07:40 / 24.05.2023
624

"Жаҳон чемпионати U-20". Қачонгача математика ёхуд энди камчиликлар ҳақида гапирмасак бўлмайди!

"Жаҳон чемпионати U-20". Қачонгача математика ёхуд энди камчиликлар ҳақида гапирмасак бўлмайди!

Бироз аввал Ўзбекистон U-20 терма жамоаси ўз ёш тоифасидаги жаҳон чемпионати доирасида Янги Зеландия билан куч синашди. Биз учун катта аҳамиятга эга беллашувда термамиз аранг дуранг натижани қўлга киритди. Ваҳоланки, мазкур ўйиндан ғалаба кутилганди. Хўш, биз мундиалда қандай хатоларга йўл қўйябмиз? Камчиликларимиз нималардан иборат? Ҳозир шу ҳақда гаплашамиз.

Осиё кубогида натижа учун чидадик, Аргентина билан баҳсда ўйин учун чидадик, бу сафар...

Айни шу жамоамиз юртимизда бўлиб ўтган Осиё кубогида эмоцияларни жунбушга келтириб, якунда қитъа чемпионига айланганди. Ёдингизда, ёдимизда турибди ҳаммаси!

Ўшанда ҳам бир неча мутахассислар ва журналистлар матбуот анжуманида реализация, яъни имкониятлардан унумли фойдалана олмаслик катта муаммо экани ҳақида жуда кўп гапиришганди. Камчиликлар бартараф этилиши тўғрисидаги жавобларни ҳам кўп ва хўб эшитгандик. Аммо кўриб турибмизки, вазият ҳамон ўша-ўша. Бу бўйича кимни айблашни ҳам тушуниб бўлмайди, очиғи. Мураббийни десак, у ҳам қўлидан келганча ишламоқда. Футболчиларга келсак, балки уларнинг энг юқори даражаси шудир... Тўғриси, жавоб беришга қийин ҳолат.

Осиё кубогида қийин бўлсада, ғалабалар қўлга киритилаётганди. Шу боис, кўпчилик бу камчиликни очиқчасига кўтариб чиқмади. Шунчаки, ички доирада бу мавзуни бот-бот кўтардик, холос.

Аргентина билан кечган беллашувда ҳам мазмунли ўйин учун яна бир бор кўз юмилди. Аммо бу сафар ҳам гапирмасак, плей-офф чиптаси қўлдан кетишига жимгина қараб турган бўламиз.

Ҳимоя ва ҳужумни боғлайдиган яна у-бу ким борми бизда?

Эътибор берган бўлсангиз, охирги дақиқаларда марказий ҳимоячиларимиз олдинга ўтиш учун фақат узун пасларга мурожаат этишди. Бу боғламлар ишламаётганидан дарак беради. Нафақат баҳс охирги дақиқаларида, балки ундан ҳам олдин шу каби ҳолатларга кўп бора гувоҳ бўлдик.

Фақатгина Умарали марказда тўп учун ўзини таклиф этиб келяпти. Қолганлар ҳужум ташкил қилишда деярли пассив бўлиб қолаётгани айни ҳақиқат. Қанотлар бизнинг асосий қуролимиз эканини ҳамма ёдлаб бўлди. Энди ҳар бир чизиқ мукаммал ҳаракат қилмаса, рақиблар бизга қарши қандай ўйнаш керак эканини жуда тез ўрганиб олишмоқда.

Индивидуал хатолар балоси

Юлдузлик касали ёмон нарса. У инсонни шу даражага олиб борадики, бор истеъдоди ҳам шу бало билан тезда йўққа чиқиб қолади. Футболда ҳам бу ҳолат такрор ва такрор ўз исботини топган.

Боймуродов асли кибрли йигит эмас. Содда, камтар ва мулойим инсон. Унинг хатолари юлдузликдан эмас, кўпроқ руҳият билан боғлиқ масала, деб ҳисоблайман.

Холдорхонов ва Абдураззоқов ҳақида нимадир дея олмайман, очиғи. Улар ҳам ўзидан "звезда" ясаволадиган футболчиларга ўхшамайди.

Ҳайдаровга Осиё кубоги вақтида шу бўйича савол ҳам бергандик, қизиғи. Унга мутахассис "бу борада алоҳида мутахассислар иш олиб бормоқда ва мундиалда ҳам шундай давом этамиз", - дея жавоб берганди.

Кўринишидан, "алоҳида мутахассислар" кутилганидек ишлашмаяпти, шекилли. Психологларимизга аталган жойи бўла қолсин шу фикрлар. Уларнинг қиладиган иши ҳозир футболчиларникидан асло кам ва аҳамиятсиз эмас!

Футболда ўзгаришлар нимага ўйлаб топилган?

Ўйини чиқмаётган Пўлатхўжани 90 дақиқа майдонда олиб қолиш... Билмадим, бизнинг кўзларимиз билан қараганда бу ғалати бўлиб кўринади. Тўғри, ростан Равшан ака таъкидлаганидек, Холдорхоновнинг функциялари анча кўп бўлгани учун у кеч захирага олинар. Аммо ўйлаб қарасак, наҳот унинг учрашувда гол уришдан ҳам муҳимроқ вазифалари бор?! Қизиқ-а, шундай эмасми?

Ёзаман десак, бизда гап тугамайди. Бироқ асалнинг ҳам ози ширин. Биз шу ерда танқидий-таҳлилий мақоламизни тугатишга қарор қилдик.

Йигитларга, мураббийларга, терма жамоамизнинг ҳар бир вакилига сўнгги сўз ўрнида шу фикрни айтишимиз мумкин:

Бу сафар сизни ўз уйингизда бўлгани каби 35 минглаб мухлислар бор овози билан қўллаб-қувватлай олмайди. Сизни 35 МИЛЛИОН юртдошингиз қалб ила масофалардан омад ёр бўлишини тилаб туради. ВАТАН учун, ХАЛҚ учун, МИЛЛАТ учун курашишдан тўхтаманг, йигитлар! Олға, ЎЗБЕКИСТОН!!!

 Шоҳрух Зоиров


arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » "Жаҳон чемпионати U-20". Қачонгача математика ёхуд энди камчиликлар ҳақида гапирмасак бўлмайди!