06:30 / 24.10.2022
2 096

"Навбаҳор" ютқазиб қўйиши мумкин?! Нега?

"Навбаҳор" ютқазиб қўйиши мумкин?! Нега?
24-26 октябрь кунлари Суперлигамизда 23-тур ўйинлари ўтказилади. Жўжани кузда санаймиз, деган нақлга ҳозир роса амал қилинадиган пайтда. Кимдир очко йўқотса, бу жуда қимматга тушадиган вазият.

Мухлислар яхши билган мутахассислардан бири Баҳром Ҳайдаров тур олдидан клубларнинг имкониятлари борасида ўзининг қарашлари билан ўртоқлашди.

24 октябрь (душанба)

“Сурхон” – “Қизилқум”

- “Сурхон” “подьём”да. Кўриниб турибдики, барқарор ўйин кўрсатишяпти. Тўғри, хатосиз жамоа бўлмайди. Лекин ўйини анча яхши томонга ўзгарган. “Қизилқум”да тажрибали футболчилар бор. Навоийликлар ўтган турда мағлубиятга учрашди. Улар ҳам жон-жаҳди билан курашишади. Лекин “Сурхон” шу учрашувда 3 очкони қўлга киритса, Суперлигада қолиш учун имконияти янада ошиб кетади ва бемалол қолади. Шуни ҳисобга олганда, ўйлайманки, минимал ҳисобда “Сурхон” ютса керак.

“Пахтакор” – “Локомотив”
- “Локомотив”нинг ҳолатига келсак, гарчи ундан кейин “Қўқон-1912” жамоаси турган бўлса ҳам ҳозир энг оғири “Локомотив”га бўлса керак деб ўйлайман. Чунки жамоада можаролар бўлди, мураббийлар тез-тез алмашяпти. Таркибда ҳам ёшлар кўп. Қийин паллада ўйинни ўз қўлига оладиган ўйинчилар ҳам кам. “Пахтакор” чемпионлик учун курашяпти. Шу боис улар катта қийинчиликсиз ютса керак

25 октябрь (сешанба)

“Металлург” – “Нефтчи”

- Иккала жамоанинг имкониятларини тенг баҳолайман. Охирги 5-6 та турда “Металлург” ҳам, “Нефтчи” ҳам барқарор ўйин намойиш этишяпти. Ушбу тўқнашувда кўпроқ дуранг натижани тахмин қиляпман.

“Навбаҳор” – “Олимпик”
- “Олимпик”даги футболчиларни ҳамма ёшлар деб айтишяпти-ку, лекин унинг замирига қарасак, терма жамоа ўзагини ташкил қилишяпти. Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг асосий футболчиларидир. Ўйинчилари ҳам роса югурадиган ёшда. “Олимпик” ҳар қандай жамоани ютишга қодир. Ёшларга сафарда бўладими ёки уйидами, фарқи йўқ. Лекин “Навбаҳор” чемпионликка курашяпти ва ўз майдонида ўйнаётгани учун имкониятларни 60\40 баҳолаган бўлардим. Наманганликлар минимал ҳисобда ютиши мумкин. Агар имкониятлардан фойдалана олмаса ютқазиб қўйиши ҳам мумкин.

“Насаф” – “Бунёдкор”
- Ўйлайманки, “Насаф” ўз уйидаги бундай имкониятни қўлдан чиқариб юбормаса керак. Биринчи навбатда чемпионликка бунчалик яқин келмаганди. Бунинг устига ўз майдонида тўп суради. Назаримда, қаршиликлар иккита тўп фарқи билан ютади.

26 октябрь (чоршанба)

“Қўқон-1912” – “Сўғдиёна”

- Охирги пайтларда иккала жамоа ўйинида ҳам бироз сусткашлик бўляпти. Лекин қўқонликларнинг ўйинини кўрсангиз омад келмаётганига гувоҳ бўласиз. Қайсидир учрашувда бу клуб “очилиб”, қийин вазиятдан чиқиб кетиши керак. Агар “Қўқон-1912” ушбу ўйинда ҳам ғалаба қозонмаса у ҳолда уларнинг аҳволи анча қийинлашиб қолади. Ютадиган бўлса, “Локомотив”дан ўтиб кетиши мумкин. “Сўғдиёна” ўйинида бироз инқироз кузатиляпти. Руҳий тарафлама ҳам тушкунликка тушиб қолишган. Шуларни ҳисобга олганда, 60\40 қўқонликлар фойдасига.

АГМК – “Динамо”
- Ҳаммага маълум, “Динамо”да Суперлигада қолиш учун деярли имконият қолмади. Футболчилар жамоа шаъни учун курашишяпти, холос. АГМК охирги пайтларда ютгани сабабли яна совринли ўринларга курашиш учун имконият пайдо бўлди. Ўйлайманки, АГМК ўз уйидаги имкониятни қўлдан чиқариб юбормайди. Имкониятлар 70\30.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Навбаҳор" ютқазиб қўйиши мумкин?! Нега?