10:08 / 19.07.2022
1 742

"Пахтакор"нинг собиқ устози бир қатор таклифларни рад этяпти, сабаби...

"Пахтакор"нинг собиқ устози бир қатор таклифларни рад этяпти, сабаби...
Мураббийлик қисмати қанақалигини унинг ичида ишлаётганлар жуда яхши билишади. Шунинг учун мураббийлар орасида ўзаро шундай гап бор: бугун келган жойингда чамадонинг албатта эшигинг олдида турсин! Бу ҳар қандай вазиятда ишдан кетишинг мумкин ва шунга доим тайёр тур, деган маънони билдиради. Ютса жамоа ютади, ютқазса мураббий ютқазади, деган ибора улар учун нақадар ёқимсиз ва ёзилмаган қонун бўлиб қолган. Чунки доим натижа ўхшамаганда калтак биринчи бўлиб бош мураббийнинг бошида синади. Ушбу сатрларни ёзишимизга сабаб бу “Пахтакор”нинг эндиликдаги собиқ устози Славче Войнескидир. Юқорида айтганларимиз ушбу мутахассис билан содир бўлди.

Мавсум бошида таклиф қилинди. Тошкентга келди, кўрди, ишлади ва кетди. Ҳа, мураббийлик қисматидаги аччиқ вазият уни ҳам четлаб ўтмади. Войнескига “Пахтакор”да ярим мавсум ишлаши кифоя қилди. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам натижа “гапиради”. Войнески бўйича мухлисларда турлича таассуротлар қолди. Бошида ҳаммаси яхшидек эди. Чунки чемпионат олдидан Кубок қўлга киритилди. Осиё Чемпионлар лигасида натижа ўхшамади. Биринчи даврани “Пахтакор” 3-ўринда тугатди. Раҳбарият эса македониялик мутахассис билан ҳамкорликни тўхтатишни лозим топди.

Войнески клубни тарк этгач, Sports.uz сайтига интервью бериб, унда барча масалага алоҳида тўхталиб ўтди. Майли, бунга яна эътибор қаратмоқчи эмасман. Ҳар қандай мураббийнинг ҳаёти клубдан кетгандан кейин тўхтаб қолмайди, яна давом этади. Бизга етиб келган маълумотларга қараганда, Войнески узоқ вақт ишсиз қолмайдиган кўринади. Боиси, унинг хизматига қизиқиш билдираётганлар талайгина.

Ёдингизда бўлса, сайтимизга берган интервьюсида иккита таклиф борлиги ҳақида айтиб ўтганди. Маълум бўлишича, улардан бири Осиёдан бўлиб, терма жамоа бошқарувини унга таклиф қилишган. “Пахтакор”нинг собиқ устози эса рад этган. Кейин Македониянинг етакчи жамоаларидан бири у билан ҳамкорлик қилиши истагини ўртага ташлаган. Кўпчилик, Славчени ўз юртида ишласа керак, деган тахминларни илгари сурмоқда. Бироқ ҳозирча бундай эмас. Боиси, Войнески ўша совриндор клубнинг таклифини ҳам қабул қилмаганлиги ойдинлашди.

Яна бир гап: илгари Туркияда ҳам фаолият олиб боргани сабабли у ерда ҳам Славче ҳақида яхши билишади. Бизнинг маълумотимизга кўра, турк клубларидан бири унга қизиқиш билдирмоқда. Бироқ ҳозирча “Пахтакор”нинг собиқ бош мураббийи бу борада жиддий реакция билдиргани йўқ.

Дарвоқе, қўшни Қозоғистондан ҳам мураббийга эътибор қаратилган. Унинг “Пахтакор”дан кетганини эшитган қозоқ клуби бош мураббийлик бўйича таклиф билан чиқишди. Аммо нимасидир ёқмаган кўринади, македониялик мутахассис бу чақирувни ҳам қабул қилмади. Кейин билсак шунча таклифларни рад қилаётганининг бошқа сабаби борга ўхшаб қолди. Гап шундаки, Войнески тез орада Словакияга сафар қилади. Бундан мақсад у ерда музокаралар столида суҳбат кечади. Аммо бу Словакия жамоалари билан боғлиқ эмас. Аниқроғи, Чехиядан яна бир жиддий чорлов бўлган. Ўшалар билан иш масаласида гаплашиш мақсадида 48 ёшли мутахассис Словакияга боради. Чунки музокара ушбу мамлакатда бўлиб ўтади. Агар томонлар бир тўхтамга келса, мураббий дарҳол яна ишга шўнғиб кетади.

Мураббий “Пахтакор” билан январь ойида шартнома имзолади ва 6 июль куни битим бекор қилинди. Шундай қилиб, у ерда 177 кун ишлагани маълум бўлди. Қизиғи, ундан олдин ишлаган клуби – “СФК Серед”да 166 кун иш фаолиятида бўлган. Умуман олганда, у Туркияда “Ризеспор”, “Газиантепспор”, “Генчлербирлиги”, “Элагизспор” сингари клубларда турли лавозимларда ишлаган. Шунингдек, Македония терма жамоасида бош мураббий ёрдамчиси лавозимида 5 йил давомида фаолият олиб борган. Қизиқ, “Пахтакор”дан кейин қайси жамоани қабул қиларкин?

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Пахтакор"нинг собиқ устози бир қатор таклифларни рад этяпти, сабаби...