Шоҳжаҳон Эргашев IBF камари учун Eliminator жангида япониялик боксчига қарши рингга чиқиши мумкин.
Аввалроқ, IBF ташкилоти биринчи яримўрта вазнда ўзбекистонлик профессионал бокс устаси Шоҳжаҳон Эргашев (23-0) ва британиялик Жек Кеттеролга (26-1) Eliminator жанги учун расмий таклиф юборгани ва бу борада ҳар икки томонга ўз жавобини билдириши учун 3 кун муддат бергани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбек бокси инсайдери Жалол Аҳмедов Шоҳжаҳон Эргашев билан боғлиқ айни вазиятга тўхталди:
"Манбаларимнинг хабар беришича, IBF Eliminator жангини Жек Кеттерoл WBC чемпиони Режис Прогрейс билан музокаралар олиб бораётганлиги сабабли рад этган. Кейинги ўринда турган Лиам Паро жароҳатдан тикланиш жараёнида. Теофимо Лопес, Хосе Рамирес ва (норасмий) Стив Спарк бошқа жангда иштирок этишлари бўйича келишувга эришган. Менга берилган маълумотга кўра, япониялик Энди Ҳираокага (22-0) таклиф юборилган ва тасдиқ кутилмоқда...".
Маълумот учун, Шоҳжаҳон Эргашев айни дамда IBF рейтингида 4-ўринни эгаллаб турибди, унинг эҳтимолий рақиби — Энди Хираока эса ушбу йўналишда 9-ўринни банд этган.
Эргашев Olamsport.com сайти мухбири билан суҳбатда аллақачон мазкур жангга розилик билдиргани, аммо унга рақиб топилмаётгани ҳақида айтиб ўтган эди.
Ҳамюртимиз кеча Instagram саҳифаси орқали 3 ой тайёргарлик кўрган жанги май ойида ўтказилишига ишора қилган эди.