U-20 жаҳон чемпионатининг 1-туридан ўрин олган Аргентина U-20 - Ўзбекистон U-20 учрашувидан сўнг мезбонлар ҳужумчиси Валентин Карбони микст-зонада интервью берди.
"Бугунги ғалабадан хурсандмиз. Ушбу серия давом этиши керак, бу ҳали бошланиши. Менга ўйинимиз ёқди, биз жамоавий ҳаракат қила олдик. Лекин тўғрилашимиз керак бўлган камчиликларимиз кўп. Жаҳон чемпионатининг дастлабки ўйинида жамоа мухлисларининг қўллаб-қувватлови остида ғалаба қозониш ёқимли туйғу саналади.
Ўзбекистон жуда қийин рақиб эди. Биз улардан шундай ўйинни кутгандик. Рақибнинг яхши ўйин намойиш этишини олдиндан билардик. Бахтимизга ҳисобда ортда қола туриб, натижада тезда ўзгартира олдик. Бу бизни бироз тинчлантирди ва ўйинни назорат қилишимиз учун хотиржамлик тақдим этди. Баъзи вазиятларда яхши ҳаракат қилдик, баъзиларида қийинчиликка дуч келдик. Ўз устимизда ишлашда давом этамиз.
Ғалабани менга ҳамроҳ бўлган ва стадиондан туриб қўллаб-қувватлаган отам, онам, синглим, шунингдек, Европадан етиб кела олмаган икки ака-укамга бағишлайман", деди "Интер" ҳужумчиси.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг