11:20 / 16 марта 2020
2 356

Москвада Муниса Ризаева иштирокидаги концерт бекор қилингани норозиликларга сабаб бўлди

Москвада Муниса Ризаева иштирокидаги концерт бекор қилингани норозиликларга сабаб бўлди
Фото: «SB.uz»
Хонанда Муниса Ризаева ва озарбайжонлик қўшиқчи Uzэйир Меҳдизоданинг 8 март куни Москвада ўтказилиши режалаштирилган концерти тақдим этилмади. Бу ҳолат концертга чипта сотиб олган мухлислар, шунингдек, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг норозилигига сабаб бўлди.

«Дарё» мухбири Миролим Исажонов мазкур вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Муниса Ризаеванинг маъмури Дилмурод Сатторовга мурожаат қилди. У ташкилотчилар зарур техник воситалардан бирини топа олмагани учун, концерт апрель ойи ўрталарига қолдирилганини маълум қилди.

«Тармоқларда тарқалаётган ‘Муниса билет олганларни чув туширди’, ‘ухлатди’, деган мазмундаги ҳар-хил гап-сўзларнинг барчаси асоссиз. Бу Мунисанинг яккахон дастури эмас эди. Ташкилотчилар Муниса ва Uzэйир иккаласи иштирокида 2,5 соатлик концерт уюштиришни белгилашганди. Унда Муниса бир соату 15 дақиқа қўшиқ айтарди, холос. Биз ҳеч нарсага аралашмаганмиз. Барчаси ташкилотчилар зиммасида бўлган. Агар дастур Мунисанинг бир ўзига тегишли бўлиб, концерт ўтказилмаганида, турли шубҳаларга бориш мумкин эди», — деди у.

Унинг таъкидлашича, Москвадаги концерт ташкилотчилари Ўзбекистон Маданият вазирлиги вакиллари билан учрашиб, қонуний шартномалар имзоланган. Хонанда бу концерт учун гонорар олмаган, хизмат ҳақи концерт бошланишидан бир неча соат аввал тақдим этилишига келишилган эди.

Дилшод Сатторовнинг алоҳида қайд этиб ўтишича, билет олганларга маблағлари қайтарилмоқда.
«Кўпчилик билетни интернет орқали харид қилган экан. Ташкилотчилар онлайн билет сотиб олганлар ҳисоб рақамига пулларни ўтказишни бошлаган. Нақд пулга билет харид қилганларга ҳам пуллари қайтарилади ёки апрелдаги концертга билет берилади. Қисқаси, қўлида билети борлар сира хавотирланишмасин. Ҳеч ким ‘ухлатиб’ кетилмайди, ҳамма рози қилинади. Кимда-ким билет пулини ололмаётган бўлса, бизга ёки ташкилотчиларга мурожаат қилсин. Уларга пуллари юз фоиз қайтарилади», — дея қўшимча қилди Сатторов.

Муниса Ризаева концерт Москва
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)