«2026 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига комплекс тайёргарлик кўриш ҳамда шахматни оммавий ҳаракатга айлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори мизоланди.
Унга кўра, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон шахмат федерациясининг 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
Шунингдек,
Бутунжаҳон шахмат олимпиадасини ўтказиш бўйича ФИДЕ билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ўртасида шартномалар, келишувлар, меморандумлар ва кафолат хатлари имзоланади.
Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида иштирок этувчи эркаклар ва аёлларнинг 3 тадан Ўзбекистон миллий терма жамоалари шакллантирилади.
Мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларига шахматни соддалаштирилган тарзда ўргатувчи анимацион материаллар ва ўқув қўлланмалари яратилади.
Мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларини шахматга қизиқтириш ва ўргатиш бўйича «Шахмат боғчадан бошланади» махсус дастурини амалга оширишни тизимли йўлга қўйилади.
Ҳар йили мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида «Шахмат фестивали» мусобақалари ўтказилади.
Умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида «Мактаб лигаси», «Академик лицей лигаси», «Профессионал таълим муассасалари лигаси» ва «Талабалар лигаси» мусобақаларини ҳар йили уч босқичда тизимли ўтказишни йўлга қўйилади.
2024 йил 1 январдан бошлаб «Шахмат стипендияси» таъсис этилади. «Мактаб лигаси», «Академик лицей лигаси», «Профессионал таълим муассасалари лигаси» ва «Талабалар лигаси» мусобақаларида ғолиб бўлган ўқувчи-ёшлар ва талабалар йил давомида ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида «Шахмат стипендияси» билан рағбатлантирилади.
2024 йил 1 январдан бошлаб хусусий шахмат клубларига улар томонидан шахмат тўгаракларини ташкил этиш ва аҳолига хизмат кўрсатиш учун давлат мулки объектлари ва ҳудудлардаги «Ёшлар марказлари»дан ижара тўловларисиз (коммунал тўловлар бундан мустасно) жой ажратилади.
2024 йилдан бошлаб ҳар йили профессионал шахмат клублари ўртасида Ўзбекистон биринчилиги ўтказиб борилади.
ФИДЕ таснифига кирувчи нуфузли халқаро мусобақаларни босқичма-босқич Ўзбекистонда ўтказиш бўйича чора-тадбирлари амалга оширилади.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг