18:06 / 17.03.2023
721

Моуриньо Шомуродовни қандай "синдирди"?

Моуриньо Шомуродовни қандай "синдирди"?

2020 йилнинг кузида катта умидлар билан кучли бешлик чемпионатларидан бири – Италиянинг А Сериясига йўл олган Элдор Шомуродов лигада ўзини кўрсата олмаётганига анча бўлди. Биз учун қанчалар ёқимсиз бўлмасин, легионеримиз жорий мавсумда Италия чемпионатининг энг ёмон ҳужумчиларидан бири бўлиб турибди.

Аслида Элдор учун ҳаммаси омадли бошланганди. “Ростов”дан “Женоа”га кўчиб ўтган футболчимиз дастлабки мавсумнинг ўзида саккизта гол билан мухлису мутахассислар эътиборини қозонди.

Аввалги мавқеини тиклашга қарор қилган “Рома” таркибда катта ўзгаришлар қилиши ортидан А Серияда пайдо бўлган умидли ҳужумчи Элдор Шомуродовни 18 миллион евро эвазига ўз сафига қўшиб олди. Бу ўзгаришлар ортида жамоани топ-клублар қаторига қўшишга ваъда берган Жозе Моуриньо турган эди.

Эсингизда бўлса, Рим клубига кўчиб ўтган ҳамюртимизнинг дастлаб ишлари кўнгилдагидек кечди. Элдор марказий ҳужумчи сифатида ўйнаб,  дастлабки учта учрашувда кетма-кет гол урди.

“Рома” мухлислари Элдорни мақтай бошлашди:

“Шомуродов моҳир ўйинчи”;

“Элдор чиройли ва самарали ўйнайди”;

“Шомуродовнинг голлари сони ошишига ишонамиз”;

Афсуски, муваффақиятли онлар узоқ давом этмади. “Рома” раҳбарияти бош мураббий талабига кўра, “Челси”га сиғмай қолган Тэмми Абрахамни олиб келди. Аввалига, римликлар ҳужум чизиғида Элдор Шомуродов ва Тэмми Абрахам тандеми ҳаракати қилиши айтилди.

Бироқ, Жозе Моуриньо кутилмаганда бошқача қарорга келди. Режалаштирилганидек икки марказий ҳужумчига таяниш ўрнига, схемани умуман ўзгартириб юборди. Португалиялик мутахассис олдинги чизиқда биргина марказий ҳужумчи билан ўйнайдиган бўлди. Бу позицияга Шомуродовдан икки баравар қимматга олинган англиялик юлдузни қўйди. Бош мураббий Элдорни чап қанотга юборди. Айнан мана шу қарор Шомуродовнинг ўсишига болта урди.

Асосий позицияси марказий ҳужумчи бўлган Шомуродов ҳар икки қанотда тезкор ва техникаси кучли бўлган Стефан Эл-Шаарави ва Николо Дзаньолога рақобатни бой бера бошлади. Бора-бора захира ўйинчисига айланиб қолди. Ўйин вақти сезиларли даражада камайди.

“Ювентус”га қарши ўтказилган учрашувдан кейин Моуриньо Элдорни мағлубиятда асосий айбдорга чиқарди. Шундай кескин танқидидан сўнг футболчимизнинг агентлари уни бошқа жамоага ўтказмоқчи бўлди. Элдорни сўраган жамоалар кўп бўлди. Италиядан ташқари, Англия, Германия, Франция, Туркия, Саудия Арабистони клублари алоқага чиқди.

Ишни яна Моуриньо тўхтатди. Ўтган ёзда Элдорни сўраган жамоаларга кетишига йўл қўймади.

Моуриньонинг фақат ўзига тушунарли бўлган қарорлари Италия футболида ўз ўрнини топишга интилиб келаётган Шомуродовнинг фаолиятини издан чиқариб юборди. 

Ниҳоят, 2023 йилнинг январига келиб, Шомуродов Моуриньонинг қарамоғидан чиқишга эришди. Жозе ўзи имкон бермаган ўйинчимизни мақтаб-мақтаб, "Специя"га қўйиб юборди. 

Элдор ажойиб йигит. Доимий ўйин амалиётига эга бўлиши керак. Шунинг учун ҳам уни олти ойга ижарага берамиз. Ортга қайтишини кутамиз, - деди Жозе Моуриньо.

Шомуродовнинг янги жамоаси – “Специя” илгари Италия чемпиони бўлган, лекин ҳозир юқори дивизион аутсайдерларидан.

Бир ярим миллион эвазига ижарага ўтган ўзбек ҳужумчиси олидида иккита вазифа турибди – аввало, ўз карьерасини жонлантириш ва бу орқали “Специя”нинг А Серияда қолишига ёрдамлашиш.

Ҳозирча, Элдор янги жамоаси сафида олтита учрашувда майдонга тушиб, жами 344 дақиқа тўп тепди. Ачинарлиси, у ҳали ҳам бирорта самарали ҳаракатни амалга ошира олгани йўқ.

Янги бош мураббий Леонардо Семпличи “Интер”га қарши баҳсда Элдорни илк дақиқалардан ўйнатди. Ҳужумчи 45 дақиқа давомида рақиб дарвозасига бирорта зарба бера олгани йўқ. Ҳужумдаги шериги Мбала Нзола уни икки марта қулай позицияга чиқарадиган пас узатди. Элдор уларга етолмади. Қолаверса, Шомуродов узатган тўпларнинг 43 фоизи манзилга етиб бормади.

Легионеримиз ҳали А Серияда бирорта самарали ҳаракатни амалга ошира олгани йўқ. Бу кетишда Шомуродов “Рома”га қайтган тақдирда ҳам асосий таркибга кира олмайди. Ҳамюртимиз қолган вақт давомида А Серияда қодирлигини яна бир карра исботлаб қўйиши талаб қилинмоқда.


arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Моуриньо Шомуродовни қандай "синдирди"?