Баҳора Арслонова: “Тарихий ролларни ўйнаш - энг катта орзуйим”

  • 21 октябрь 2019, 11:37
  • 1 090
  • Маданият
  • Баҳора Арслонова: “Тарихий ролларни ўйнаш - энг катта орзуйим”
    Актриса Баҳора Арслонова кино оламида ўз ўрнига эга бўлиб бораётган ёш актрисаларимиздан бири саналади. Унинг санъатга кириб келиши, ижро этаётган роллари, ижодий фаолияти, ҳаёт тарзи ва ҳаётий қарашлари ҳақидаги суҳбатимизни Сизларга ҳавола қиламиз.

    - Биринчи саволим озгина ноўрин бўлади, лекин бирибир айтилиши керак, Ҳошим Арслоновнинг кими бўласиз, қизими, жияними?
    - Ҳошим Арслонов устозим бўладилар, айтишадику “устоз отангдай улуғ”, деб. Биз кўпгина киноларда бирга ўйнаганмиз, ота-қиз ролини ҳам ижро этганмиз, шунинг учун кўпчилик ўйлашади: Ҳошим Арслонов Баҳора Арслонованинг отаси. Йўқ бундай эмас. Устозим жудаям яхши инсон, саҳнага қадам қўйишимга оз бўлсада ҳиссаси бор, қандай китоблар ўқишим керак, образга қандай киришиш керак булар ҳақида жуда кўп маслаҳатлар берганлар. Ўша учун улардан жуда миннатдорман.

    - Шу кунларда талабгор актрисалардан бирисиз...
    - Билмадим, кастингларга борамиз, танлашади. Кастингдан ўтолмасак ҳам хафа бўлмаймиз, чунки биздан кейин келаётган авлод бор, уларгаям йўлни очиш керак. Кастинглардан ўз кучимиз билан ўтганмиз, улар ҳам ўз кучи билан ўтишини истаймиз. Нега бундай деяпман, чунки кўпинча кастингга борамиз, айрим кастинглар кастинг эмасдек туюлади одамга, қанақадир носамимийлик бор. Биласизми нима, шу санъат ичида бўлсам ҳам мени кастингга чақиришадиган бўлишса 3-4 кун олдиндан ҳаракат қиламан, меҳнат қиламан, ўша ролни ўқиб чиқаман, устида ишлайман.
    Кастингга борганимдан кейин, энг алам қиладиган нарсаси, гоҳида ўқиган, иқтидорли инсонлар эмас, ўқимаганлар ўтадида. Агар танланган одам иқтидорли бўлса алам қилмайди, лекин иқтидордан кўз юмишса қалбингиз оғрийди. Албатта бу инсон мен бўлишим керак, демоқчи эмасман, санъатни биладиган, тушунадиган, шу соҳада ўқиган одам бўлиши керак, деган фикрдаман.

    - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зуҳра Ашурова “қўғирчоқларни жонлантиришдан чарчадим” деганди, суҳбатларини бирида. Тўғри янги қиёфалар кашф этилиши керак, аммо у истеъдодли бўлиши шарт. Мухлисларимиздан бири сизга савол йўллаган “Фидойилар” сериалида шифокор ролини ўйнагансиз, ўшанда қишлоққа борганингизда ноқулай вазиятларда қолгансиз, яъни сиз ўйнаган қаҳрамон қолган. Қандай қилиб бу ролни танлагансиз, қиз боласиз гап-сўзлардан қўрқмагансизми?
    - Катта санъатга, умуман кино оламига кириб келишим “Фидойилар” сериали билан бошланган. Сериалда Шоирахон образини ижро этганман, 19 ёш бўлиб 27-28 ёшли, шифокор қиз ролини ижро этганман. Тўғриси, бир оз қийин бўлган ўзимдан катта қиз ролини ўйнаш. Касалхоналарга бориб, шифокорларни кузатганман, улар билан суҳбатлашганман. Ўзимни касалликка солганман ҳатто.
    Чунки, уларнинг кўз қараши қанақа, беморга қандай қарайди, қандай муомила қилади, буни ўрганишим керак эди. Сёмка жараёнларига келсак, ҳатто режиссёрдан бақиришлар ҳам эшитганман, йиғлаган вақтларим ҳам бўлган (кулади). Сериал режиссёри Абдухалил Мигноровга “мен чиқариб беролмайман, мен санъат йўлини нотўғри танладим, шекилли”, деган вақтларим ҳам бўлган. Лекин бари яхшиликка бўлган. Устоз шогирдида қобилият борлигини билса талаб қилаверар экан, буни вақтлар ўтиб англаб бораяпман.

    - Сир бўлмаса қанча гонорар олгансиз ўша сериалдан.
    - Жудаям кам олганман, келинг айтмай қўяқолай.

    - Майли. Ижобий ролни ижро этиш осонроқми, салбий ролними?
    - Салбий ролни ижро этиш жудаям қийин, санъатда ўқиганлар буни яхши билади. Салбий рол сизнинг характерингизга қарама-қарши рол-да. Салбий ролни ҳамма ҳам ўйнолмайди. Салбий ролни маромига етказиб ижро этадиган Шодия Тўхтаевани жуда ҳам ҳурмат қиламан, меъёрига етказиб ўйнайди. Салбий ролни ижро этишда меъёрни ошириб юборишингиз ҳам керак эмас, бу энг катта талаб. Салбий ролни шунақа ўйнашингиз керакки, ана шу ролни томошабин яхши кўриб қолиши керак. Менга “Ёдгор” сериалида салбий рол - опасини кўролмайдиган қизни беришган, лекин томошабин мени яхши кўриб қолган, чунки кўзим сотиб қўйганда мени (кулади).

    - “101- рейс” фильми ҳақида ҳам гапириб беринг, бу кинода Ҳошим Арслонов билан бирга рол ижро этдингиз.
    - Бу фильмда Ҳошим Арслонов бош ролни ижро этдилар, мен бундан жудаям хурсандман. Бош қаҳрамон деганда, биз одатда ёш қиз ёки ўғил болани кўз олдимизга келтирамиз, лекин бу фильмда бошқача. Чет эл фильмларини кўрадиган бўлсангиз асосий қаҳрамонлар ёши катталар бўлади, чунки улар ҳаётий тажрибага эга. Лола Элтоева ҳам бу фильмда суратга тушди, мен бундан жудаям хурсандман, мен уларнинг орқасидан “қочиб қооол” деб ўтиб кетсам ҳам майли (кулгу бўлади). Орқасида фон бўлиб турсам ҳам майли. Устоз санъаткорлар билан шундай фильмда бирга рол ижро этиш, бу -бахт.

    - Рақобатчиларингиз ким?
    - Санъат институтини энди тугатаётган қизлар менинг рақобатчиларим, чунки улар янгиликларга, янги жараёнларга тайёр, санъатни севадиган, ўз устида ишлаётган, тўхтаб қолмаган ёшлар.

    - Қорақалпоғистонлик мухлисимизнинг саволи: киноларда, сериалларда ўзингиз йиғлайсизми ёки сунъий дорилар ёрдамида йиғлатишадими?
    - Юрак ишласа йиғи ўз-ўзидан келади. Қаерда йиғи келиши эса юракнинг ишлашига боғлиқ.

    - Баҳора ўтган йили турмушга чиқдингиз, қайси вилоятга? Асли Қашқадарёлик эканлигингизни биламиз.
    - Тўғри, асли Қашқадарёликмиз, лекин Тошкентда катта бўлганмиз, шу ерда мактабга, коллежга, институтга бордик. Самарқандга келин бўлдим. Тўғрисини айтсам, Самарқандни жуда яхши кўрардим. Адолатсизликка учрасам, ишларим юришмай қолганда ҳам Самарқандга борардим, тарихий обидаларни зиёрат қилардим ва у ердан ҳар доим яна асл Баҳорага айланиб қайтганман.

    - Баҳора жуда содда, самимий ва ёқимтойсиз. Одамлар хислатларини ота онасидан олишади. Отангиздан ва онангиздан олган иккита яхши фазилатингиз ҳақида айтоласизми?
    - Масалан, дадам ҳақиқатни одамни юзига айтади, мен ҳам ҳақиқатни жойида айтишни маъқул кўраман, бу дадамдан ўтган, кейин сал ўйқучироқман, бу ҳам дадамдан ўтган (кулади). Онам бир жойга чақирилганда, бировга ваъда берганда вақтида бажаришни, вақтида боришни кўп ўқтирарди, бу хислатим онамдан ўтган.

    - Тўғри бугунги учрашувимизга вақтида келдингиз, демак бу онангиздан ўтган. Баҳора, яна бир мухлисимизнинг саволи: қандай ролни ижро этишни хоҳлардингиз?
    - Тўғриси ҳали ўзим хоҳлаган ролни ижро этганим йўқ. Мен тарихимизни жуда яхши кўраман, тарихий образларни- Бибихоним, Хонзодабегим, Нодирабегим, Увайсий, Зулфия ролларини ижро этишни хоҳлар эдим... лекин.... Кастингларга бордим- Зулфия, Нодирабегим роллари учун, лекин санъатдаги қизларни олишгани йўқ. Нодирабегимга клипларда суратга тушиб юрган қизни олишди, энди билмадим, балки у тўғри келгандир шу ролга. Биз санъаткорлар орзу қиламиз, мана шундай ролларни ўйнашни.
    Масалан, мен 9 йил ўқидим санъат институтида, нима учун ўқидим?! Мен бошқа ролларни камситмоқчи эмасман, улар ҳам ҳаётий роллар, лекин тарихий ролларни ўйнаш кўпгина актёр, актрисаларни, шу жумладан менинг орзуим. Қолаверса, бу ролларни ижро этишдан олдин тарихий аёлларнинг ҳаётини, нима ишлар қилганлигини билиш керак, тарихни ўқиш керак, образни ишонарли қилиб гавдалантириш учун санъат институтида олган билими ҳам керак, менимча. Санъат институтига кирган ҳар битта талаба бу асарларни ўқийди, ролларини ижро этади, монологларни ўқийди.

    - Баҳора ҳали бу орзуларингизни амалга оширишга вақт бор. Чунки бизда Бибихоним, Хонзодабегим, Тумарислар бор ва бу асарлар катта- катта саҳна асарлари, фильмлар бўлиши керак ҳамда бу ролларни ижро этадиган истеъдодли, билимли актрисалар зарур. Баҳора иқтидорли актёрни ким кашф этади, режиссёрми ёки актёрми?
    - Актёр пластилин бўлиши керак, режиссёр уни секин-секинлик билан ясайди. Айтмоқчи бўлганим, режиссёрда ҳам актёрда ҳам қобилият бўлиши керак. Ана ўшанда бир бўлиб, бутун дунёни эгаллаши мумкин.

    - Энди қисқа саволлар бераман, сиз ёқтирган таом, ранг ва мусиқа.
    - Ҳамма ўзбек таомларини яхши кўраман, рангларни ҳам ҳаммаси ёқади, чунки ҳар бири кайфиятингизни қай даражададир ифодалайди, мусиқадан- сокин мусиқаларни тинглашни яхши кўраман.

    - Охирги марта қачон йиғладингиз?
    - Икки кун бўлди.

    - Тонгда сизни ўйғотадиган самимий қўнғироқ эгаси ким?
    - Ҳеч ким ўйғотмайди, Азон овозидан уйғонаман.

    - Бизнинг суҳбатдошимиз Баҳора Арслонова эди. Орзуингиздаги фильмлар, орзуингиздаги қаҳрамонлар ҳақида гапирдингиз, албатта истакларингиз амалга ошади, чунки истаклар моддиятга айланади. Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.
    К.Пардаева суҳбатлашди.

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Баҳора Арслонова: “Тарихий ролларни ўйнаш - энг катта орзуйим”