18:37 / 30.08.2021
6 746

Актёр Миролим Қиличев ўзидан 15 ёш кичик қизга уйлангани ҳақида сўзлаб берди (видео)

Актёр Миролим Қиличев ўзидан 15 ёш кичик қизга уйлангани ҳақида сўзлаб берди (видео)
Фото: «Дарё»
Актёр Миролим Қиличев «Дарё» интернет-нашрига эксклюзив интервью берди. Интервьюни Дарё мухбири Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди.

Суҳбат давомида Миролим Қиличев ўзидан 15 ёш кичик қизга уйлангани ва «бу Миролим Қиличевнинг иккинчи оиласи» деган гап-сўзларга ойдинлик киритди.

- "Тўйимиз ҳақиқатан жуда тез бўлиб кетди. Аслида, тўйимизни Тошкентда қилмоқчи эдик. Лекин дадам тўйни Бухорода бўлишини хоҳладилар. Сиз нима десангиз, шу бўлади, дедим ва тўйимизни Бухорода қилдик. Кўп дўстларимизни, акаларимизни таклиф қилишга ҳам улгурмадим.

Тўйимга уч кун қолганида мен учун азиз бўлган устозим, Ўзбекистон санъат арбоби Муҳаммад Рафиқов оламдан ўтиб қолдилар. Бу хабарни эшитганимдан сўнг таклифномалар ҳам, ҳаммаси қолиб кетди.

Уйланиш жуда ҳам мушкул бўлди. Ўттиз уч ёшда уйландим. Бундан аввал неча марталаб уйланмоқчи бўлганман, совчи юборган хонадонларим ҳам кўп бўлган. Санъат соҳасидаги қизларга ҳам совчи қўйганман, бошқа соҳадаги қизлар ҳам бўлган. Арзимаган сабаблар билан бўлмай қолган. Хуллас, насиб этган куни ҳозир экан.

Аёлим билан бир тўйда танишиб қолганмиз, улар келин дугона эканлар. Бир танишим шу қиз билан танишиб кўр, жуда яхши, ақлли қиз, дегани учун кўришдик, менга ҳар томонлама маъқул бўлди. Кейин мана, тўй бўлиб кетди.

Ўзи ота-онам ҳам қачон уйланасан, дея жуда кўп айтишаётганди. Авваллари ота-онам ‘уйланасан’ деб жанжал қилган вақтларида акам, опам, сингилларим ёнимни олиб туришар эди. Ўттиз ёшларимда ҳам ёнимни оладиган одамлар бор эди. Кейинги вақтларда ота-онамдан бошлаб устозларимгача ‘уйланасан’ деб, қатъий туриб олишди.

Ота-онамга сизлар нима десангиз шу, қаердан келин топсангиз, ўша қизга уйланаман, дегандим. Бухородан ҳам келин қидирдик, учрашганларимиз ҳам бўлди, совчилар юборган хонадонларимиз ҳам бўлган, аммо тақдир эмас экан. Аёлим Тошкент вилоятидан, уч-тўрт ой оила қуриш учун жиддий ёндашдим.

Мен ҳақимда ‘қизлар билан кўп юради, бир неча марта уйланган’ деган мазмунда ҳар хил миш-мишлар чиққан. Кўп йилдан буён уйланмасдан юрганимни ҳам шу билан изоҳлашарди. Мен оддий қишлоқ боласиман, Бухоро вилояти, Ромитан тумани, Чандир қишлоғида туғилганман. Қишлоқдан Тошкент шаҳрига келиб ўқиш, ишлаш, бу ердан уй-жой қилиш осон эмас. Бугун уй қилишим керак, эртага бошқа бир ташвишлар билан уйланиш ўз-ўзидан кечикиб кетаверган. Ҳаттоки интернетда Миролим Қиличевнинг нечта хотини бор, деган сарлавҳали хабарлар чиққан экан.

Аёлимнинг оиласига ҳам бу гап-сўзлар етиб борган, бу хабардан сўнг улар қизимизни бермаймиз, деб туриб олишди. Аёлим яқинда айтиб қолди, унинг уйидаги 95 % одам тўйимизга қарши бўлибди. Ҳаттоки онаси ҳам ‘майли қизим, фотиҳа қайтса қайтсин, лекин сенинг бутун умр қийналиб яшашингни хоҳламайман, қизим’ дебди. Лекин аёлим битта ўзи, ёш жонига менга ишониб, курашибди. ‘Чунки мен сиз билан бутун умрли ҳаётимни чизиб чиққан эдим, нима бўлса бўлди, ортга йўл йўқ, шу йигитга тегаман, дедим’ деди. Бу гапни айтганидан сўнг ўзим ҳам жуда хурсанд бўлдим.

Орамизда ўн беш ёш фарқ бор. Аммо менга жуда катта ёш оралиғи сезилмаяпти. Энг муҳими, ақли, фаросати, дунёқараши жойида", - дейди Миролим Қиличев.

Маълумот учун, Миролим Қиличев 1987 йил, 28 ноябрь куни Бухоро вилояти, Ромитан туманида дунёга келган. Актёр «Умид», «Жасур», «Балли, Комолиддин», «Уқубат» каби фильмлардаги бош роллари билан машҳурликка эришган. Бугунги кунда Ўзбек миллий академик драма театрида фаолият юритади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Маданият » Актёр Миролим Қиличев ўзидан 15 ёш кичик қизга уйлангани ҳақида сўзлаб берди (видео)
[/banner_pushhouse