06:30 / 06.04.2023
285

Шомуродовдан гол “еган” машҳур дарвозабон ўзига янги жамоа қидиради!

Шомуродовдан гол “еган” машҳур дарвозабон ўзига янги жамоа қидиради!

Элдор Шомуродов А Сериянинг 28-турида “Салернитана” жамоаси дарвозасини ишғол қилиб, жорий чемпионатдаги голлари ҳисобини очган эди.

Легионеримиз “Специя”даги биринчи голини жаҳоннинг энг машҳур дарвозабонларидан ҳисобланган Гильермо Очоага урди.

Мексикалик посбон “Америка” клуби тарбияланувчиси ҳисобланади. 2003-2011 йилларда ўз юртида фаолият кўрсатганидан кейин Европага кўчиб келди. Францияда “Аяччо”, Испанияда “Малага” ва “Гранада”, Бельгияда “Стандарт” жамоаси шарафини ҳимоя қилди.

Гильермо Очоа 2019 йили яна қадрдон клуби “Америка”га қайтиб борди. Тақдирни қарангки, Қатарда ўтказилган жаҳон чемпионатидан кейин тажрибали футболчи фаолиятини яна Европада давом эттиришга қарор қилди ва“Салернитана” билан қисқа муддатли шартнома имзолади.

Дарҳақиқат, Гильермо Очоа кетма-кет бешта жаҳон чемпионатида иштирок этган кам сонли дарвозабонлардан биридир. 2005 йилдан бери мамлакат терма жамоаси дарвозасини қўриқлаб келаётган 37 ёшли футболчи 135 та учрашувда майдонга тушган. Бу баҳсларда Очоанинг дарвозаси 136 маротаба ишғол қилинди.

“Салернитана” ва Очоа келишувига кўра, ҳамкорлик шартномаси жорий йилнинг 30 июнигача тузилган. Бироқ, томонларда ўзаро келишган ҳолда ҳамкорликни яна икки мавсумга узайтириш имконияти бор.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, мексикалик посбон ҳозирги клуби билан шартномани янгиламаслик эҳтимоли катта.

Чунки Очоага Италия футболининг катта клубларидан қизиқиш бўляпти. Хусусан, “Милан” мураббийлар штаби уни асосий дарвозабон Майк Меньянга  ўринбосар сифатида олиб келмоқчи. Миланликлар ўз таклифини “Салернитана” жамоасига юборишга улгурган. Ҳозирча, бу таклиф қабул қилингани йўқ.

Милан шаҳрининг иккинчи жамоаси – “Интер” ҳам Гильермога кўз тиккан. Бу жамоада асосий дарвозабон ролини камерунлик Андре Онана бажармоқда. Бош мураббий Симоне Индзаге мексикалик посбонни словениялик Самир Хандановичга ўринбосар сифатида олиб келишни режалаштирган.

Асосий таркибдаги жойини бой берган Хандановичнинг миланликлар билан шартномаси 30 июнь куни якунланади ва у ёзда ўзига бошқа жамоа қидиради.

Гильермо Очоа “Салернитана”га келганидан бери биринчи рақам эгаси сифатида бошланғич таркибда ўйнамоқда. У ҳозиргача 11 та учрашувда майдонга тушиб, атиги иккита учрашувда гол ўтказмади холос.

Очоа А Серияда ҳозиргача ўз дарвозасидан 21 та тўп олиб чиқди. Ана шу голларнинг охиргисини Элдор Шомуродов жуда чиройли тарзда киритди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Шомуродовдан гол “еган” машҳур дарвозабон ўзига янги жамоа қидиради!