саркарда учун қурилган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда, деб хабар беради Zarnews.

«Мазкур тарихий бино ҳақида ҳали кўпчилик билмайди. Ўзим ҳам илк бора яқинда, Намангандан келган меҳмонларимни олиб борганда кирдим», — деб ёзади Каримберди Тўрамурод.

Оқсаройнинг тузилиши Амир Темур мақбарасига ўхшаш, яъни биринчи қаватда зиёратхона, асосий қабрлар эса пастда, ертўлада. У ерга ҳам худди Амир Темур мақбарасидагидек, айланма зиналардан тушилади. Бу ерда ҳам кейинчалик пастга тушиш учун зинали йўлак қилинган. Пастдаги ҳарорат доимо мўътадил ва ҳарорат 45 даражадан юқори бўлган кунларда ҳам пастга тушган кишининг салқин ҳаводан эти жунжикади.

Фото: Zarnews


Фото: Zarnews

Археологик қазишмалар чоғида бу ердаги қабрлардан биридан бошсиз жасад топилиши мақбара Мирзо Улуғбекнинг ўғли Абдуллатифга тегишли, деган тахминга боришга ҳам сабаб бўлган, аммо мақбаранинг қурилган йиллари ва тарихий воқеалар ўртасидаги номутаносиблик бу тахминни йўққа чиқарган.

Мақбаранинг ертўла қисмида бир неча қабрлар бўлиб, улардаги жасадлар яхши сақланмагани боис иккита рамзий қабрни тиклаб қўйилган. Мақбара деворлари ва гумбазига ишлатилган нақшларни ҳам тиклашнинг имкони бўлмаган, бу нақшлар ўта ноёб ва нафис усулда ишланган. Зиёратчи ва сайёҳлар буни ҳис қилишлари учун мақбара деворининг бир қисмида асл нақшлардан намуна қолдирилган ва мақбарани маҳаллий усталар Самарқанд меъморчилик анъаналари асосида бутунлай янгидан безашган.

Фото: Zarnews
Ҳозирда Оқсарой мақбараси ва бу ерга дафн қилинган зотлар тарихини ўрганиш юзасидан фаол илмий изланишлар олиб борилмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Самарқандда яна бир «Гўри Амир» борлигини биласизми? (фото)