17:17 / 28.11.2021
3 638

Даврон Кабулов кашф этган истеъдод Фарруҳ Фазел — бойнинг боласи эмаслиги, Россияда муҳожир бўлгани ҳақида

Даврон Кабулов кашф этган истеъдод Фарруҳ Фазел — бойнинг боласи эмаслиги, Россияда муҳожир бўлгани ҳақида
Фото: Instagram / @fazel_farrukh
Фарруҳ Фазел «Бор ана» ва «Rolex Gucci» қўшиқларига ишланган клиплар билан ўзбек шоу-бизнесида «портлаб» чиққанди. У ижодий маҳсулотдан маблағ аямайдиган ижодкор эканини кўрсатгани билан кўпчиликнинг эътиборига тушганди. Негадир кейинги пайтларда хонанда ижодида сокинлик ҳукм сурмоқда. Наргизахон Муродова ижодкор билан суҳбатлашиб, бунга ойдинлик киритди.

«Фазел тахаллус эмас, фамилиям»
— Фазел тахаллусингизми деган саволни кўп беришади. Йўқ, бу менинг фамилиям. Миллатим афғон бўлгани боис тўлиқ исм-шарифим Фарруҳ Фазел Ҳақ. Оиламизда ижодкорлар йўқ. Дадам кичик бизнес билан шуғулланади. Онам эса анча йиллардан буён аёллар сартароши бўлиб ишлайди. Оилада уч ўғилмиз, икки укам бор.

Санъатга болалигимдан қизиққаним учун мактабни тамомлаб, Тошкент эстрада-цирк коллежига ўқишга кирдим. Коллежни тамомлагач, санъаткор бўлиш фикридан қайтдим. Бунга моддий имкониятимнинг етарли эмаслиги сабаб бўлди.

«Бойнинг боласи эмасман!»

— Instagram’даги расмларимни кўриб кўпчилик мени бойнинг боласи деб ўйлайди. Аслида Чирчиқдаги оддий, камтарона оилада улғайганман. Коллежни тамомлач, ҳаётимни ўзгартиргим келди. Шу боис, Россияга ишлашга кетдим. 2012 йилдан муҳожирлик кунларим бошланган. Ўша йили пулим йўқлиги учун институтга ҳам ҳужжат топширмадим. Бир ярим йил қурилишда ишлаб, ўқишга ҳужжат топшириш учун пул тўпладим. У ерда ишлаш осон эмас, муҳожирликда пул топаётган инсонларнинг дардини жуда яхши тушунаман.

«Юридик соҳани танладим»

Фото: Instagram / @fazel_farrukh
— Эркак киши жиддийроқ касбда ишлаши керак, деб юридик соҳани танладим. Тўрт йил таҳсил олиб, 2017 йили Тошкентга қайтиб келдим. Беш йилдан ортиқроқ вақт мобайнида хорижда яшаб, дунёқарашим ҳам ўзгарди. Ҳаётга янада, реал кўз билан қарашга ўргандим. Аммо Ўзбекистонда эгаллаган мутахассислигим бўйича ишлай олганим йўқ. Аммо қачондир юрист бўлиб ишлаш ниятим бор. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

«Даврон Кабулов продюссерим»

Фото: Instagram / @fazel_farrukh
Даврон Кабулов билан қариндошимнинг тўйида учрашиб қолганмиз. Қўшиқларимни эшитиб, ҳамкорликда ишлашни таклиф этди. Даврон аканинг ғояси асосида 2020 йили «Бор ана» қўшиғи ва клипини яратдик. Муниса Ризаева ҳам Даврон аканинг таклифига кўра клипда суратга тушиб берди. «Ёш ижодкорни қўллаб-қувватлаймиз», — деганди. Ундан кейин «Rolex Gucci» клипини яратдик. Клип ғояси ҳам Даврон Кабуловга тегишли. Икки клип ҳам катта бюджет эвазига суратга олинган. Бу маблағлар продюссерим Даврон Кабулов томонидан сарфлангани учун уларнинг қанча эканини билмайман.

«Миллион билан овора»
Кейинги пайтларда Даврон ака «Миллион» жамоасининг концерти билан овора бўлиб қолди. Шу боис, бироз узилиш бор. Аммо ижодни тўхтатганим йўқ. Яқин кунларда «Соғиндим яна» қўшиғига ишланган клипим намойиш этилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Даврон Кабулов кашф этган истеъдод Фарруҳ Фазел — бойнинг боласи эмаслиги, Россияда муҳожир бўлгани ҳақида