Шу кунларда Туризм ва спорт вазирлигининг фейсбукдаги саҳифасида ва YouTube'даги «Мендирман Жалолиддин» каналида тақдим этилган «Индиана Жонс Ўзбекистонда» номли қисқа метражли видеоролик кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ушбу фильмга қуйидаги изоҳ илова қилинган: «АҚШлик видеоблоггерлар жамоаси Индиана Жонс руҳидаги қисқа видео суратга олишди. Фильмга ўзбекистонлик Беҳруз Ҳамзаев продюсерлик қилган, режиссёри эса Девин Грехем».
Видеоролик бошланишида ушбу жумлалар келтирилган: “Тимур, Тамерлан – дунёдаги энг машҳур босқинчилардан бири бўлиб, у ҳақидаги барча ҳикоялар қонли дарёлар билан тугайди. Унинг қўлида 17 миллиондан ортиқ одам ҳалок бўлган. У XIV асрда Ер юзидаги барча аҳолининг 5 фоизини қириб ташлади. “Ўлим отаси” сифатида ҳам танилган. Дафн этилганида қабр тошига лаънат ўйиб ёзилган: “Ким менинг қабримни очишга журъат этса, мендан ҳам қаттол босқинчига йўлиқади”. 1941 йили СССР ҳукумати унинг қабрини очди ва бир неча соатдан кейин Адольф Гитлер қўшинлари СССРга бостириб кирди. Жасад жойига қайтарилди, уруш тўсатдан тугади...”.
Бу фильм юзасидан Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон ўзининг фейсбук саҳифасида шундай изоҳ қолдирган: “Наҳотки, Ўзбекистонни дунё одамларига танитиш учун ўзбек миллий давлатчилигининг тимсолларидан бирига айланган Соҳибқирон бобомизни ерга уриш, топташ керак бўлса?
Наҳотки, бирор бир жиддий ва илмий жиҳатдан тадқиқ этилмаган, асосан ислом оламининг душманлари бўлмиш ғарб ва армани “тарихчи”ларнинг ёлғонга тўла асарларидан кўр-кўрона олинган сохта маълумотлардан фойдаланиш мумкин бўлса?!
Наҳотки, мазкур ишга бошу қош бўлган ўзбекистонлик вакиллар бунинг уялмасдан тузлуққа тупуриш эканини тушунишмаса?!” – деб ёзгaн таниқли шоир. Ушбу ҳолат юзасидан Хуршид Даврон Туризм ва спорт вазирлигидан изоҳ сўраган.
Azon.uz жамоаси ҳам ушбу фильм борасида тегишли ташкилотлар фикри билан қизиқди. Жумладан Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров бу фильм ҳақида қисқа қилиб «менга маъқул бўлмади» деб жавоб берди.
Шунингдек ушбу фильм хусусида тарих фанлари доктори, профессор, Темурийлар давлат музейи бўлим мудири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Абдураим Мадраимов шундай фикр билдирди:
«Айни кунларда ҳаммани эътиборини ўзига қаратаётган бу қисқа метражли фильмни бошида келтирилган Амир Темур ҳақидаги маълумотлар ғирт туҳматдан иборат. Амир Темур нафақат Ўзбекистоннинг фахри, балки йигирма еттита давлатни бирлаштирган буюк саркардадир. Бу фильмда Амир Темур ҳақида ёлғон, туҳмат гапларни келтирилиши ҳақиқатга тўғри эмас. Бу фильм чиққандан кейин биз яна бир бора тарихий манбаларга мурожаат қилдик. Ўз даврида етук олимлар ўрганган манбаларни яна бир бора кўриб чиқдик. Бу манбалар фильмда келтирилган гапларни фақатгина туҳмат эканлигини яна бир бора исботлади. Биз Амир Темур тўғрисида бу каби ёлғонларни тарқалишига қаршимиз».
Шунингдек, Республика маънавият ва маърифат маркази матбуот котиби Раззак Шаймарданов: «Бу иш ТВ, Маданият вазирлиги, АОКА, Дин ишлари қўмитаси, ОАВ ходимлари билан муҳокама қиладиган масала. Фақат матбуотда ёритиш эмас, охиригача етказиш керак. Муқаддас масканларга лоқайдлик, урф-одат, қадриятларимизга беписандликдир. Ёшларимизни ёт ғоялар қуршовига ташлайди. Бир тўхтамга келиб, масалани жиддий ўйлаб кўриш керак», деган мулоҳазаларини айтди.
Ушбу масала юзасидан Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати билан боғландик, лекин матбуот ходими бу фильмга раҳбарият билан маслаҳат қилгандан сўнг муносабат билдириши мумкинлигини айтди.
Ниҳоят видеороликка муносабат билдирган Туризм ва спорт вазирлиги видеоролик унинг ташаббуси билан тасвирга олинмаганини маълум қилди.
Хабар берилишича, ролик муаллифлари билан бу бўйича ҳеч қандай келишув ҳам бўлмаган.
«Вазирлик видеоролик аввалида соҳибқирон Амир Темур ҳақида айтилган фикрларга хайрихоҳ эмас. Шундай бўлса-да, қайд этиш жоизки, видеороликларда томошабиннинг эътиборини жалб қилиш учун ҳам “бадиий тўқима” қўлланган бўлиши мумкин, бу аудиторияни жалб қилиш мақсадида тез-тез ишлатиладиган услубдир. Видеороликнинг ўзини умумий оладиган бўлсак, бу каби видеолар мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини тарғиб қилишда ижобий хизмат қилади», — дейилади вазирлик муносабатида.
Қизиқ, буюк Соҳибқирон бобомизга туҳмат қилинган, уни ўнлаб миллион кишининг қотили дейилган сўзлар қандай қилиб “мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини тарғиб қилишда ижобий хизмат қилиши” мумкин?! Қани мантиқ, қани фаросат? “Аудиторияни жалб қилиш мақсадида” Амир Темур бобомизни “ўлим отаси” дейиш шартмиди?!
Нурбек Ғофуров
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Трампнинг режалари Украина учун қўрқинчли тус олмоқда...