14:29 / 27.03.2021
2 792

«500 миллион сўм зарар кўрдик». Даврон Кабулов «7 юлдуз» шоу концертининг қолдирилиш сабабини маълум қилди (видео)

«500 миллион сўм зарар кўрдик». Даврон Кабулов «7 юлдуз» шоу концертининг қолдирилиш сабабини маълум қилди (видео)
Фото: «Дарё»
«Халқлар дўстлиги» саройида 1—6 апрель кунлари Даврон Кабулов томонидан «7 юлдуз» шоу концерти режалаштирилган эди.
Даврон Кабулов «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммадга берган интервьюсида ушбу дастурнинг қолдирлиш сабабларини маълум қилди.

- «7 юлдуз» деб номланган янги лойиҳамиз бўйича бир эълонни етказиб қўймоқчиман. «Халқлар дўстлиги» саройида 1—6 апрель кунлари бўлиб ўтиши режалаштирилган «7 юлдуз» концерт дастури сентябрь ойига қолдирилди.

«Нима сабабдан апрель ойида бу концерт бўлиб ўтмайди», деган савол, чипталарни харид қилишга улгурган томошабинлар орасида бўлиши табиий. Жуда кўп юртдошларимиз бу лойиҳага катта қизиқиш билдиришаётганди. Буни кассага келаётган талаблардан ҳам билса бўларди. Очиғини айтаман, ўзимиз ҳам уйғонишга, кўзимизни очишга, бу нарсани ҳазм қилишга ҳаракат қиляпмиз, лекин бу ҳолат қийин бўлмоқда. Худо хоҳласа бу концерт апрелда бўлмаса, сентябрь ойида янада пухта тайёргарликлар билан, албатта, бўлади.

Концертни бекор қилишимизнинг сабаби бор. Республика махсус комиссиясининг қарори эълон қилинди. Унга кўра оммавий тадбир, концертлар, тўйлардаги чеклов яна қайтмоқда. Хусусан, концертларда томошабинлар умумий сонининг 50 фоизига рухсат берилиши ҳақида қарор қабул қилишмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, Республика махсус комиссиясидагиларга, мутасаддиларга бир илтимос билан юзланмоқчиман. Бу гапларни шаҳар оммавий тадбирларни ўтказиш йиғилишида ҳам айтиб ўтгандим, ҳозир эфирда ҳам айтмоқчиман. Бу ёмон маънода ёки танқид қилиш маъносида эмас. Агар имкони бўлса шундай қарорларни қабул қилишдан аввал, концерт ташкилотчиларининг фикрини озгина инобатга олишса зўр бўларди.

Очиғини айтсам олдин 100 та одам концерт ташкилотчилиги билан шуғулланган бўлса, уларнинг ярми ҳозир бу соҳани йиғиштирди, бу фаолиятдан кетмоқчи бўлганлар қанча. Чунки ташкилотчиларга зарбанинг кетидан зарба бўлмоқда. Ҳар бирининг қанча ходими бор, бир йил давомида уларни ўз чўнтакларидан ушлаб туришга ҳаракат қилинди.

Бош вазиримизнинг шахсан ўзлари бу нарса билан шуғулланиб, «одамларга яхши кайфият улашиш керак», деб, қайғуриб «Халқлар дўстлиги» саройига келиб, вазиятни ўрганиб, концертларни ўтказиш ҳақида топшириқ берди. Уларга раҳмат айтмоқчиман. Лекин вақт ўтганидан сўнг комиссиянинг қарори билан яна 50 фоиз томошабинга рухсат бермоқда.

«Халқлар дўстлиги»да 50 фоиз томошабин учун концерт қилиш жуда қийин, бу амалда уддалаш жуда қийин бўлган вазифа. Бунақа қарор қабул қилишдан аввал бир оғиз «шароитларинг қанақа», деб сўрашганда яхши бўларди.

Томошабинлар ҳар қайси вилоятдан келади. «Халқлар дўстлиги» саройи маъмурияти ҳар икки ўриндиқдан биттасини скочлаб қўйишга мажбур, уларни ҳам тўғри тушунаман, улар қарорнинг ижросини таъминлаш учун шундай қилишга мажбур. Эр-хотин қайсидир узоқ вилоятдан концертга келадиган бўлса, «ака сиз кундузи келинг, келинойим кечқурун келадилар», деймизми. Бу яна тартибсизликка олиб келмайдими. Жабрланадиган фақат битта томон бор, у ҳам бўлса ташкилотчидир.

Ўтган йилги концертларнинг рекламасида жиддий зарар кўрган ташкилотчилар, ундан ташқари қўшимча харажатларни қилишга мажбур бўлмоқда. Янги тартиб бўйича ҳар битта саҳнадаги ва саҳна ортидаги иштирокчи коронавирусга тест топшириши мажбурий қилиб қўйилган. «Миллион» жамоаси шу тест учун 25-30 миллион сўм тўлади, бу, умуман, назарда тутилмаган харажат эди.

Томошабинларга қулайлик бўлсин, «чиптага пул сарфладик, бир йил кутдик, энди ниқоб ҳам сотиб олишимиз керакми», дейишмасин, деган фикрда текинга ниқоб ҳам тарқатдик.

Ўтган йилги рекламамиз ҳавога учиб кетди. Рекламанинг ўзидан 320 миллион сўм зарар кўрдик. Баннер илдик, телеканалда реклама қилдик, уларга бориб «пулни қайтариб бер», десам улар бу гапга кўнишмайди-ку.

Бирорта одам келиб «сен қанақа зарар кўрдинг, кел, бир учуни биз ҳам кўтариб юборамиз», деган гапни айтмайди. Товон пули ҳақида ҳам гап йўқ, шунчаки «тўхтатиб қўяйлик, бўлди», дейишмоқда.

Одамларни яхши дам олиши учун, қизиқарли лойиҳа қилиш учун ҳаракат қилиб турсак, бу ёқдан бунақа ҳолат бўлиб турибди.

Шундай ҳолатларда Республика махсус коммиссияси бир оғиз, ҳеч бўлмаганда «Халқлар дўстлиги» саройида энг кўп концерт қўядиган ташкилотчиларни чақириб, «шундай қарорга келяпмиз, нима дейсизлар», деганида ҳеч бўлмаганда, иложи йўқ вазиятимизни тушунтирган, шунга қараб йўл тутган бўлардик. Ҳозир ҳамма ташкилотчининг дарди ичида.

Шу иккита концерт, яъни «Миллион»нинг ўтган йилги қолдирилган ва бир йил кейинга қолдирилган концерти, «7 юлдуз»нинг қолдирилиши оқибатида компаниямиз 500 миллион сўмдан ортиқ зарар кўрди, дейди «Миллион» жамоаси сардори, «7 юлдуз» шоу дастури ташкилотчиси Даврон Кабулов.

Маълумот учун, «7 юлдуз» шоу концертида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тоҳир Содиқов, Райҳон Ғаниева, хонандалар Муниса Ризаева, Шоҳруҳхон, Шоҳруҳ реппер каби хонандаларнинг чиқиши маълум қилинган бўлиб, қолган икки санъаткорнинг кимлиги сирлигича қолмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Маданият » «500 миллион сўм зарар кўрдик». Даврон Кабулов «7 юлдуз» шоу концертининг қолдирилиш сабабини маълум қилди (видео)