22:48 / 24.09.2022
2 479

Элдор Эронов : "Мен билан елкама-елка турган кўплаб дўстларим шуни ортидан ўлиб кетишди"

Элдор Эронов : "Мен билан елкама-елка турган кўплаб дўстларим шуни ортидан ўлиб кетишди"
"Восточний Воин" промоушени чемпиони Элдор Эронов билан SPORTS.uz сайти интервью уюштирди. ММА оламидаги анча-мунча сирлардан хабардор жангчи билан ўтказилган мазкур интервьюни сизнинг ихтиёрингизгга ҳавола қиламиз. Жангчимиз суҳбат давомида мухлисларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб бериб ўтди.

Сизни ММА оламида "кўча боласи" деб аташади. Аввалги жангингиз арафасида 27 сутка қамоқда ўтирган экансиз. Бу нима билан боғлиқ?

- Ошна-оғайниларимиз бор. Улар сабабли бироз муддат озодликдан маҳрум бўлдим. Кейин у ерда ўтириб узоқ ўйладим. Тафаккур қилишга етарлича вақт бўлди. Афсуски, олдин қилинган ишлар учун ҳозир ҳам баъзида жавоб беришга тўғри келмоқда. Бебошлик сабабли ёмон болаларга қўшилиб қолдик. Мени кўчада номим чиқишини, мени ҳамма танишини, Элдор деганда ҳамма қўрқишини истаган эдим. Ҳозир бу нарсалар жуда ҳам нотўғри эканини тушундим. Ҳаётда дўстларимиздан беш-олтитаси оламдан ўтиб қолди. Ўзим оилалиман. 3 фарзандим бор. Кимнидир ўлимига сабабчи бўлиб қолишни истамайман.

Нима учун аввалроқ буни англамадингиз?

- Инсон унутувчи. Яхши кунлар кўпайгани сари, оғир дамлар унутилиб кетади. Мен билан елкама-елка турган кўплаб дўстларим шуни ортидан ўлиб кетишди. Мурод Хонтўраев, Жамшид Кенжаев ва бошқа йигитлар эрта вафот этишди. Жамшид билан жуда яқин дўст эдик. Унинг ўлимини кўргач, кўп нарсани қайтадан ўйлаб кўришга қарор қилдим.

Қанчалар қийин бўлди у ҳаётдан воз кечиш?

- Соғинч. Оиламдан узоқ бўлганим сари уларга қанчалар керак эканлигимни тушуниб бордим. Виждоним қийнала бошлади. Кейин ҳаммасини йиғиштириб ташладим. Ҳозир ўзимни анча енгил ҳис қиляпман.

Ўзбек ММА олами вакилларини иккига ажратиш мумкин. Авваллари кўплаб жангчилар ҳеч кимга билдирмай четда жанг қилиб қайтар эди. Ҳозир эса юртимизда промоушенлар талайгина. Айтингчи, икки даврда жанг қилган йигитларнинг қандай фарқи бор?

- Жуда катта фарқ бор. Четга чиқиб жанг қилиш қийинчиликлари ўз йўлига. Аввалги авлод вакилларида ғалабага очлик, кўздаги олов бошқа даражада эди. Пул топиш учун октагонда шоу билан биргаликда қонли тўқнашувларда иштирок этишга мажбур бўлганмиз. Ҳозиргиларнинг барчаси "пиар"га ўтиб олди. Интернет орқали чиқишлар, ҳар хил треш-ток сабабли рейтинг йиғишмоқда. Мана яқинда Одилхон шу алфозда анча-мунча инсонларни эътиборини тортди. Очиғи, бу бизга тўғри келмайдиган иш. Россиядан ўғирланган шоуларни юртимизга олиб кириш шарт эмас.

ВВЧ нинг биринчи турнирда шахсан Сурхондарё ҳокими сизни октагон олдида туриб қўллаб-қувватлаган эди. Ғалабадан кейин ҳокимдан қандайдир совға олганмидингиз?

- Бу видеодан кейин интернетда мени "ҳокимни жияни" деб ёзганларни ҳам кўрдим. Шу нарсага ҳозир аниқлик киритамиз. Ҳоким мен учун ҳеч ким эмас. Шунингдек, мен ҳам ҳокимга ҳеч ким эмасман. Оддий бир Сурхондарёни ўғлониман. Охирги жанг эди. Стартдаёқ кучли зарба ўтказиб юбориб, нокдаун ҳолатига тушдим. Кейин жангни партерга кўчириб, вазиятни тенглаштиришга уриндим. Бу вазиятни томоша қилиб тургани учун ҳам бу инсон ўрнидан туриб, охиригача мени қўллаб-қувватлади. Бунинг учун уларга миннатдорчилик билдираман. Совға ёки қандайдир моддий ёрдам бўлгани йўқ. Ўзи Андижон ҳокимидан бошқа ҳокимлар жангчиларни қадрлаш, уларни моддий қўллаб-қувватлашда ўрнак олиши мумкин. Инсонда мотивация кучайиши учун бунда "поддержка" керак.

Бу спорт ортидан Ўзбекистонда кўп пул топиш мумкинми?

- Албатта, бироқ Осиёда эмас. Сиз ўйлаётган пулларни бу ерда ҳеч ким тўламайди. UFC, Беллатордагина катта пул тўланиши мумкин. Ҳозир бизда 200+200 тўланади. Бу жанг учун 200 доллар, ютсангиз яна шунча дегани. Бу қайси мезонга тўғри келади? Ҳар қандай жангчи ҳар ойда ўзи учун камида 200 доллар харажат қилади. Шахсан мен 300 доллардан ошиқ пул сарфлайман. Овқатланишим, машғулотларим, витаминларим... Буларнинг ҳаммаси пул туради. Ҳозир бизни спорт билан ишни бирдек олиб кетишнинг имкони йўқ. Кўплаб жангчиларимиз қоровул ёки тансоқчи бўлиб ишлайди. Кечаси билан тик оёқда тургач, залга келганда билакларингизда куч бўлмайди. Уйқусизлик ҳар қандай спортчини "синдириб" ташлайди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Элдор Эронов : "Мен билан елкама-елка турган кўплаб дўстларим шуни ортидан ўлиб кетишди"