Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси 6 июнь куни Тошкентда навбатдаги ўқув-машғулот йиғинларига киришади. Вакилларимиз 11 июнь куни Фарғонада Қирғиз Республикаси U23 термасига қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушади, йиғиннинг иккинчи қисмида эса 16-19 июнь кунлари сафарда Хитойга қарши ўйин ўтказади.
Тимур Кападзе мазкур йиғинга жалб этилган футболчиларнинг кенгайтирилган таркибини эълон қилди. Унга кўра Кападзе Ўзбекистон U-20 терма жамоасидан Хитой йиғинига 8 нафар ўйинчини таклиф қилган. Булар: Отабек Боймуродов (дарвозабон), Саидафзалхон Аҳроров, Маҳмуд Маҳамаджонов, Жаҳонгир Ўрозов, Жавоҳир Отамуродов (ҳаммаси ҳимоячи), Умарали Раҳмоналиев, Беҳруз Асқаров (иккиси ярим ҳимоячи) ҳамда Пўлатхўжа Холдорхонов (ҳужумчи).
Қизиғи, юқоридагилар орасидан "Насаф" аъзоси ҳисобланган марказий ҳимоячи Жавоҳир Отамуродов Аргентинадаги мундиалда иштирок этмади. Тошкентда ўтган U-20 Осиё кубогида эса фақатгина 3-турда Индонезияга қарши ўйнаган. Ўша биргина учрашувдаги ҳаракатларида Кападзе ниманидир пайқаган кўринади, мураббий уни ҳам чақириб йиғинда синаб кўрмоқчи.
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг