Бугун Суперлигада 25-тур баҳслари ўтказилади. Бу сафар барча – 7 та жуфтлик бир вақтда бўлмаса-да, шу бугуннинг ўзида ўз ўйинларини ўтказадилар. Учрашувларнинг бошланиши соат 14:00 дан 18:30 га қадар. Чемпионат деярли поёнига етиб қолди. Фақат ҳаммани қизиқтираётган масала бу жорий йилги Ўзбекистон чемпионлиги кимга насиб қилишидир.
Шунинг учун кўпчилик мутахассислар бу йилги биринчилигимизни олдингиларига қараганда анча бошқача, интригага бой ўтаётгани хусусида гапиришмоқда. Ёдимизда, авваллари бир неча тур олдин чемпион жамоа номи аниқ бўлиб улгурарди. Бу эса ўз-ўзидан чемпионатга бўлган қизиқишни ҳаминқадар пасайтириб юборарди. Бу сафар ҳаммаси бошқача. Ҳали чемпион номи номаълум. Бу йўлда учта клуб жон-жаҳди билан курашяпти. Даъвогарларни биласиз: “Насаф”, “Пахтакор” ва “Навбаҳор”. Очколари 49, 48 ва 47 та.
Яқинда “Насаф” клуби Ўзбекистон Кубогини қўлга киритди. Аммо ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ғолиб бўлган бош мураббий Рўзиқул Бердиев Суперлигадаги чемпионлик асосийси эканини айтиб, бор эътибори шунга қаратилганини ҳам қўшимча қилиб ўтганди. Ҳар йили совринли ўринлар учун курашиб келадиган “Аждарлар” бу йил ҳар қачонгидан кўра чемпионликка жуда яқин келиб қолдилар. Улар Ўзбекистон чемпионатида ютиш мумкин бўлган барча совринларни қўлга киритган.
Фақатгина олтин медал – чемпионлик етишмай келмоқда. Лекин энди ҳаммаси бошқача. Чунки чемпионлик тақдири “Насаф”нинг ўз қўлида қолган. Олдинда эса иккита ўйин турибди. Бугун Қаршида “Нефтчи” билан ўйнаса, 12 ноябрь куни Тошкентда “Олимпик” меҳмони бўлади. Кўпчилик “Насаф” учун чемпионат сўнгги турида “Олимпик”ка қарши баҳс жуда мураккаб кечишини ва таъбир жоиз бўлса, рақобатчилари ҳам уларнинг ўша ерда қоқилишини кутмоқдалар.
Лекин “Насаф” бугун чемпионлик масаласини ҳал қилиб қўйиши мумкин! Чунки футболда ҳамма нарса бўлиши табиий. Олтин медаллар учун бошқа даъвогарлар – “Пахтакор” ўз уйида “Қизилқум”ни қабул қилади, “Навбаҳор” Бекободда “Металлург”га қарши майдонга тушади. Агар бугун “Пахтакор” билан “Навбаҳор” дуранг қайд этиб, “Насаф” ютадиган бўлса ҳам қаршиликларни чемпионлик билан табрикласак бўлаверади. Чунки охирги турда очколар тенглашган тақдирда ҳам “Насаф”нинг “Пахтакор” билан ўзаро учрашувлардаги натижаси ижобий.
Қаршиликларнинг турнир жадвалидаги кўрсаткичлари ҳам яхши ҳолатда. Жамоа фақат бир марта ютқазган. Ёдингизда бўлса, 14-турда “Насаф” ўз майдонида “Навбаҳор”га 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйган. Лекин ўша мағлубият ҳам қаршиликларни чемпионлик йўлидаги курашда асло тўхтата олмаяпти.
Албатта, ҳозирги ҳаяжонли пайтлар яқинлашаётгани сайин “Насаф” босим остида қоляпти. Буни тўғри қабул қилиш керак. Гарчи буни жамоа аъзолари тан олгиси келмаса-да, барибир азалий орзуси – чемпионлик йўлида босим бўлиши табиий. Боз устига рақобатчилари изма-из таъқиб этиб келмоқда. Охирги натижаларга қарасак, “Насаф” рақибларини асосан битта тўп фарқи билан ютиб келмоқда. 1:0 ёки 2:1, бўлмаса дуранг! Охирги марта 10 сентябрь куни “Сурхон” дарвозасига жавобсиз 2 та гол урган. Биз нима демоқчимиз? Ҳозир шундай пайтки, “Насаф”га энди чиройли ўйиннинг у қадар аҳамияти қолмади.
Ҳамма гап натижада. Чунки чемпионликка яқин келгани сари натижанинг қиймати жуда қадрли бўлиб бораверади. Агар минг чиройли ўйнасангиз-у, бироқ натижа бўлмаса бу “Насаф” учун қандай фойда? Шу сабабли Бердиев ва унинг жамоаси учун натижа энг устивор вазифага айланган. Буни ўтган турда Қаршида “Динамо” билан баҳсда ҳам кўрдик. Суперлигани тарк этиб улгурган жамоа дарвозасига “Насаф” кўпроқ голлар урса керак, йирик ҳисоб кузатилади, деганлар кўп бўлганди.
Бироқ шу куни “Аждарлар” минимал ҳисоб – 1:0 билан чекланди. Бу ҳам юқоридаги фикримизга мисол бўлади. Чунки уларни тўғри тушуниш мумкин. Ҳозир хато қилишга ҳаққи йўқ. Агар қоқиладиган бўлса, оғзидаги ошни олдириб қўйиши мумкин. Лекин кўпчилик бунга ишонмаяпти ва “Насаф”нинг биринчи чемпионлигига эришишига ишонишяпти.
Қизиқ, айнан бугун чемпионликни тантана қилишлари ҳам мумкин ёки узоғи билан 12 ноябрь куни! Охирги тургача бирор-бир кутилмаган натижалар қайд этилмаса, “Насаф” байрамга тайёрланаверсин...
Шуҳратбек Жўраев.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи