Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳри илк маротаба мезбонлик қилаётган бокс бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида олтин медаль учун жанг қиладиган чарм қўлқоп усталари сараланиб бўлди.
Бокс оламининг энг нуфузли мусобақасида дунёнинг 107 мамлакатидан 538 нафар боксчи ғолиблик учун курашга киришганди. Энди финал остонасида 13 вазн тоифасида энг кучли иккитадан бокс устаси – жами 26 нафар иштирокчи чемпионлик учун рингга чиқади.
Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан тўққиз киши ярим финалларда қатнашганидан хабарингиз бор. Улардан Лазизбек Муллажонов ва Аълохон Абдуллаев иштирокини ярим финалда тўхтади ва ўз фаолиятида илк бор жаҳон чемпионатининг бронза медалини қўлга киритди.
Етти нафар боксчимиз эса, энди финалда жаҳон чемпиони номи учун рингга чиқадиган бўлди. Sports.uz портали финалда боксчиларимиз қайси рақибларга қарши жанг олиб бориши ҳақида маълумот беради.
Мусобақа кундалигига кўра, жаҳон чемпионатининг финаллари икки кун давомида ўтказилади. 13 май куни қуйидаги боксчиларимиз чемпионлик учун рингга чиқади.
Оғирлиги 67 килограммгача бўлган боксчилар ўртасида юқори техникаси билан ажралиб турган Асадхўжа Мўйдинхўжаев қозоғистонлик Дулат Бекбауов билан куч синашади.
Олимпия ўйинлари чемпиони Ҳасанбой Дўсматов 51 килограммгача вазн тоифасида франциялик Билол Беннамага қарши жанг ўтказади.
Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпиони Баҳодир Жалолов ўта оғир вазн тоифасидаги сўнгги жангда Куба терма жамоаси аъзоси Арзола Лопес билан тўқнаш келади.
Биринчи кунга финаллар 13 май куни Тошкент вақти билан соат 17:00 да бошланади.
Финалларнинг иккинчи қисмида тўрт нафар боксчимиз баҳсларга киришади.
54 килограмм вазн тоифасида финал баҳсига қийинчлик билан бўлсада етиб келган Ойбек Жўраев қозоғистонлик тажрибали боксчи Маҳмуд Собирхон синовидан ўтади.
Оғирлиги 57 килограммгача бўлган чарм қўлқоп усталари финалида Абдумалик Ҳалаков жиддий рақиб – кубалик Орта Родригес Дел-Рей билан беллашади.
Жаҳон чемпионати кашфиётларидан бўлган Руслан Абдуллаев 63,5 килограмм вазн тоифасида мўғулистонлик Баатарсух Чинзориг билан тўқнаш келади.
71 килограммли боксчилар ўртасидаги финал жангида Саиджамшид Жаъфаров Қозоғистон терма жамоаси етакчиси Асланбек Шимбергенов билан олтин медаль масаласини ҳал қилишига тўғри келади.
Иккинчи кунги финал учрашувлари 14 май куни Тошкент вақти билан соат 17:00 да бошланади.
Финал учрашувларида ўзбек боксчиларига муваффақият ёр бўлишини тилаб қоламиз!
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг