12:04 / 16.09.2022
1 520

Махарадзе 5 йилга футболдан четлатилди. 5 нафар шахсдан иборат гуруҳнинг иши фош этилди

Махарадзе 5 йилга футболдан четлатилди. 5 нафар шахсдан иборат гуруҳнинг иши фош этилди
Фото: Локомотив
Ўзбекистон ОАВлари орқали кенг муҳокамаларга сабаб бўлган «Локомотив» ПФК футболчиси Кахи Махарадзе ва бошқаларнинг тотализатор ҳамда келишилган ўйинларда иштирок этганлиги ҳолати юзасидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан тегишли тартибда текширув ўтказилиб, Этика қўмитасида кўриб чиқилди. Бу ҳақда ЎФА хабар бермоқда.

Aниқланишича, «Локомотив» ПФК футболчиси Кахи Махарадзе, футболчи Евгений Кочнев, Грузия фуқаролари Г.К. ва Ч.М. исмли шахслар ўзаро тил бириктириб, фирибгарлик йўли билан бойлик орттириш мақсадида, хитойлик ўзини Жай деб таништирган шахснинг ишончига кириб, тотализатор конторалари орқали «Локомотив» футбол клубининг учрашувларини Кахи Махарадзе ва бошқа футболчилар билан келишган ҳолда ўзлари учун қониқарли натижа билан якунлашга ёлғон ваъда бериб, ишонтирганлар.

Хусусан, шу йил 27 май кунги «Навбаҳор» – «Локомотив» учрашувида 2:0 ҳисоби қайд этилган бўлиб, К.Махарадзе, Г.К., Ч.М. ва Е.Кочневлар мазкур ўйин учун Жай исмли шахсдан тахминан 30.000 AҚШ доллари олиб, ўзаро бўлишиб олганлар.

Бундан ташқари, «Локомотив»нинг ОКМК ва «Сўғдиёна» футбол клубларига қарши учрашувларига юқоридаги шахслар томонидан пул тикиш масаласи муҳокама қилинган бўлса-да, лекин бу амалга ошмагани аниқланган (ушбу маълумот ОФК ва «Спортрадар» ташкилотлари томонидан ҳам тасдиқланган).

Шундан сўнг, «Локомотив»нинг меҳмонда «Насаф»га қарши учрашувда мағлуб бўлишини тахмин қилиб, К.Махарадзе бу ўйинни ютқазиб беришига Жайни ишонтириб, у томонидан тотализаторда пул тикилишига сабабчи бўлган.

«Локомотив» ва «Насаф» жамоалари ўртасидаги учрашув 0:0 ҳисоби билан якунланганидан сўнг, Жай ўзи томонидан ютқазилган 100.000 AҚШ долларини К.Махарадзе, Ч.М., Г.К. ва Е.Кочневлардан талаб қилган. Рад жавоби олгач, ўч олиш мақсадида улар ҳақидаги маълумотларни ЎФA ва ОAВларнинг электрон почталарига юборган.

ЎФA томонидан текширув бошлангач, Жай ноқонуний фаолияти натижасида ўз мамлакатининг тегишли ташкилотлари томонидан жавобгарликка тортилиши мумкинлигини англаб, юқорида юборган маълумотлар нотўғрилиги, суратларни ўзи ясаганлиги ҳақида хабар юборган.

Юқоридагиларни ўрганиб чиқиш натижасида, ЎФA Этика қўмитаси йиғилишининг қарорига кўра, Кахи Махарадзе Интизом кодексининг тегишли бандлари бўйича айбдор деб топилиб, унга нисбатан футбол билан боғлиқ фаолиятнинг барча турларидан 5 йил муддатга четлатилиб, юз миллион сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Шунингдек, футболчи Евгений Кочнев ҳам Интизом кодексининг тегишли бандлари билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан футбол билан боғлиқ фаолиятнинг барча турларидан 3 йил муддатга четлатилиб, ўттиз миллион сўм миқдорида жарима жазоси тайинланган.

«Текширув давомида «Локомотив» ПФКнинг бошқа футболчилари ва мураббийлари тотализатор ҳамда келишилган ўйинларда иштирок этмаганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан унга алоқадор бўлган чет эл фуқароларининг шубҳали ҳаракатлари бўйича маълумотлар тегишли халқаро ташкилотларга юборилди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси келишилган ўйинларни аниқлаш бўйича ОФК ва «Спортрадар» билан мунтазам равишда ҳамкорлик қилиб келмоқда ҳамда шу каби ҳолатлар аниқланса, айбдорларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантиради
», - дейилади ЎФА хабарида.

Эслатиб ўтамиз, ўзини 188Bet букмекерлик компанияси назоратчиси сифатида таништирган шахс Ўзбекистон футбол ассоциацияси, футбол ташкилотлари, ОАВ ва клубларга жўнатган хатида «Локомотив» клуби ва унинг сардори Кахи Махарадзенинг келишилган ўйинда қатнашганини иддао қилиб, бир қатор далилларни келтирганди.

Маълумот учун, 34 ёшли Махарадзе 2009 йил Грузиядан Ўзбекистонга келиб, ҳозирга қадар «Локомотив», «Пахтакор», «Сўғдиёна» клублари шарафини ҳимоя қилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Махарадзе 5 йилга футболдан четлатилди. 5 нафар шахсдан иборат гуруҳнинг иши фош этилди