Шавкат Мирзиёев Халқаро футбол федерацияси раҳбари Жанни Инфантино билан 5 май куни ўтказган учрашувда Ўзбекистонда футболни оммалаштириш ва йирик тадбирларни биргаликда ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.
Спорт ташкилоти раҳбари футболни ривожлантириш, унга ёшлар ва қизларни кенг жалб қилиш, истеъдодларни тарбиялаш, оммабоп ва замонавий инфратузилмани яратиш, малакали мураббийлар ва соҳа мутахассисларини тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади ва тўлиқ қўллаб-қувватлади. Жанни Инфантино Ўзбекистон етакчисини ёшлар терма жамоаси яқинда Осиё кубогида ғалаба қозонгани билан табриклади. Бу соҳада амалга оширилаётган амалий ишлар самарадорлигининг навбатдаги тасдиғи эканини таъкидлади.
Учрашувда Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва ФИФА ўртасидаги яқин ва сермаҳсул ҳамкорлик юксак даражада экани, унинг доирасида бугунги кунда мамлакатда замонавий футбол кластерини ташкил этиш чоралари кўрилаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Ўзбекистонда жаҳон миқёсидаги спорт тадбирлари ва биринчиликларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш, миллий терма жамоани тайёрлаш, инфратузилмани ривожлантириш ва ассоциация салоҳиятини оширишга техник кўмакни кенгайтириш ҳамда иқтидорли футболчиларни селексия қилиш тизимини ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг