17:17 / 21.01.2023
419

“Торино”га ўтиш Элдор учун тўғри қарорми? Уни Туринда нималар кутмоқда?

“Торино”га ўтиш Элдор учун тўғри қарорми? Уни Туринда нималар кутмоқда?
Элдорнинг "Рома"даги ишлари юришмаяпти. Шу боис, қишки трансфер ойнаси ёпилгунига қадар, бошқа бир клуб билан шартнома имзолашининг эҳтимоли юқори. Биз, "Шома" билан қизиқаётган жамоаларни тўлиқ ўрганиб чиқдик. Унга кўра, ҳамюртимиз учун "Рома"дан кейинги клуб бўлишга ҳар томондан энг муносиби деб "Торино"ни топдик. Нега дейсизми? Бугун, аналитик таҳлил орқали буни исботлаб берамиз.

“Торино”нинг ўйин услуби қандай? Юрич нега айнан Элдорни танлади?

Иван Юрич қўл остидаги “буқалар” классик қарши ҳужумга таянадиган аутсайдерлардан кескин фарқ қилади. Жамоа асосий вақтини позицион ҳужумларга сарфлайдиган, тўп назоратини яхши кўрувчи фаворитлар қаторида ҳам йўқ. Юричнинг “фишка"си ҳам аслида шу. У ўйиннинг керакли палласида темпни ошириб, бошқа пайт ишончли ҳимоялана оладиган жамоа қуришга интилмоқда.

Ўйин схемаси 3-4-2-1. 3 та марказий ҳимоячи бир чизиқда ўйнайди. Қанотдаги лотераллар керакли паллада ҳужумларга қўшилса, рақиб темпни оширган пайтда схеманинг 5-2-2-1га айланишини таъминлайди. Бу схема яхши фойда бериши учун олдиндаги соф ҳужумчи прессингда иштирок этиш вазифасидан озод этилади. У исталган пайтда амалга ошиши мумкин бўлган қарши ҳужумга тайёр туриши керак.

Демак, бу ўз-ўзидан ҳужумчи катта тезликка эга бўлиши шартлигини англатади. Шунингдек, бу схема керакли паллада ўйинда доминантлик қилиш имконини ҳам беради. Яъни, бемалол позицион ҳужум уюштириш мумкин. Марказий ҳужумчи ортидаги иккита ярим ҳимоячи жарима майдончаси атрофида жойлашганча, бош ҳудуд излашни бошлайди. Қанот ҳимоячилари эса, вингерга айланиши, рақибни янада чуқурроқ ҳимояланишга мажбур этади.

Демак, ўз-ўзидан қанотдан узатилган тўплар сони кескин ортади. Бундай вазиятда “Торино”га баланд бўйли, иккинчи қаватда яхши ўйнай оладиган ҳужумчи керак. Бежизга Иван Юричнинг шахсан ўзи Элдор Шомуродов трансферини амалга оширишларини клуб раҳбарларидан талаб қилмаяпти. Ҳамюртимиз бу икки аспектда ҳам А Сериянинг исталган форварди билан баҳслаша олади.

"Торино"нинг қанотдан узатмаси голга айланган вазият

Айни дамда “Торино”нинг асосий ҳужумчиси бўлиб турган Санабрия эса, тезлик бобида мақтанолмайди. Бўйининг баландлиги ҳам 180 см. Бу юртдошимиздан 10 см пастроқ дегани.

Парагвайлик ҳужумчи “Барселона” академияси тарбияланувчиси бўлгани боис, асосан тезкор узатмаларга ихтисослашган ўйинда ўзини яхши ҳис қилади. Тезкорлик ва жисмоний ҳолат унинг устунлик томонлари эмас. Юрич тарғиб этаётган ўйин услуби унга мос тушмаётганини киритилган голлар сони билан ҳам баҳолаш мумкин: 12 ўйин 3 та гол. 798 дақиқада атиги уч бор рақиб дарвозасини ишғол қилиш - паст кўрсаткич, бу ҳар 266 дақиқада битта гол дегани. Айни дамда, жамоанинг энг сермаҳсул футболчилари Радонович, Влашич ва Миранчук бўлиб тургани ҳам Юрич қўллаётган услубнинг сўнгги зарбасида муаммолар борлигини кўрсатади. Умуман олганда, “Торино” Элдорга ўзининг бор потенциалини кўрсатиш учун энг қулай вариант. Шома кучли жиҳатларини бемалол ишга солиши мумкин.

Элдорнинг янги жамоасидаги имкониятлари қандай?

Катта эҳтимол билан, легионеримиз янги жамоага келиши билан автоматик равишда биринчи рақамли форвардга айланади. Унга рақобат туғдириши мумкин бўлган Санабрия Юрич истаётган схемага мос келмаган бўлса, Петро Пеллегри ҳали ёш. Шунга қарамай, мураббий уни А Серия доирасидаги 11 ўйинда синаб кўрди. Натижада битта гол, аммо Пеллегрининг майдонда ўтказган умумий вақти атиги 367 дақиқа эканлигини ҳам унутмаслик лозим. “Рома”дан фарқли ўлароқ, “Торино”да марказий ҳужумчи ўзи учун ўзи вазият яратиши, тўпсиз қолганда марказга қайтиб, прессингда ишлаши шарт эмас. Шунингдек, олдинги чизиқда ҳужум ташкил этишга бир эмас, иккита соф плеймейкер йўналтирилган.

Миранчук ва Влашич тандеми А Сериядаги энг креатив ярим ҳимоя чизиғини ташкил этмоқда. Тўғри, “Торино” ўйин сифати борасида “Рома”дан бироз ортда қолиши мумкин, аммо бу фарқни “буқалар” кучли ўйин механизми билан йўққа чиқаришга уринади. Римликларда жуда кўп нарса айрим ижрочиларнинг (Абрахам, Пеллегрини, Смоллинг) маҳоратига боғлиқ бўлса, “Женоа” кўпроқ яхлит механизм сифатида ҳаракат қилишга уринарди.

Ёдингизда бўлса, генуяликлар иккинчи даврада янги мураббий қўл остида шундай темпда ҳаракат қилган ва Элдор гол киритишни бошлаб юборганди. Ҳеч ким берилган вазифадан ортиғини бажармайдиган жамоаларда кўпинча ҳужумлар сўнгги зарбага қадар етиб бориши табиий. Аслида, олдинги чизиқдаги барча ишни бир неча йиллардан бери ўз зиммасига олиб келаётган Андреа Белоттининг кетиши “буқалар”ни анчагина қийнаб қўйди.

Юричнинг иккита ҳужумкор ярим ҳимоячига таянган схемаси рақиб ҳимоячилари марказий ҳужумчини тўлиқ беркитиб ташлаганда ўйинга қўшилади. Бежизга, Миранчук ва Влашич ҳисобида 6 та гол мавжуд эмас. Эътиборлиси, Элдор нафақат яхши якунловчи, балки вингер сифатида ҳам ўйнай олади. Яъни, керакли паллада бўш зонага чиқиб бораётган ортидаги икки футболчини яхшироқ вазиятга ҳам чиқариб юбориши мумкин.

Статистика нима демоқда?

Эътиборлиси шундаки, А Серия доирасидаги ўйинларда Юрич жамоаси уйдан кўра, меҳмонда кўпроқ очко жамғармоқда. "xG"ни кўриб чиқар эканмиз жамоанинг ҳар бир беллашувда ўртача ишлаётган очкоси 1,35ни ташкил этмоқда. Энди, яратилаётган имкониятларга эътибор қаратинг! Бир баҳс давомида ўртача 2,1 гол уриш имкони пайдо бўляпти. Бу 85 дақиқада бир бор рақиб дарвозаси ишғол қилинмоқда дегани. Уйдаги ўйинларда 112 дақиқа сарфланаётган бўлса, меҳмонда ўртача ҳар баҳсда бир гол киритишга 74 минут етарли бўляпти.

Ички биринчилик доирасида бир беллашувда ўртача урилаётган голлар 1,06 та бўлса, ўтказиб юборилаётгани 1,12 тага тенг. Бундан кўриниб турибдики, бугунги “Торино”га яримта имкониятни голга айлантира оладиган галеадор сув ва ҳаводек зарур. Жамоа ўйин фалсафаси минималлик ва иккинчи рақам билан ҳаракатланиш устига қурилган.

Демак, бундай жамоаларда ҳар бир тўқнашувда узоғи билан 2 ёки 3 та голли вазиятдан кўпроғи кутилмайди. Бу эса, жамоанинг ўртамиёна форвард билан 10 кишининг меҳнатини ҳавога учириб юбориш эҳтимолини оширади. Абрахами бор Моуриньодан фарқли ўлароқ, Юрич Элдорни қадрлашига шубҳа йўқ. У қурган жамоа ўйинида энг сўнгги элемент – якунловчи йўқлиги кўриниб турибди. Шома ўзига билдирилган ишончни оқлай олса, яна аввалги формага тезда қайтиши мумкин.

“Торино”га ўтиш ортга ташланган қадамми?

Бир қарашда ҳа, аммо бугунги “Рома”нинг А Сериядаги кучли тўрт жамоадан бири эмаслигини инобатга олсак, вазият кўринганидек қўрқинчли эмас. Ҳа тўғри, “Торино” еврокубокларга римликлар сингари яқин эмас, аммо ҳозирги вазиятга реал кўз билан боқиш лозим. “Рома” Элдорнинг карьерасидаги сўнгги манзил эмас, у бундан ҳам кучли жамоаларда ўйнай олади. Бунинг учун тўлиқ ўйин амалиётига эга бўлиш лозим. А Серия доим эътибор маркзида бўлади.

Ҳозир Шома учун ортга бир, олдинга икки қадам ташлайдиган пайт. Голлар уришни бошласа, унга бўлган эътибор яна қайтади. Боз устига, Элдор билан профессионал агентлар ишлаётганини ҳам унутмаслик лозим. Улар биринчи имкон бўлиши билан ҳамюртимизнинг яна гранд клубга ўтишига замин яратади. Энди барчаси, Элдорнинг ўзига боғлиқ. Бу Италияни забт этиш учун унинг 3-юриши бўлади.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Торино”га ўтиш Элдор учун тўғри қарорми? Уни Туринда нималар кутмоқда?