09:57 / 07.09.2022
1 843

"Сурхон"ни тарк этган Лопес суҳбатда дилидаги гапларни айтди

"Сурхон"ни тарк этган Лопес суҳбатда дилидаги гапларни айтди
“Сурхон” клуби испаниялик мутахассис Анхель Лопес билан ҳамкорликни тўхтатгани ҳақида бир неча кун илгари сайтимиз орқали хабар бергандик.

Биз эса Лопес билан суҳбатлашишга келишиб олгандик. Чунки “Сурхон” бош мураббийлигидан истеъфога чиқарилгани сабабли испаниялик мутахассисга берадиган саволларимиз бор эди. Ниҳоят, мураббийнинг ўзи Sports.uz учун интервью беришга тайёрлигини билдирди.

- “Сурхон”ни тарк этишингиз АГМКга учралган мағлубият билан боғлиқми ёки бу ерда бошқа гап борми?
- Биринчи навбатда айтиб ўтишим керакки, мен Ўзбекистондаги тажрибадан роҳат олдим. Бу жуда қийин лойиҳа бўлди. Мен бу ерга мавсумолди тайёргарликнинг ўртасида етиб келдим. Футболчиларни ўзим танлай олмадим. Бирор марта ҳам ўз уйимизда футбол ўйнай олмадик. Биз доим Термиздан ташқарида ўйнадик. Афсуски, ўз мухлисларимиз қаршисида тўп тепа олмадик. Биз жуда яхши ўйнадик, замонавий футбол намойиш этдик. Доим рақибларимизга нисбатан рақобатбардош бўлишга ҳаракат қилдик.

Менимча, биз буни уддаладик. Аминманки, жамоамиз билан тўғри йўлда эдик ва ўз мақсадларимизга эришишга имкониятларимиз бор эди. Шунчаки, бизга кўпроқ вақт ва бироз сабр керак эди. “Сурхон”нинг барча футболчилари менга жуда чуқур ишонч билдиришганди. Шу боис ҳам мен учун ушбу лойиҳани тўхтатиш қийин. Аммо барибир қарорни қабул қилишни ўрганишим керак. Албатта, лойиҳада ишлашни давом эттиришни хоҳлардим. Яна “Сурхон”да фаолият олиб боришни жуда истагандим. Аммо раҳбарият мени истеъфога чиқаришга қарор қилди.

- Албатта, сиз клубдан кетишни истамагандингиз. Бироқ раҳбарият сиз билан ҳамкорликни тўхтатишни лозим топдилар. Уларнинг бундай муносабати сизни қанчалик ҳайрон қолдирди?
- Ҳа, мен кутмагандим. Чунки бу ерга катта лойиҳа учун келгандим. Футболда сиз қандайдир бошқача нарса қурмоқчи бўлсангиз бу кўпроқ вақтни олади. Биз ростдан ҳам яхши ўйнаётгандик. Ҳолбуки, таркибимиз унчалик яхши ҳолатда ҳам эмасди. Футболчилар билан кундалик яшаш шароитимиз ҳам у қадар ҳавас қиладиган даражада эмас. Лекин жамоам қай ҳолатда ўйнаганидан фахрланаман.

- Ўрнингизни Ҳамиджон Актамов эгаллаши ҳақида гап-сўзлар юрибди...
- Мен билмайман. Бу ҳақида клубдан сўрашингиз керак.

- Ҳақиқий мураббий эканингизни Бахтиёр Қосимовни чинакам футболчи қила олганингиздан билдим. Чунки бунгача ушбу ўйинчининг фаолиятида ўсиш кузатилмаган ва асосан қуйи лигада ўйнаб юрганди. Қўл остингизда эса у катта ўсишга эришиб, легионерга ҳам айланди. Мен фақат битта мисолни келтирдим холос. Бу ердаги ишингиз ўзингизга ҳам ёқдими?
- Мен жуда хурсандман. “Сурхон” футболчиларини февралда таҳлил қилгандим ва ҳозирги ҳолати билан солиштирганимда уларда катта ўзгаришларни кўришимиз мумкин. Бу албатта бизнинг қаттиқ меҳнатимизнинг самараси эди. Менда катта мақсадлар бор эди, худди Бахтиёр Қосимовникига ўхшаган. Уларни яхшироқ клубларга ва ҳаттоки, Испания жамоаларига сотиб клубимизга янада ёрдам бермоқчи эдим. Аммо барчаси мана шу ерда тугади.

- Ўзингиз учун нимани кашф қилдингиз?
- Мен жуда ҳам роҳат олдим. Фикримча, бу жуда яхши ва сифатли чемпионат. Бу менинг Осиёдаги учинчи тажрибам бўлди. Ўйлашимча, ажойиб мамлакатни ўзим учун кашф эта олдим. Бу ерда футбол юқори даражада эканлиги ва маҳаллий футболчиларнинг бу қадар яхши даражада футбол ўйнаши мени ҳайрон қолдирди.

- Кейинги режангиз қандай? Олдингизда аниқ таклифлар борми ёки бироз дам оласизми?
- Ҳозирда Испанияга қайтиб кетяпман. Футбол ўйинларини томоша қилиш ҳамда уларни таҳлил қилишда давом этаман. Испаниядаги футбол медиаси билан доимий ҳамкорлик қиламан. Уларда шарҳловчи сифатида ишлайман. Умид қиламанки, яна тез орада мураббийлик фаолиятига қайтаман.

- “Сурхон”нинг кейинги тақдири ҳақида нима дея оласиз?
- Аминманки, жамоа чемпионатда ўз ўрнини сақлаб қолади ва Суперлигадаги иштирокини давом эттиради.

- Яна ўзбек футболига қайтиш ниятингиз борми?
- Албатта, ўз фаолиятимни шу ерда давом эттиришни жуда хоҳлаган бўлардим. Ҳозирда февралда келганимдан ҳам кўра тайёрман. Чунки мен исботлай олдим ва барчага замонавий футбол ўйнай олишимизни кўрсата олдик. Яхши даражада ўйнаётгандик. Ҳаттоки, топ-клубларга қарши барқарор ўйин намойиш эта олдик. Ушбу барқарорликни йўқотиб қўйганимиз йўқ. Шу тариқа, мен Ўзбекистонда муваффақиятли лойиҳани кучайтира олишда имкониятим борлигини кўрсата олдим. Биз юқори прессингли ҳужумкор футбол ўйнадик ва доим таваккалчилик қилиб турдик. Жамоамизнинг кучли услуби бор эди. Ғояларимиз ҳам шунга яраша кучли эди. Ўйлашимча, маҳаллий футболчилар бизнинг ўйин услубимиздан хурсанд эдилар.

- Агар сиздан Ўзбекистон ҳақида сўрашса нима деб жавоб берасиз?
- Бу юқори даражадаги футбол. Ўйинлар доим замонавий футболни ўрганишга чанқоқ ҳолатда бўлдилар. Ўзбекистон одамлари ниҳоятда меҳрибон.

- Мухлислар учун қандай гапларингиз бор?
- “Сурхон” клубида ишлаётган пайтимда Термизда ўйнаб, маҳаллий мухлисларни хурсанд қилиш ва Термиздаги ўйинларда роҳат олиш имкониятига эга бўлмаганимдан жуда ҳам афсусдаман. Умид қиламанки, тез орада клуб ўз стадионини таъмирдан чиқаради ва жамоа Термизда ўйнаш имкониятига эга бўлади. Ўз майдонида ўйнаб жамоа янада ривожланишини хоҳлаган бўлардим.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Сурхон"ни тарк этган Лопес суҳбатда дилидаги гапларни айтди