10-20 июнь кунлари Тошкент ва Бишкек шаҳарларида "CAFA Nation's Cup-2023" мусобақаси бўлиб ўтишидан хабарингиз бор. Тарихда илк бор ўтказилаётган мусобақадан нима кутиш мумкинлигини ҳозирча ҳамма турлича тахмин қиляпти. Ким учундир бу оддий ўртоқлик ўйинлари даражасидаги ўйинлар кетма-кетлиги бўлса, бошқалар учун чинакам кичик қитъа биринчилиги ўрнида қабул қилинди. Хўш, аслида-чи? Мусобақа формати қандай? Нима учун CAFA ўтказаётган турнирдаги ғалаба Сречко Катанец бошқарувидаги жамоамиз учун жуда муҳим? Барчасига батафсил тўхталамиз.
Мусобақа формати
7 терма жамоа икки гуруҳга бўлинади. А гуруҳидан ўрин эгаллаган Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Уммон терма жамоалари Тошкентда квартетнинг энг кучли жамоаси номини аниқлаб олиш учун “жанг” қилса, Бишкек шаҳрида Қирғизистон, Афғонистон ва Эрон термалари “B” гуруҳида кураш олиб боради.
“А” гуруҳида бўлиб ўтадиган ўйинлар
11 июнь. 1 тур
Ўзбекистон – Уммон.
Тожикистон – Туркманистон.
14 июнь. 2 тур
Уммон – Тожикистон.
Ўзбекистон – Туркманистон.
17 июнь. 3 тур
Ўзбекистон – Тожикистон.
Туркманистон – Уммон.
“Б” гуруҳи
10 июнь. 1 тур
Қирғиз Республикаси – Афғонистон.
13 июнь. 2 тур
Эрон – Афғонистон.
16 июнь. 3 тур
Қирғиз Республикаси – Эрон.
Гуруҳ ғолиблари турнирнинг финал ўйинида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Иккинчи ўринни олган жамоалар ўртасида мусобақа бронза медаллари учун ўйин ташкил этилади. Финал ва 3-ўрин учун ўйинларга Тошкент шаҳри мезбонлик қилади.
Турнир қадри
Мусобақа аҳамиятини белгилаб олиш унга қайси позициядан қарашга боғлиқ. Масалан, FIFA томонидан бериладиган очколарни ҳисобга олсак, бу Катанец шогирдларининг "ЖЧ-2026" мусобақаси саралаши олдидан иккинчи саватчадан биринчи саватчага кўчиб ўтиш учун ажойиб имконият. Бунинг учун камида финалга қадар чиқиш ва унда ғалаба қозониш талаб этилади. Ана шунда, рейтингда биздан олдинда турган БАА ва Уммон термаларидан бирини қувиб ўтиш имкониятимиз бўлади. Боз устига, Уммон терма жамоаси билан ўзаро ўйинда тўқнаш келишимизни ҳисобга олсак, бу яқин келажакда термамиз учун ёқимли бонус вазифасини ўтаб беришга қодир мусобақа эканлигини дарров кўзга ташланади.
Марказий Осиё чемпионатида камида 3 бор майдонга тушамиз. Уларнинг биринчиси FIFA кунларига тўғри келмагани боис одатий балларнинг ярми берилади. Агар мусобақада муваффақиятли иштирок этиб, 4-ўйинга қадар етиб борсак (финал ёки учинчи ўрин учун баҳс) у ҳам ўз қийматининг ярми билан баҳоланади.
Сабаби, FIFA июнь ойидаги ўз кунларида фақат иккитадан ўртоқлик ўйинларини ўтказиш учун рухсат берган. Агар биз бу минимум вазифани максимал даражада уддаласак, FIFA рейтингида баландлаб, Осиё рейтингида биздан олдинда турган Уммон ёки БААни қувиб ўтишимиз мумкин. Улардан биридан ўтиб кетсак ҳам, якунда 2026 йилги мундиалнинг 2-босқичини биринчи саватчада бошлашимиз мумкин. Бу ўз-ўзидан қитъамизнинг грандлари билан кейинги босқичга қадар учрашмай туришимизни таъминлайди.
Мухлислар эътибори
Ишқибозларимизнинг катта қисми турнирга у қадар катта қизиқиш билдирмаётгани рост, бироқ бу алдамчи ҳис. Гуруҳ босқичидаги ғалабалар, уларни стадионга чорлашига шубҳа йўқ. Боз устига, эҳтимолий финал бўлиши кутилаётган Ўзбекистон – Эрон ўйини CAFA турнирининг кулминацион нуқтасига айланиши аниқ. Тўғри, бунга қадар форслар ҳам, биз ҳам гуруҳдан биринчи ўрин билан чиқиб олишимиз талаб этилади, бироқ Сречко Катанец шогирдларининг бу вазифани ортиқча муаммосиз ҳал этишларига ишонаман.
Гуруҳдаги Уммон ва Тожикистон термалари билан ўйинлар ҳам тактик томонидан термамиз устозига Осиё кубоги олдидан репетиция вазифасини ўтаб бериши аниқ. Ўзига ҳос кичик қитъа биринчилиги чоғида ишқибозлар стадионга келиши ва жамоамизни қўллаб-қувватлаб туришига умид қиламиз. Қайта тикланаётган терма жамоа ҳозир уларга ҳар қачонгиданда муҳтожроқ.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг