20:50 / 18.09.2021
3 969

Жаҳонгир Хўжаев «Реал хит» сабаб уни Дубай ва Москвада полиция ушлагани ҳақида (видео)

Жаҳонгир Хўжаев «Реал хит» сабаб уни Дубай ва Москвада полиция ушлагани ҳақида (видео)
Фото: «Дарё»
Актёр ва шоумен Жаҳонгир Хўжаев «Дарё» интернет-нашри учун эксклюзив интервью берди. Интервьюни «Дарё» мухбири Феруз Муҳаммад ташкиллаштирди.

Жаҳонгир Хўжаев суҳбат давомида «Реал хит» кўрсатуви сабаб уни Дубай ва Москвада полиция ушлагани, ўзбек муҳожирлар эса у сабаб жарима тўлашга мажбур бўлгани ҳақида гапириб берди.

- «Реал хит» кўрсатуви ҳеч қаердан ўғирланмаган. Тўғри «Актёр» лойиҳаси «Точ-в-точ»дан ўғирланган, лекин «Реал хит» ўғирланган лойиҳа эмас. Лойиҳа яралиш вақтида бош продюсеримиз Азиз ака ва Тарона Реcордсъдан Сарвар ака деган одам ёнимда бўлишган. Ана ўша одам бирга турган вақтимиз менга «Хит-парад қилгин», деб айтган. Сарвар ака «Қайси қўшиқ оммалашгани ҳақида оддий ҳайдовчилардан сўрагин», деганлар. Азиз ака эса экранда ҳар бир овоз учун +1 ёзилишини айтганлар.

Қандай бўлар экан, деб биринчи сартарошларнинг олдига чиқиб кўрганман. Бошланишига бешта эфирда ўзимни топа олмаганман. Телевизорда кўриб, ўрганиб қолганимдек қўлимни чўнтагимга солиб гаплашганман. Бешта сонидан кейин очилиб кетдим. Одамлар билан ўзларидек бўлиб гаплашдим. Масалан, одамлар кўчада Алишер Узоқовни кўриб қолишса «Ака, расмга тушайлик», деб жиддий сўрашади. Мени эса яқин кўришгани учун «Кел, суратга тушамиз», деб кулишиб гаплашишади. Мен бу нарсадан хурсандман. Лойиҳамиз шундай яралган. Кейин жуда омадли бўлиб кетди.

Хорижий давлатларга бориб кўрсатувимизни суратга олишимиз учун кетадиган харажатларни туристик фирмалар кўтаришади. Уларнинг ўзлари бизга алоқага чиқишади. «Биз сени олиб борамиз, лекин сен бизни реклама қилиб берасан», деб айтишади. Мен эса бир борганимда бир ойлик кўрсатувларимни суратга олиб келаман. Лекин рухсатнома ёки хатлар қилиб ўтирмайман. Чаққон бўлганим учун йўлимдан полиция чиқиб қолса, микрофонни беркитиб оламан ёки блогерман деб айтаман.

Бир куни Дубайда бир ярим соатлик материал суратга олдим. Ўзиям бор кучимни ташлаб ишлаган эдим. Савдо марказида суратга олаётганимда Ўзбекистондан борган ватандошларимиз байроқлар билан тўпланиб турганини кўриб, Дубай полицияси бизни митинг қиляпти, деб ўйлаган. Мени ичкарига олиб кириб, флешкаларимни олиб қўйишган. Ана шу ерда шайхлари турганида уларга телефонимдан кўрсатувларимни кўрсатганман. У флешкамни қўлимга бериши билан бор кучим билан югуриб қочиб кетганман.

Бундай воқеа Москвада ҳам бўлган, бу воқеа YouTube’да ҳам бор. Москвада Горкова паркига (таҳририят: Централний парк култури и отдиха им. М.Горкого) уч мингта одам йиғилган. Йиғилаётган ўзбекларга қараб, «Йиғилиш мумкин эмас экан», дедим, Қарасам, милиция келаётган эди. «Қочинглар, милиция келяпти», десам ҳам мени тушунишмаган. Бизни олиб кетишса, камераларимизни олиб қўйишар эди.

Ҳамма нарсани сумкага солиб Диёр, мен ва Аҳмад қочдик. Қочаётганимизда ҳам ўзбекларимиз олдимизга кулиб келаверишди. Ортимиздан милициялар келаётганини кўриб, бир ресторанга кириб ўтириб олдик. Ўзимизни худди гаплашиб ўтирганлардек тутдик. Милициялар ресторанга кириб, атрофга қараб турган вақтида бир ватандошимиз олдимга келиб, селфига тушган эди, милиция ходимлари олдимизга келишди. Кейин мен ана шу вақт уларни ҳам алдаб юборганман. «Акалар, мен Ўзбекистонда шунақа машҳур инсонманки, бу ерда битта жонли эфир қилган эдим, мухлислар олдимда йиғилиб олибди», дедим. Шунда милиция ходимлари автомобилларда ҳамроҳлик қилиб, мени кузатиб юборишган.

Лекин мен ўша вақтда у ердаги ўзбекларга қойил қолганман. Биласизми нега? Ана ўша куни у ерда йиғилган барчани автобусга босиб, олиб кетишган, жарима ҳам тўлатишган. Шунча воқеалардан кейин ҳам улар менга «Ака раҳмат, сизни кўрдик, маза қилдик», дейишган. Мени кўраётган ўша ерда бўлганларга раҳмат айтаман, - деди «Аристократлар» кулги жамоаси сардори, «Реал хит» кўрсатуви бошловчиси Жаҳонгир Хўжаев.

Маълумот учун, Жаҳонгир Хўжаев 1995 йил, 22 август куни Тошкент шаҳрида дунёга келган. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида таҳсил олган. «Аристократлар» кулги жамоасининг сардори, «Реал хит» кўрсатуви бошловчиси. Режиссёр сифатида «Пайғамбар ошиғи Ҳасан» қисқа метражли фильмини суратга олган.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Жаҳонгир Хўжаев «Реал хит» сабаб уни Дубай ва Москвада полиция ушлагани ҳақида (видео)