Бектемир Мелиқўзиев АҚШнинг Лас-Вегас шаҳридаги T-Mobile Arena мажмуасида ташкил этилган бокс кечасида профессионал фаолиятидаги энг муҳим жангини ўтказди.
Ўзбекистонлик бокс мухлислари чарм қўлқоп усталарининг доимий ғалабасига кўникиб қолган. Айниқса, профессионал рингдаги мағлубиятни ҳамюртларимиз оғир қабул қилади. Бокс оламида етакчи бўлишга қодир боксчиларимиздан доимий ғалаба талаб қилинади.
Афсуски, спортда ҳар доим ҳам ғалаба қозониб бўлмайди. Спортда энг кучли шахс бу мағлубиятни ҳазм қила оладиган, енгилганидан кейин яна курашга қайтган, рақибидан ўчини ола билган спортчидир.
Бектемир Мелиқўзиев катта рингдаги биринчи ва ягона мағлубияти кутилмаган ҳолатда юз берди. 2021 йили америкалик машҳур чарм қўлқоп устаси Габриэль Росадога тўқнаш келган ҳамюртимиз жангни катта устунлик билан бошлаганига қарамай, учинчи раундда тажрибали рақибнинг қарши ҳужумини ўтказиб юбориб, нокаутга тушиб қолди.
Кутилмаган мағлубият Бектемир Мелиқўзиевни чемпионлик орзусини армонга айлантириши ҳам мумкин эди. Лекин кейинчалик фарғоналик боксчи кетма-кет Сергей Ефимов, Дэвид Зегарра, Сладан Жанджанин, Улисес Сьерра каби кучли рақибларни енгиб, яна юқори натижаларга даъво қила бошлади.
Ниҳоят, ҳамюртимиз ўзини мағлуб этган Габриэль Росадога қарши реванш жангида қатнашиш имкониятга эга бўлди. Бу гал Бектемир хато қилмади. Ўн раунд давомида рақибидан ҳар томонлама устунлигини исботлади. Ҳакамлар бир овоздан ғалаба Бектемирники эканини тан олди.
Жангдан кейин Мелиқўзиев ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Росадога қарши биринчи жангда мен рақибимга етарлича баҳо бермагандим. Бу гал йиғинлар давомида катта тайёргарлик ишларини олиб бордик. Ҳеч нарсани назардан четда қолдирмадик.
Иккинчи жангдан кўзлаган мақсадимиз боксчи сифатида барча кўникмаларимизни намойиш қилиш, рақибни қаттиқ жазолаш эди.
Бу мен хоҳлаган жанг эди. Бу тўқнашувда биринчи учрашувдаги хатони ҳис қилиб турдим, фаолиятимдаги энг катта мағлубият учун ўч олиш имконияти эканини назардан қочирганим йўқ. Бу менга ҳузур бағишлади, - деди Бектемир Мелиқўзиев.
Боксчимиз профессионал рингдаги 12-ғалабасини нишонлаш баробарида WBA Inter-Continental минтақавий чемпионлик камарини ҳам қўлга киритди. Шу билан унинг совринлари сони иккитага етди. Чунки Бектемир шу йилнинг 28 январь америкалик Улисес Сьеррани учинчи раундда нокаутга учратиб, WBO Global Super Middle камарини ўзиники қилиб олганди.
Бектемир Мелиқўзиев ўз олдига профессионал бокс бўйича жаҳон чемпиони бўлиш мақсадини қўйган. Бокс мутахассислари ва таҳлилчилари бу мақсадни амалга ошириш учун ўзбек полвонида вақт ҳам, куч ҳам, салоҳият ҳам етарли эканини таъкидламоқда.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг