2026 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига комплекс тайёргарлик кўришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Шу муносабат билан, қарор лойиҳасида Шахматни аҳоли ўртасида янада оммалаштириш ва 2026 йилда Ўзбекистонда 46-Бутунжаҳон Шахмат олимпиадасини ўтказишга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Унга кўра, 2026 йилда Шахмат олимпиадасидан ташқари Паралимпиада ўйинлари, ФИДЕ Бош ассамблеясининг 95-йиғилиши ҳам Ўзбекистонда ўтказилади.
Қарор лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилган:
- мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, профессионал таълим муассасалари, олий таълим муассасаларида, шунингдек, корхона ва ташкилотларда тизимли равишда шахмат мусобақаларини ўтказиб бориш;
- шахматни ўқитишнинг замонавий методикаларига асосланган илмий-услубий ва ўқув адабиётларни доимий тайёрлаш ҳамда замонавий методикалар асосида шахмат бўйича тренерларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш;
- Ўзбекистонда профессионал шахматни ривожлантиришга қаратилган бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш;
- шахматчилар рейтинги доимий юритиладиган миллий электрон платформани яратиш;
- хусусий шахмат клубларига улар томонидан шахмат тўгаракларини ташкил этиш учун давлат мулки объектлари ва ҳудудлардаги “Ёшлар марказлари”дан ижара тўловларисиз жой ажратиш;
- 2026 йилда 46-Бутунжаҳон Шахмат олимпиадаси ўйинларини Ўзбекистонда ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш.
Маълумот учун, ҳозирда Ўзбекистонда шахмат билан профессионал даражада шуғулланувчилар сони 3 154 нафарга, шундан аёллар 580 нафарга етди, Ўзбекистон терма жамоаси жорий йилда 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ғолиби бўлди, терма жамоанинг 4 нафар аъзоси дунёнинг энг кучли 100 та шахматчилари рейтингидан ўрин эгаллади, дунё рейтингида Ўзбекистон шахмат бўйича 162 та давлат орасида илк бор 18-ўринга кўтарилди.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг