3 648
Халқ артисти бўлгунича кўрган қийинчиликлари, онасининг қаршилигига қарамай рус қизига уйлангани ҳақида - Муҳаммадали Абдуқундузов
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Халқаро Бобур мукофоти совриндори Муҳаммадали Абдуқундузов «Дарё»га интервью берди. У суҳбат давомида Тошкентдаги ишсизлик сабаб Термиздаги Маннон Уйғур номидаги вилоят мусиқали драма театрида 11 йил ишлагани, аёлининг қистови билан пойтахтга қайтгани ва кўплаб қийинчиликларга учрагани ҳақида сўзлаб берди.
- «1976 йили А.Н. Островский номидаги Тошкент давлат сан’ат институтини тамомлаб, Тошкентда иш ўрни йўқлиги учун Термизга йўлланма асосида юборишган. Сурхондарё халқидан ҳамиша миннатдорман. Бегона эканлигимни билдирмай, ўз яқинларидек қабул қилишди. У ерда оила қурдим, икки фарзандим ҳам Термизда дунёга келди. Аёлим Тошкентдан кўнгил узолмади, шу боис оиламиз билан пойтахтга кўчиб келдик. Аммо бу менга оғир зарба бўлди. Чунки ижодкор учун бир театрдан иккинчи театрга ишга ўтиш ва яна ҳаммасини бошидан бошлаш осон эмас. Тошкентга келганимда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони билан тақдирлангандим, аммо Ўзбек Миллий академик драма театрида актёр штати йўқлигини айтишди.
Анча вақтгача театр яқинидаги 9 квадрат метрли хонани ижарага олиб, икки фарзандим билан яшашишимизга тўғри келди. Қийинчиликлар сабаб аёлим билан кўп тортишардим ва муаммода уни айблардим. Аёлим Валентина тонггача йиғлаб чиқарди. Мана шундай қийин кунларда Маданият вазирлигига бориб, муаммоларимга ечим излаш учун йўлакларда соатлаб ўтирган кунларим бўлди. Ёрдамчилар вазир билан учрашишга йўл қўйишмасди. Ўшанда нега бизда катта лавозимдаги одамнинг олдига кириб, дардингни айтолмайсан, деб кўнглимдан ўтказгандим. Тақдирнинг туҳфасини қарангки, орадан бир неча йил ўтиб, ‘замминистр’ лавозимига ишга олиндим», — дейди Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов.
Бундан ташқари, актёр нима сабабдан рус қизига уйлангани ва бунга ота-онаси қандай муносабат билдиргани ҳақида ҳам сўзлаб берди.
- «Термиз театрида ‘18 ёшлигим’ номли спектаклни саҳналаштираётгандим. Раҳбарият чақируви билан Валентина Тошкентдан ёрдамга келган. Чунки у пайтларда вилоят театрларида тажрибали ходимлар бироз тақчил эди.
Валентина билан репетиция жараёнида учрашиб, аста-секин ўртадаги муносабат муҳаббатга айланган. Аввал у ислом динини қабул қилди, ундан кейин шаръий ва қонуний никоҳдан ўтдик. Аёлим ўзбек тилини умуман билмасди, урф-одат ва анъаналаримиз ҳам унга бегона эди. Кетма-кет икки ўғил фарзандли бўлдик. У пайтда рус тилини билмаслик уят саналгани, бу тилни билмаганлар карьера қилолмаслиги ҳақида ўйлаб, фарзандларимни рус мактабига беришга қарор қилгандим. Аммо аёлим менга қарши чиқиб, ўғилларимизнинг ўзбек мактабига боришларини истади. Онаси ўзбек тилини яхши билмаслиги учун фарзандларим мактабда қийналишди.
Албатта, рус қизига уйланганим онамга ёқмаган. Ҳаётимдаги бу бурилиш ҳам катта низо ва муҳокамаларга сабаб бўлган. Кейинчалик болалар улғайиб, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим билан қуда бўлганимиздан кейин муносабатлар анча юмшади. Охирги пайтларда онам қаттиқ бетоб бўлиб, жигар хасталигига чалинганида аёлим парваришлаб, дуоларини олди. Шукрки, кеч бўлса-да, ҳаммаси жой-жойига тушди.
Инсон ўзи истамаган одам билан яшолмайди. Яшаган тақдирда ҳам, уларнинг ҳаётидан тушунмовчилик ва зиддиятлар аримайди. Аёлим санъат соҳасини яхши тушунгани учун ҳам спектакль ёки кинолардаги муҳаббат саҳналарини берилиб ўйнашни маслаҳат беради. Агар у бошқа соҳа вакиласи бўлганида, вазият аксинча бўлиши ҳам мумкин эди. Чунки ўринсиз рашк ижодни синдиради», — дейди актёр.
Муҳаммадали Абдуқундузов билан бўлган тўлиқ интервьюни қуйида томоша қилишингиз мумкин.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди