14:47 / 02.01.2022
1 715

Янги йилда чув тушган Cамандардан қорбобога айланган шоиргача...

Янги йилда чув тушган Cамандардан қорбобога айланган шоиргача...
Сиз севган ва таниган машҳурларимизнинг Янги йил байрами хотиралари, 2021 йил сабоқлари ва 2022 йил учун режаларини билиб олдик.

Биз ҳар сония, ҳар дақиқа ўтган онимизни сарҳисоб қиламиз. Янги йилни қаршилаш арафасида эса бу жараён яна ҳам муҳим аҳамият касб этади. Хўш, халқимиз севган ва ардоқлаган таниқлиларимиз ўтган йил сарҳисобида нималарга эришган-у, Янги йил учун қандай режалар қилмоқда?

“ЁДИМДА ҚОЛГАН ВОҚЕА...”

Самандар ҲАМРОҚУЛОВ, хонанда:

— Болалик хотираларимда Янги йил байрами билан боғлиқ ажойиб воқеа сақланиб қолган. Байрам олди холаларимиз бизникига меҳмонга келишган эди. Попга — уйларига қайтиб кетиш олдидан эса улар билан кетаман, деб хархаша қилганман. Биз доим уйимизда Янги йил байрами олди арча ясатардик, торт кесардик, хуллас, бошқача тарзда бу байрамни кутардик-да. Холамнинг уйида эса кечки овқатга сомса еб, кечқурун ётиб, ухлаганмиз (кулади)! Мен эса “Ия, Янги йил кутмаймизми, телевизорни ёқинглар” деганча қолаверганман!

2021 йил шахсан мен учун изланиш йили бўлди. Ватанимиз учун эса ҳақиқий қурилиш йили бўлди, десам адашмаган бўламан. Бундан ташқари, фақат битта касбда фаолият олиб борганлар ҳам ўзларини бошқа ишларда синаб кўришга улгуришди. Санъат вакили бўлганимиз учун фақат санъаткорлар орасида вафот этган инсонларни гапиришимиз мумкин. Лекин оддий одамлар ичида ҳам йўқотишлар кам бўлмади.

Ижод борасида эса шоуменлик фаолиятимга яна кўпроқ урғу бердим. Мен учун биринчи ўринда барибир шу йўл яқинроқ экан. Қолаверса, телевидения соҳасида ҳам янги лойиҳаларни йўлга қўйяпмиз.

2022 йилдан яхши натижалар кутяпман. Қалбимизнинг бир четида турли кемтиклар бор, ўша жойларни Парвардигорнинг ўзи тўлдиришидан умидимизни узмаймиз. Энг муҳими, биздан қоладиган ижод маҳсули савияли бўлишига ҳаракат қилишимиз керак. Ёшлардан ҳам шуни сўрардимки, вақт ўтиши билан ёдда қоладиган, фойдали контентларни яратишсин. Ахир ҳозир блогерлар замони бўлиб қолди-ку. Вақтинчалик кулгу улашадиган, савиясиз нарсалардан узоқ туриб, чин маънода ўзларини кўрсатишларини истардим.

“ЯНГИ ЙИЛ КИРИШИГА САНОҚЛИ СОНИЯЛАР ҚОЛГАНИДА...”

САРВАРА, хонанда:

— Ҳеч қачон эсимдан чиқмайдиган Янги йилга оид хотирам бор. Талаба пайтимда Қорқиз образида яқинларимни табриклаб юрган эдим. Янги йил киришига саноқли дақиқалар қолганида эса бизнинг машинамиз бузилиб қолган. Ва Саъдулла Абдуллаев билан биргаликда йўлда Янги йил байрамини кутиб олган эдик. Янги йилни қаерда кутиб олишдан қатъий назар ҳамма юртдошларимизга янги йил, янги имкониятлар эшигини очишини тилаб қоламан.

“БЎЙИМ БАЛАНД БЎЛГАНИ УЧУН...”

Бобур БОБОМУРОДОВ, шоир:

— Менинг Янги йил байрами билан яхши хотираларим кўп. Бўйим баланд бўлгани учунми, доим Қорбобо бўлиб яқинларимга совға улашардим. Кўчада, маҳаллада, қариндошлар орасида ҳам ҳадялар тарқатиб юрардим. Ҳалигача бу одатим ёқолмаган, десам ҳам бўлади!

Бир нарсага жуда ҳайрон қолдим: 2021 йил жуда тез ўтиб кетди. Ҳақиқий ижодга ўтира олмадим. Эҳтимол, тадбирларда кўп бўлдим, вилоятма-вилоят юрдим, шу сабабмикан, иш столимга ўтира олмадим. Худо хоҳласа 2022 йилдан умидим бор. Менинг болалар олдида қарзим бор аслида. Айнан болалар адабиётига бағишлаб китоб ёзиш режамда турибди. Қолаверса, янги лойиҳа ҳам бошлаганмиз: “Шербек ва Кумуш”. Бу икки, ёш санъаткор ука-синглимизга ҳомийлик, устозлик қиляпмиз. Улардан умидим катта. Энг муҳими халқимиз тинч. Барчамиз “қаторимиздан хато бўлмасин” деб ниятлар қиляпмиз.

Ҳамма ижодкорлар ижодни соғинган. Дунёга таъсир қилган пандемиядан тезроқ қутулиб, яхши кунларда асарлар яратиш насиб этсин. 2022 йил ижод йили бўлишини истайман!

“ХОТИРАМДА МУҲРЛАНИБ ҚОЛДИ...”

Баҳодир ЖАЛОЛОВ, Бокс бўйича олимпиада ва жаҳон чемпиони:

— Умуман олганда ҳар йил мен учун яхши якунланган. Лекин 2021 йил мен учун унутилмас йил бўлиб муҳрланиб қолди. Аллоҳимга беҳисоб шукр, бу йил спортчилар олдига қўядиган энг буюк мақсад – Олимпиада чемпионлигини қўлга киритдим. Қолаверса, йил сўнгида профессионал боксда ҳам тажрибали боксчи устидан ғалаба қозондим. Бу орқали жаҳондаги рейтингимни кўтариб олдим. Бу ҳам мен учун жуда яхши тажриба бўлди. Шу ўринда мени қўллаб-қувватлаган мухлисларга ҳам ўз раҳматимни айтмоқчиман.

Юртдошларимизга тилакларим жудаям кўп. Барчанинг уйидан сиҳат-саломатлик аримасин. Оилалар тинч бўлсин. Энг муҳими, юртимиз тинч ва осмонимиз мусаффо бўлсин. Ҳамманинг уйида тўйлар бўлсин. Барчангизни Янги йил айёми билан чин кўнгилдан табриклайман.

“МЎЪЖИЗАЛАРГА ИШОНАМАН, АММО...”

Толибжон ИСРОИЛОВ, сухандон:

— Мен доим мўъжизаларга ишониб яшашни истайдиган одамман. Албатта Янги йил байрами мўъжиза эмаслигини биламан. Лекин, инсоннинг ичида умид ёнавераркан. Фарзандларим катта бўлиб қолгани учун арча, уй безатиб, байрамга алоҳида урғу бермаймиз, тўғриси. Бироқ йилни эсон-омон якунлаганимиз сабаб, оила даврасида, еб-ичиб ўтиришнинг гашти ўзгача-да!

2022 йил дунё бўйича яхши йил бўлсин. Энг муҳими, 2020-2021-йиллар сингари бутун дунёни овораю-сарсон қиладиган касалликларни бошқа кўрмайлик. Ёшларга оила бахти, ёши улуғларга сахийлик, бағри кенглик насиб этсин. 2022 йил бахтлар йили бўлсин, ҳар бир инсон ҳаётида эзгулик ҳамроҳ бўлсин! Қолаверса, “Даракчи” жамоасини ҳам алоҳида табриклайман. Ҳали интернет тармоқлари авж олмаган пайтлар, ёшлигимиздан биз бу газетани севиб ўқирдик. Ҳар ҳафта ўзимиз ҳақимизда чоп этилган мақолаларни завқ билан ўқиб борардик! Келаётган йил мана шундай завқ-шавқларга тўла бўлишини истардим!

“БОЛАЛАРГА ШАРТ ҚЎЙДИМ ВА...”

Юлдуз ТУРДИЕВА, хонанда:

— Очиғини айтсам, 2021 йил менда шу қадар ижод йили бўлдики, ҳатто ўзимга ҳам вақт ажрата олмадим. Биз ҳам эл қатори касалликлар билан кўп уйда ўтириб қолдик. Шунга қарамай, доим ижод қилдик, янги ижролар устида изландик. Бизни соғинган муҳлисларимизга online концерт дастурларини ҳам тақдим этдик. Халқ хизматидан, тадбирлардан ҳам ҳеч бўшаганимиз йўқ. Кимга қандай билмайман-у, бироқ айнан мен учун ўтган йил ҳеч оғир ўтмади. Ҳатто уйда ўтирган вақтимизда ҳам фарзандларимга ҳам вақт ажратиш имконига эга бўлдим.

Бу байрам билан боғлиқ хотираларимда Янги йил кириб келишидан бир ой олдинданоқ уйларни безашни бошлашимни айтишим мумкин. Янги йил — болалар байрами, десак ҳам хато бўлмайди. Ота-оналаримиз бизга қандай гўзаллик яратиб беришган бўлса, биз ҳам болаларимизга албатта байрам кайфиятини улашишимиз керак. Масалан, мен болаларнинг кайфияти учун ҳар йили янги арча сотиб оламан. Бундан ташқари, ҳар йили бу байрамда болаларимга совғалар улашишни ҳам канда қилмайман. Бу йил уларга яхши ўқишлари шарти билан барабан ва гитара ҳадя қилишга ваъда берганман. Истардимки, ҳар бир ота-она бу байрамда байрам шукуҳи ва ифоридан баҳра олсин.

“НАФАҚАТ МЕНГА, БАЛКИ...”

Азиз РАЖАБИЙ, хонанда:
— Ҳаётда юқорига кўтарилиш ва пастлашлар бўлиб туради. Айнан пандемия, яъни 2020 ва 2021 йиллар бизга ҳаётга бошқа кўз билан қарашни ўргатди. 2019 йил фарзандли бўлганим боис мен учун айнан шу фарзандим билан вақт ўтказишимга шароит яратилди. Ахир қирқ олти ёшимда яна бир бор ота бўлиш – бу жуда қувончли-ку. Қолаверса, ўтган йил мен ва онам коронавирус касаллигига йўлиққанимиз учун иродамиз синалди. 2021 йил менга “инсон энг муҳими соғлом бўлса бас, қолган нарсалар топилаверади” деган нарсани ўргатди. Менимча, нафақат менга, барчага ўтган йил дарс бўла олди.

2022 йилдан ҳам фақат яхши нарсалар кутяпмиз. Менда шундай одат борки, ҳали бўлмаган ишни гапирмайман. Авваллари ҳам интервьюларимда режаларим ҳақида айтиб юборардим, кейин ўша иш ўхшамас эди. Шу туфайли ҳам кутаётган ниятларим, хаёлимдаги режалар ҳақида ҳали гапиришни истамайман. Яратганга шукр, ўйлаганларимиз аста-секинлик билан амалга ошиб боряпти.

“КАТТА ОРЗУЛАРИМДАН БИРИГА ЭРИШДИМ”

Акбар ЖЎРАЕВ, Оғир атлетика бўйича олимпиада ва жаҳон чемпиони:
— 2021 йил мен учун ҳам оиламиз учун ҳам жуда омадли якунланди. Сабаби айнан шу йилнинг ўзида энг катта орзуларимдан бири бўлган Олимпиада чемпиони мақомига эришдим. Ҳеч бир спортчи йўқки, олимпиада чемпионлигини орзу қилмаган бўлса. Қолаверса, яқиндагина катталар ўртасида жаҳон чемпиони бўлдим. Назаримда спортчи учун бундан ортиқ қувончли онлар бўлмаса керак.

Олдинда режалар кўп, Худо хоҳласа ҳали кўп бора чемпион бўлмоқчиман. 2022 йил эса рекордлар устида ишлашни ҳам режа қиляпман. Фурсатдан фойдаланиб, Янги йил айёми ва 2022 йил билан барча юртдошларимизни муборакбод этаман. Бу йил ҳар бир оилада қувончу шодликлар йили бўлиб келсин.

Байрам шукуҳи уйингизни йил давомида тарк этмасин. Бизнинг ижодий жамоамиз ҳам сизларни чин қалбдан қутлайди. Байрамингиз муборак бўлсин!

Моҳигул ДИЁРХЎЖАЕВА,
Учқун НАМОЗОВ тайёрлади

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Янги йилда чув тушган Cамандардан қорбобога айланган шоиргача...