Россия миллий жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар Александр Кержаков 2022 йил кузида мамлакатни тарк этишга қарор қилди. Собиқ футболчи ва айни дамда мураббий ҳисобланган Кержаков бу ҳақда россиялик журналист Нобел Арустамян билан интервюда айтиб ўтган.
Футболчи айни дамда оиласи билан Дубайда яшамоқда. Кержаков буни эмиграция деб аташларини истамай, шунчаки Россиядан бошқа жойда бўлишни истаганини айтди.
«Бу келишимни қочиш, кўчиб кетиш демаган бўлардим, шунчаки бироз муддат узоқроққа кетгим келди. Чунки ҳар куни [уруш ҳақида] ўқийсан, ҳаммасини кўрасан ва бўлаётган воқеалар даҳшатини ҳис қиласан. Мен учун буларни қабул қилиш жуда оғир бўлди, хотинимга ҳам. Шу боис кетишга қарор қилдик», деб Дубайда яшаш қарорини изоҳлаган Кержаков.
Журналист Кержаковдан Россияда уни айнан нима қаноатлантирмаётгани ҳақида сўраган: «Худди [уруш] ҳеч нарсага таъсир қилмагандай гапириш жуда қийин. Кўпчилик эса ҳеч нима бўлмагандай гапиради, бу Россиядаги энг катта муаммо. Тўғриси, мен қўрқяпман, жуда қўрқяпман. Қачондир бунақа бўлишини тасаввур қилмагандим.
Интервюларимни титиб кўришинг мумкин, доим энг катта ниятларимдан бири уруш бўлмаслиги эканини айтганман. Нафақат бизда, бутун дунёда ҳам уруш бўлишини истамайман. Ахир қандай қилиб ҳозирги каби замонавий ривожланган дунёда бунақа бўлиши мумкин.
Нима бўлаётгани ҳақида ўзимга савол бериб нималар биландир уларни изоҳлашга ҳаракат қиламан, аммо барибир бўлмайди, жавоб топа олмайман. Очиғи менда ўхшамаяпти», деган футболчи.
«Ҳамма гап бир мавзуга тақалаверади»
Россия футболининг номдор вакили суҳбат давомида яқинда Кипрда россиялик рэпер Оксимироннинг концертига тушгани ва дастурдан кейин у билан асосан уруш ҳақида гаплашганини айтиб берган.
«Ҳозирги кунда нима ҳақида гапириш мумкин? Ўйлаб қоламан-да, қандай лаънати давр келиб қолди дейман. Одамлар гаплашганда ва ҳатто танишганда фақат битта нарса ҳақида (уруш назарда тутилмоқда – тарж.) гаплашишга одатланиб қолишди. Тасаввур қиляпсанми, кимнидир анчадан бери кўрмагансан, ким биландир эса танишмоқчисан, бошида у ёқ бу ёқдан гаплашасан, лекин охир-оқибат ҳаммаси ўша битта мавзуга бориб тақалаверади».
Арустамян футболчидан бундай ҳолатда нима қилиш мумкинлиги ҳақида сўраган: «Ҳеч нима, сен нима қила оласан, масалан? Сен ўз позициянгдасан, ўз имкониятингдан келиб чиқиб ҳаракат қила оласан. Сен ҳамма нарсани ўзгартира олмайсан. Фақат атрофингдаги нарсаларни ўзгартиришинг мумкин. Агар хоҳласанг, марҳамат, ўзгартир.
Атрофингда гапинг қовушадиган одамлар бўлишига ҳаракат қил. Кимнингдир фикрини энди ўзгартира олмайсан, чунки жуда кўп вақт ўтиб кетди. Ишон, ўзгартира олмайсан. Шунча вақт ўтиб ҳам одамларнинг фикри ўзгармадими, демак бу уларнинг позицияси.
Оксимирон билан гаплашганимда ҳам у шундай деди: кимдир жон-жаҳди билан қарши, кимдир эса қўллайди, бунақа вақтда нима ҳақида гапириш мумкин? Энг катта муаммо эса одамларнинг шароитга мослашиб кетиши», деган мураббий.
Александр Кержаков 30 та гол билан Россия миллий жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланади. Шунингдек, «Зенит» тарихидаги энг яхши тўпурар футболчи ҳам айнан Кержаков (161 та гол). Профессионал фаолияти давомида 233 та гол урган ҳужумчи «Зенит»дан ташқари Москванинг «Динамо» ҳамда Испаниянинг «Севиля» жамоаларида ҳам ўйнаган.
Футболчилик фаолиятини якунлагач, Кержаков Россия ёшлар жамоаси, «Том» ҳамда ўзбекистонлик Иброҳимхалил Йўлдошев ҳаракат қилаётган «Нижний Новгород» жамоаларида мураббий бўлиб ишлаган.
Россияда аксар футболчилар уруш бошланганидан буён интервю беришдан тийилиб келмоқда. Суҳбатларга бораётганлар ҳам уруш ҳақидаги саволлардан қочишмоқда. Ўтган йили «Зенит»нинг бошқа бир собиқ футболчиси Игор Денисов урушга қарши эканини айтиб чиққанди. Россия миллий жамоаси ҳужумчиси Артём Дзюба эса аввалига урушни қоралаганди, лекин яқинда, Туркия чемпионатидан Россияга қайтгач, Владимир Путиннинг ҳаракатларини тўлиқ қўллашини айтди.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг