date
views 3 694

Уйдан чиқмагин болам

Уйдан чиқмагин болам
Наргиза Камалова
УЙДАН ЧИҚМАГИН БОЛАМ

ЎҒИЛ: Кеча ёмғир бизда зўр ёғди...
Қишлоқда ҳам ёғдими она?
Бедаларнинг бўйи чўзилиб,
Ўримларга кирдими она?
Укам уйда мазза қилгандир?
Чиллик, кураш авжида бўлса.
Ҳовлимизни, ширин укамни.
Жуда-жуда соғиндим она!

ОНА: Ёмғирлар ҳам ёғиб ўтмоқда,
Бедалар ҳам иккинчи ўрим.
Уканг уйда, китоб қўлида.
Ҳаммамиз ҳам тинчлик йўлида.
Биз ҳам сени соғиндик бирам,
Уйда ўтир, чиқмагин болам!

ЎҒИЛ: Холам бетоб бўлиб қолибди,
Бориб хабар олингда она.
Новвос боқиб юрганди тоғам,
Даромади яхшими она?
Бўлар эди варрак мавсуми,
Мавсумлар ҳам ўтдими она?
Жуда-жуда зерикиб кетдим,
Мен сизларни соғиндим она!

ОНА: Холанг анча тузалиб қолди,
Телефонда сўрадим болам.
Тоғанг яхши, у ҳам саломат,
Тинчлик катта даромад болам.
Мавсумларни соғинган бўлсанг,
Ҳали ўзинг келарсан болам.
Дийдор агар истаган бўлсанг,
Уйда ўтир, чиқмагин болам.
Сенга биздан катта саломлар,
Омонликни тилайман болам.
Ҳаёт давом этаверади,
Уйда ўтир, чиқмагин болам!

Муаллиф: Наргиза Камалова
"Олтин қалам"Миллий
мукофоти совриндори
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Уйдан чиқмагин болам