21:48 / 27.11.2021
3 517

Салбий роллари билан машҳур бўлса-да, қалби меҳрга тўла ҳинд актёри — Шакти Капур ҳақида

Салбий роллари билан машҳур бўлса-да, қалби меҳрга тўла ҳинд актёри — Шакти Капур ҳақида
Фото: «Яндекс Дзен»
Ҳинд киносаноатида гавдалантирган салбий қаҳрамонлари билан маълум бўлган Шакти Капурнинг ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ қизиқарли фактларни ҳавола этамиз.

Кино ва телевидение институтини битирган Сунил Сикандерлал Капурга илк бор салбий қаҳрамон роли таклиф қилинган. Исмини бундай образга тўғри келмайди деб ҳисоблаган Сунил Шакти Капур сифатида кўриниш беришни афзал билган. Институтни тамомлаганидан кейин Мумбайга кўчиб ўтган актёр кейинчалик модель сифатида пул топа бошлаган. Ўз вақтига нисбатан яхши даромадга эга бўлганига қарамай, кўпроқ нарсага эришишни орзу қилган. Кунлардан бир куни тақдир уни режиссёр Фероз Хон билан учраштирган.

Фото: «Яндекс Дзен»
«Mercedes’нинг янги модели келиб урилганида мен ўзимнинг эски автомашинамда эдим. Жанжаллашиш учун йўлга чиқиб қарасам, машина ичидан Фероз Хон чиқиб келяпти. Мен нима дейишни билмай қотиб қолдим. Қандай қилиб жаноб, мен киноинститут талабасиман, исмим Шакти Капур ва сиз билан ишлашни истаган бўлардим. Менга фильмдан рол бера оласизми, деганимни билмай қолдим», — деган у.

Фото: «Яндекс Дзен»
«Қурбон» (Qurbani) фильм шу тарзда суратга олинган ва унда актёр иккинчи даражали салбий қаҳрамон ролини ижро қилган. Кейинчалик эса «Рокки»(1981) фильми ҳам тақдим қилинган. 1980 йилларда асосан салбий қаҳрамонларни гавдалантирган Шакти кейинчалик турли эмоциялар талаб қилинадиган фильмларда иккинчи даражали ролни ўйнаган. Ўзи ҳақида гап кетганда у ҳамиша ҳазиломуз тарзда қуйидаги фикрларни билдиради: «Афтидан, мен Дхармендра, Фероз Хон, Винод Кханналарнинг қаҳрамонлари кейинчалик уларнинг ўғилларига қарама-қарши салбий қаҳрамон бўлган ягона актёр бўлсам керак».

Фото: «Яндекс Дзен»
У турмуш ўртоқ сифатида ҳамкасби Шивангани танлаган. 1980 йил Шакти Митҳун Чакраборти бош қаҳрамонни гавдалантирадиган «Қисмат» (Kismet) фильмида суратга тушиш учун шартнома имзолаган. Митҳуннинг синглиси ролини Падмини Колхапура ўйнаши керак бўлган, аммо у лойиҳада иштирок эта олмаган. Вариантлар кам бўлгани учун продюсерлар Падминининг катта опаси Шиванги билан шартнома имзолаган. Шиванги ва Шактининг суратга тушиш вақти турли бўлган, аммо бир куни мос келиб қолган саҳналар сабаб улар бир-бири билан учрашиб қолган. Шивангининг айтишича, бу бир кўришдаги севги бўлган. Фильм муваффақиятли чиқмаса-да, 16 яшар Шиванги ва 28 яшар Шактининг ҳаётида муҳим аҳамият касб қилган.

Фото: «Яндекс Дзен»
Икки йил учрашиб юрган жуфтлик 1982 йил, Шиванги 18 ёшга тўлганида турмуш қуришга аҳд қилган. Аммо Шивангининг оиласи консерватив бўлган — қизларга сочни ёйиб юриш мумкин эмасди, севиб турмуш қуриш ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлаверади. Йигит асосан салбий қаҳрамонларни гавдалантиргани сабабдир балки, қизнинг ота-онаси уларнинг турмуш қуришига кескин қаршилик қилган. Нима қилишни билмай қолган ёшларнинг уйдан қочиб, турмуш қуришдан бошқа чораси қолмаган. Шундан кейин уйга қайтмаган Шивангидан ота-онаси воз кечган. Аммо кўп йиллик турмуш ва икки нафар фарзанд дунёга келганидан кейин, бироз юмшаб, унинг қайтишига рози бўлишган.

Фото: «Яндекс Дзен»
Дастлаб бу вақтлар ёш Шиванги учун осон бўлмаган, аммо шунга қарамай, Шакти билан яшаш фикридан қайтмаган. 1984 йилда жуфтликнинг илк фарзанди Сиддант, 1987 йилда эса Шраддха Капур дунёга келган. Аввалига режиссёр ассистенти бўлиб иш бошлаган Сиддант кейинчалик актёр сифатида фаолият бошлаган. 2010 йилда «Учта карта» (Teen Patti) фильмида дебют рол ижро қилган Шраддха Капур Болливуднинг бугунги кундаги янги авлодлари орасидаги энг яхши актрисалардан бири. 2015 йил берган интервьюсида Шакти Капур қизининг киносаноатдаги муваффақиятлардан хурсанд эканлигини таъкидлайди.

Фото: «Яндекс Дзен»
«Бугунги кунда одамлар мени Шраддхининг отаси деб атайди ва мен бу билан фахрланаман», — деган актёр. Шактининг оиласи ҳамиша оддий бўлган. У уйда фарзандларини доимо қўллаб-қувватлайдиган севимли ота ва турмуш ўртоқ ҳисобланади. 2017 йилги интервьюда унинг ўғли: «Отам ўзининг экрандаги қаҳрамонларидан кескин фарқ қилади. У жуда ҳам бағрикенг, собитқадам ва қувноқ одам», — деган. Актёр ҳаётда чиндан ҳам хушчақчақ инсон. Одамлар у айтган латифалардан ичаги узилиб қолгунча кулади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Салбий роллари билан машҳур бўлса-да, қалби меҳрга тўла ҳинд актёри — Шакти Капур ҳақида