Тошкентда U18 ёш тоифасида ўтаётган енгил атлетика бўйича Осиё чемпионатининг учинчи кунида Ўзбекистон терма жамоаси ўзининг дастлабки олтин медалларини қўлга киритди. Кун давомида атлетларимиз 2 та олтин ва 1 та бронза медалларига эга чиқишди.
Мусобақада термамизга илк олтин медални иқтидорли спортчимиз Шарифа Давронова келтирди. Уч ҳатлаб сакраш дастурида ҳамюртимиз 13,99 метр натижа кўрсатди. Бу мусобақа рекорди, шунингдек, 18 ва 20 ёш тоифаларидаги жаҳон миқёсида мавсумнинг энг яхши натижаси сифатида қайд этилди.
Термамизнинг иккинчи олтин медалини йигитлар ўртасида баландликка сакраш секторида Девдавс Исмаилов келтирди. Юртдошимиз мусобақада 2,06 метр баландликни забт этишга муваффақ бўлди. Шунингдек, қизлар ўртасида 400 метрга тўсиқлар оша югуриш баҳсида Сабина Ғоибназарова 1:04.06 сония билан бронза медали соҳибига айланди.
Манба: МОҚ