22:55 / 22.11.2020
4 736

Оғабек Собиров оғир дард билан курашган йилларини хотирлади (видео)

Оғабек Собиров оғир дард билан курашган йилларини хотирлади (видео)
Фото: «Дарё»
Ўзбекистон халқ артисти Оғабек Собиров «Дарё» интернет-нашри учун эксклюзив интервью берди. Интервьюни журналист Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди.

Оғабек Собиров суҳбат давомида менингит касаллиги билан деярли бир йил курашгани ва раҳматли отаси ўғлимнинг дардини менга бер, дея Аллоҳга қилган илтижолари ҳақида гапириб берди.

- "1991–1992 йилларда санъат оламига энди кириб келган пайтларим эди. Ўзим ўйлайман, балки ўша пайт эл назари, кўз дегани ёмон нарса-ку, ўзингиз биласиз, шу нарса тўсиқ бўлдими, деган фикр ҳам йўқ эмас.

Хуллас, 3-4 ой ётиб қолдим. Шундай оғир вазиятларни бошдан ўтказдимки, бунинг энг ёмон томони ота-онанинг кўз олдида фарзандининг оғир дардга чалиниб ётганлиги бўлди. Бу нарсани ҳозир ота бўлиб, билиб юрибмиз. Илоҳим, ҳеч ким фарзандининг ёмон ҳолатини ҳеч қачон кўрмасин.

Дадам шунақа меҳрибон инсон эди, бизни шу даражада яхши кўрардики, ҳеч кимларга ишонмасди. Шунда менда 3-4 ойдан кейин мия шамоллаши бўлди. Менингит даражасига бориб қолдим. Жудаям хавфли бўлди. Кейин яна 3-4 ойлар ётиб қолдим. Бир йилга яқин касал бўлиб ётганман.

Бирор жойга бора олмайман, ойнага қараб ўзимни кўриб қўрқиб кетадиган даражада бўлиб қолдим. Шунақа оғир вазиятлар бўлган, ўша пайтда барибир ота ота экан, онам ҳам Аллоҳ раҳмат қилсин, дод-вой солади. Тўхтамай тинимсиз дуолар қилиб турган бир вақтда отам тепамга келиб, Эй Худойим, ўғлимнинг дардини олгин-да, менга бергин, шу болам қийналмасин, деганлар. Бу нарсани ўз қулоғим билан эшитганман. Отам шу дардни ўзларига сўраб олганлар, Аллоҳ раҳмат қилсин!

Мен кунлар ўтган сари соғайиб боравердим, отам эса икки йилга бормадилар. Соғликлари жойида эди, бақувват инсон эдилар. Ҳар куни 30 км пиёда юрардилар. Темир йўлчи эдилар, темир йўл бўйида уёғидан буёғига ҳар куни 30-40 км масофани босардилар.

Айтмоқчиманки, саломатликлари жойида эди, менинг бемор бўлганим отамга қаттиқ зарба бўлган экан.

Баъзида ўйлаб қоламан, оталаримизга мос фарзанд бўлдикмикан? Шуларни қадрлайдиган ишларни қилдикмикан? Ҳурматларини жойига қўйдикмикан? Шу нарсалар ҳақида кўп ўйланаман. Жонини фарзанди учун қурбон қилишдан қайтмайдиган ота учун, она учун биз фарзандлик бурчини етарли даражада кўрсата олдикмикан, деган ўй ҳозиргача ҳам тинчлик бермайди
", - дейди Ўзбекистон халқ артисти Оғабек Собиров.

Маълумот учун, Оғабек Собиров пойтахтда 30 га яқин, вилоятлар бўйлаб 200 га яқин яккахон концерт дастурларини тақдим этган. Унинг ўттиздан ортиқ мусиқий альбоми, 300 дан ортиқ муаллифлик қўшиқлари бор.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Оғабек Собиров оғир дард билан курашган йилларини хотирлади (видео)