“Специя”ни қабул қилиб олган янги бош мураббий Леонардо Семпличи “Альберто Пикко” стадиони матбуот марказида журналистларга ўз фикр-мулоҳазалари, иш услуби, режалари ҳақида маълумот берди.
Анжуман аввалида “Специя” спорт директори Эдоардо Масиа сўз олиб, бош мураббийликка нега айнан Семпличи номзоди маъқулланганини изоҳ берди.
- Вазият чуқур таҳлил қилинганидан кейин Леонардо Семпличини танладик. У 30 июнгача бош мураббийимиз бўлади. Ҳамкорликни давом эттириш учун олдинга қўйилган вазифани уддалай олишига ишонамиз. У ўзининг юқори савияда ишлай олиш лаёқатини намойиш қилиш учун камтаргина даражадан бошланган узоқ йўлни босиб ўтган.
Мен у билан “Фиорентина”нинг ёшлар жамоаси бўлимида танишганман. Леонардо ўша жамоада Бернардески ва Кьеза каби ёш ўйинчиларнинг ўсишига ёрдам берган. СПАЛни бошқарган даврда ҳамманинг ҳам қўлидан келмайдиган ишларни амалга оширган. “Кальяри”жаги фаолияти ҳам ҳурматга сазовор, - деди Эдоардо Масиа.
Шундан сўнг Леонардо Семпличи ўз фикрларини билдирди.
- Мен бу ерга келганимдан хурсандман. Бирдамлиги кучли жамоага келдим. Бу жамоанинг мухлислари натижага эришиш учун илҳомлантириб туради. Барчамиз биргаликда олдиндаги мақсадларга эришамиз.
Жамоани ташқаридан кузатиб, айрим муҳим сифатларни кўрдим. Ҳар бир ўйинчида мақсад сари курашиш иштиёқини пайқадим. Нимани кўзлаган бўлсак, биргаликда эриша оламиз.
Бир нечта машғулотда қарашларни ўзгартириш имконсиз. Менинг ўйин борасидаги фалфасамни сингдириш учун бироз вақт талаб этилади. Меҳнат орқали футболчиларга ўз қарашларимни ўргатиб, уларни янада яхшироқ тўп тепишларига эришмоқчиман.
Авваллари асосан тўртта ҳимоячи билан ўйнаганман. СПАЛда тактикаларимга бироз янгилик киритдим. Буларнинг барчаси футболчиларнинг имкониятларидан келиб чиқади. Мен турли услубларга боғланиб қолмаганман ва асосий эътиборни ўйинчиларнинг сифатига қаратаман. Ўйин модули ҳеч нарсани ҳал қилмайди, балки ҳамма нарса майдонни қай даражада эгаллай олишимизга боғлиқ. Охирги пайтларда кўрганларимизни давом эттирсак ҳам бўлаверади.
Менимча, жамоа жисмоний томондан яхши ҳолатда.
Элдор Шомуродов ва Мбала Нзолани – жуда муҳим ва қадри баланд ҳужумчилар, деб биламан. Уларнинг юқори даражадаги самарадорлигини таъминлашга хизмат қиладиган муносиб балансни топишимизга тўғри келади. Машғулотларда ҳужумчиларнинг салоҳиятига баҳо бериш имкони бўлади. Энг тўғри йўлни топиш учун шу кунларда улар ҳақида алоҳида бош қотираман.
Қўл остимда яхши ўйинчилар жамланган. Ампадуни кўпроқ ҳимоячи сифатида биламан. У учрашувни орқада бошлайди. Кейин нима бўлишини вазият кўрсатади.
Ҳамма кетаётган йўлдан юриш ўзига яраша қийинчилик туғдиради. Мен вужудга келган вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қиламан. Мураббий ўлароқ, футболчиларнинг сифатларини ривожлантиришим керак. Яхши натижа ва кўрсаткичларни қайд этганлар майдонда бўлиши лозим. Улар билан биргаман.
Менгача бўлган ишларга тўхталмайман. Айрим ўйинчиларимиз жароҳатда. Штабим билан бирга уларнинг тезроқ тикланиши ва спорт формаларини яхшилашига ёрдам берамиз. Қўлимиздан келганича жамоага ёрдам беришга интиламиз.
Кўпчилик “Специя”нинг тўғридан тўғри рақиблари билан тўқнашувлар ҳақида гапирмоқда. Масала фақат бунда эмас. СПАЛ билан Б Серияда шунақа учрашувларнинг кўпида мағлуб бўлганмиз. Лекин жамоани юқори дивизионга олиб чиқишни уддалаган эдик.
А Серияда қолишнинг аниқ формуласи йўқ, фақатгина ғалабага ўйнаш керак. Тезликни ошириш ҳақида ўйлашимиз шарт. Агар ютқазишга тўғри келса, курашиб ютқазайлик. Жамоа фаол бўлиши лозим. Мана жамоа олдига қўйган энг асосий талабим.
Менга жамоадан қўнғироқ қилишганда ўзимни бахтиёр ҳис қилдим. Бу жамоанинг қадр-қиммати бор. Мавсум давомида юксалиш ва пасайишлар бўлади. Жамоани қутқаришнинг асосий воситаси муҳитнинг ижобий эканини ушлаб қолиш. Футболчилар ва мухлисларимиз билан бирга пировард мақсадга эришига уриниб кўрамиз, - деди Леонарда Семпличи.
Маълумки, Семпиличи олдига “Специя”ни А Серияда олиб қолиш вазифаси қўйилди. Агар флоренциялик мутахассис бу топшириқни уддаласа, яна икки йил жамоага устозлик қилади. Лигурия жамоаси 23 та учрашувда тўртта ғалаба, еттита дуранг ва 12 та мағлубият билан 19 очко жамғарган ҳолда 17-поғонада қайд этилган.
“Специя”ни хавфли зонадан атиги икки очко ажратиб турибди.
Семпличи бош мураббий сифатида биринчи учрашувини 26 февраль куни сафарда “Удинезе”га қарши ўтказади. Беллашув Тошкент вақти билан 22:00 да бошланади.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг