18:23 / 21.11.2020
3 384

Миллий сериалларнинг бир серияси учун қанча пул сарфланиши маълум қилинди

Миллий сериалларнинг бир серияси учун қанча пул сарфланиши маълум қилинди
Куни кеча Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекфильм» студияси фаолияти билан танишган эди. «Ўзбеккино» Миллий агентлиги раҳбари Фирдавс Абдуҳолиқов Давлат раҳбарининг ташрифи ҳақида фикр билдириб ўтди.

Ташриф ҳақида
Биз бу ташрифни узоқ вақт кутдик ва Президент бизга улкан хушхабарлар билан келди. Яхши биламиз, аввалги «Киночилар уйи» Тошкент Сити қурилиши туфайли бузилиб кетган эди. Энди «Ўзбеккино» ҳудудида янги «Киночилар уйи» қуриладиган бўлди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Шунингдек ижодкорларга ҳам эътибор кучайтирилади. Президентимиз буни алоҳида таъкидлаб ўтди. «Ўзбеккино» ҳудудида иккита кўпқаватли уй қурилади ва киночиларга топширилади. Шунингдек кино академияси ҳам ташкил этиш режалаштирилган. Ҳудудларда ҳам киночилар уйлари ташкил этилади.

Ўзбекистонда иқтидорли ижодкорлар жуда кўп. Мана шундай ёшлар Россия давлат кинематография институтида ўқишга юборилади. Марказий Осиёда кинонинг илк қадамлари Ўзбекистондан бошланган. 1910 йилда Худойберган Девонов камера кўтариб, биринчи тасвирларни олган эди. Биз муносиб издош бўлишимиз керак.

Сериаллар ҳақида
Давлат раҳбари томонидан миллий сериалларимизни кўпайтиришга кўрсатма берилди. Бу бўйича ишлар олиб бориляпти, айни вақтда 12 та сериал яратиш ҳаракатидамиз. Бунинг учун хусусий телеканаллар билан ҳамкорлик қилинади. Тўртта телеканал учтадан сериал яратиши бўйича келишувга эришганмиз. Молиявий таъминот ҳам келишилган. Телеканалнинг ўзи битта серия учун 15 миллион сўм сарфлайди, шунингдек «Ўзбеккино» ҳам 15 миллион ажратади.

Яъни, ҳаражатнинг ярми давлат томонидан қоплаб берилади.Бу ишларнинг барчаси икки ой ичида — ноябр-декабр ойларида амалга оширилиши режалаштирилган. Кечи билан 2021 йилнинг бошидан сериаллар намойиши бошланади. Биз шифокорлар ва ўқитувчилар ҳақида сериал олишни режалаштирганмиз.

Сценарийлар савияси ҳақида
Албатта ҳар қандай кино ёки сериалнинг сифати энг аввало сценарийга боғлиқ. Яхши сценарий бўлмаса, яхши маҳсулот ҳам бўлмайди.

Икки ойда савияли сценарий ёзиш мумкинми? Гап шундаки, биз ишни аллақачон, август ойидаёқ бошлаб юборганмиз. Ўтган вақт давомида сериаллар саралаб олинди ва мутахассислар томонидан кучайтирилди. Қолаверса, ҳар қандай киносаноатнинг «олтин папкаси» бўлади ва унда захира сценарийлари сақланади.

Албатта биз қиладиган иш мухлис ва мутахассислар томонидан ижобий баҳоланиши ҳам, танқид қилиниши ҳам мумкин. Бу бизнинг биринчи ишимиз, илк қадамларимиз. Шундай экан, ҳамма билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Масалан, шифокорлар ҳақида олинадиган сериалда албатта соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари маслаҳатчи сифатида иштирок этиши керак. Ўқитувчилар ҳақида олинадиганида эса халқ таълими вазирлигидан вакил бўлса, хурсанд бўлардик.

Хориждан сценарий олиш бўйича
Бутун дунё тажрибасида оммалашган сценарийлар асосида қайтадан сериал олиш амалиёти мавжуд. Биз ҳам шундай йўл тутиш ҳақида ўйлаб қўйганмиз.

Хорижда севиб томоша қилинадиган сериалларнинг ўзбекча варианти ҳам чиқиб қолиши мумкин. Аммо яхши биласиз, бунинг учун юридик жиҳатдан жуда катта иш олиб бориш керак. Ҳозир фақат шуни айтишим мумкин, бу бўйича иш бошланган. Аммо тафсилотларни очиқ айта олмайман.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Миллий сериалларнинг бир серияси учун қанча пул сарфланиши маълум қилинди