
Жисмингни уйғотар, қўлидан келса,
Жонда ирфонингни уйғотсин соат.
Соатга ишониб, Ҳақни унутдинг,
Руҳий қўрғонингни уйғотсин соат.
Неча асру замон, босмайин зиллат,
Соатсиз уйғонди ҳаниф бир миллат*,
Жонингни ғафлатга қилмай мусаллат**,
Асру замонингни уйғотсин соат.
Ҳар кун, ҳар дақиқанг – эҳсонинг эрур,
Қайтмас то қиёмат – имконинг эрур,
Қалбинг – тан мулкида султонинг эрур,
Ғофил султонингни уйғотсин соат.
Соат бу – вақт эрур, замон бўлаги,
Қиёмат кунининг номи – дараги,
Ухласа, уйғонар инсон юраги,
Ўлган виждонингни уйғотсин соат.
Эй дўст! Умринг ўтди, куймади жонинг,
Ҳақиқат зикрига гунгдир забонинг,
Ғафлат билан ўтди давру давронинг,
Давру давронингни уйғотсин соат.
Қўнғироқ чалмасдан соат сиёқи***,
Умрингни уйғотсин қалб қўғироғи,
Соатга айланиб ҳикмат булоғи,
Руҳсиз маконингни уйғотсин соат.
Илоҳий ҳақиқат руҳда тўлғонар,
Инсон уйқудадир, ўлгач – уйғонар,
Ўлим бонгин урмай руҳий долғалар,
Бу жонсиз жонингни уйғотсин соат.
Йўқ, соат кимсани уйғотмас зинҳор,
Оламни, соатни Уйғотгувчи бор,
Ҳақнинг изни ила, фақат сўнгги бор
Мудроқ иймонингни уйғотсин соат!..
*”Ҳаниф бир миллат” – Аллоҳни бир деб яшаган тавҳид миллати, яъни мусулмонлар.
“Жонингни ғафлатга қилмай мусаллат” – “Жонингни ғафлатга мағлуб ва қарам қилмасдан”.
*Сиёқ – ҳисоб (саноқ) илмининг номи (“Ғиёс ул-луғот”).
Манба: Azon.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар