Баҳора Арслонова “Эл-юрт фахри” нишони билан тақдирланди (фото)

Актриса Баҳора Арслонова ўзининг Instagram саҳифаси орқали мухлислари билан қувончли янгиликни бўлишди. У “Эл-юрт фахри” кўкрак нишони билан тақдирлангани ҳақида хабар бериб, бу эътироф унинг меҳнатига берилган катта баҳо эканини таъкидлади.
Актрисанинг ёзишича, у мукофотни шахсан қабул қилиб олишга бора олмаган, чунки айни пайтда Наманганда ўтказилаётган Гуллар фестивалида иштирок этаётган эди. Шунга қарамай, унинг яқинларидан бири — синглиси саҳнада унинг номидан мукофотни қабул қилиб олган.
Баҳора Арслонова ушбу воқеани катта қувонч билан қарши олиб, бу ютуқ қалбида алоҳида фахр ва ифтихор туйғусини уйғотганини қайд этди. У ўз постида меҳнатнинг қадри билиниши энг катта мукофот эканини, шунингдек, Аллоҳга ва ўз кучига ишониш муҳимлигини ёзиб қолдирган.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса актрисани самимий табриклаб, унинг ижодий фаолиятига янада муваффақиятлар тилашмоқда.
