15 нафар ёш ўзбек киноижодкорлари Болливудда малака оширади

15 нафар ёш ўзбек киноижодкорлари Болливудда малака оширади
«Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовнинг Ҳиндистон элчиси Сантош Жа билан мулоқотида эришилган келишуви орқали Ҳиндистоннинг 2019-2020 йилларга мўлжалланган техник ва иқтисодий ҳамкорлик дастури доирасида 15 нафар ёш киноижодкорларимиз Ҳиндистонда кино соҳасида малака оширадиган бўлди.

– Ушбу дастур ўзбекистонлик номзодларни барча ўқитиш харажатларини қоплайди, – деди Сантош Жа учрашув чоғида, – Бундан ташқари, индивидуал дастурларни ташкил қилиш, 2-3 ойлик кинематография курсларини ўташга имкон беради.

Фирдавс Абдухолиқов Бухоро ва Хивада амалга оширилаётган иккита ҳинд кинолойиҳаси ва Агентликнинг яқин келажакда режалаштирилаётган Ҳиндистон билан боғлиқ лойиҳалари ҳақида гапирди. Жумладан, режиссёр Ж. Қосимов суратга олаётган «Ибрат» фильмининг айрим эпизодлари Ҳиндистонда суратга олиниши режалаштирилган.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан қайта тикланаётган Тошкент кинофестивали ҳақида ҳам сўз борди. 1968-1992 йиллар давомида, ҳар икки йилда бир маротаба ўтказиб келинган Тошкент кинофестивалида ҳинд киносининг Раж Капур, Шиям Бенегал, Шабана Азми сингари сўнмас юлдузлари ҳам иштирок этишган.

Учрашув давомида томонлар 2020 йилда Ҳиндистонда «Ўзбекистон киноси кунлари» ҳамда юртимизда «Ҳинд киноси кунлари»ни ўтказиш зарурлигини таъкидлади.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар