06:00 / 23.06.2023
742

Ўзбек ҳужумчисидан эҳтиёт бўлинг!

Ўзбек ҳужумчисидан эҳтиёт бўлинг!

Қозоғистон УЕФА вакили сифатида ўз жамоаларини “кўҳна қитъа”нинг халқаро миқёсдаги турнирларига юборади.

Жорий мавсум Қозоғистон Премьер-лигасида икки нафар футболчимиз “Ордабаси” жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда. Учинчи вакилимиз – “Тобол” ҳужумчиси Игорь Сергеев янги таклифни қабул қилиб, Таиланд чемпионатига кўчиб ўтди ва фаолиятини Осиё минтақасида давом эттиришни маъқул топди.

“Ордабаси” халқаро миқёсда Конференциялар лигасида иштирок этади. Қуръа натижасига кўра, чимкентликлар мусобақанинг иккинчи босқичида Польшанинг “Легия” клуби билан куч синашадиган бўлди.

Айни пайтда ҳар икки мамлакатнинг футболни ёритувчи нуфузли манбалари рақиб жамоа имкониятларини ўрганишга эътибор қаратмоқда.

Хусусан, Польшанинг Igol.pl сайти журналисти Томек Хатта “Легия” вакилларини “Ордабаси” сафидаги энг хавфли футболчи ҳақида огоҳлантирди.

- “Ордабаси” жамоасида жуда сермаҳсул бир ҳужумчи бор. “Легия” унга алоҳида эътибор қаратиши лозим. Яқинда Бобур Абдухолиқовга Польшанинг бир неча клублари қизиқиш билдирганди, - деб ёзди Томек Хатта.

Маълумки, Қашқадарё футболи тарбияланувчиси ҳисобланган Бобур Абдухолиқов ўтган мавсумни Беларусь чемпионатида ўтказганида сермаҳсул ўйини билан Европанинг бир неча клублари эътиборини ўзига тортди.

25 ёшли ҳужумчимиз ўтган мавсум Беларусь олий лигасида 26 та гол уриб, тўпурарлар пойгасида ғолиб чиқди. Шу билан бир қаторда ушбу мамлакат чемпионатлари тарихида бир мавсумда энг кўп тўп киритган хорижлик футболчи сифатида рекорд ўрнатди.

Бобур Абдухолиқов Беларусь олий лигасининг 2022 йилги мавсумида чемпионатнинг энг яхши футболчиси, деб топилди.

Тўпурар легионеримизга Европанинг турли клубларидан таклифлар бўлди. Улар орасида Польша вакиллари ҳам бор эди. Бироқ, Бобур кутилмаганда “Ордабаси” вариантини танлади ва Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод яна бир ўйинчи – Шаҳбоз Умаров билан бирга йил бошидан бери чимкентликлар шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.

Трансферларга ихтисослашган Transfermarkt.de портали Конференциялар лигасида ўзаро тўқнаш келадиган “Ордабаси” ва “Легия” жамоалари футболчиларининг трансфер суммалари ҳақида қизиқарли маълумот тарқатди.

Унда келтирилишича, Қозоғистон клуби таркибининг умумий қиймати 10,3 миллион еврони ташкил қилмоқда. Жамоанинг энг қимматбаҳо футболчилари сифатида Бобур Абдухолиқов ва бразилиялик ҳимоячи Ауро номи кўрсатилган. Бу ўйинчиларнинг ҳар иккиси бир миллион евро туради.

“Легия” футболчиларининг трансфер суммаси 30,5 миллион еврога тенг. Энг қимматбаҳо ўйинчиси дарвозабон Каспер Тобиаш 5,5 миллион еврога баҳоланган. Майдондаги ўйинчилардан энг қиммати – ярим ҳимоячи Бартош Слишнинг нархи 4,5 миллион еврони ташкил қилмоқда.

“Легия” жамоаси ўзбекистонлик футбол ишқибозларига яхши таниш. Бу клуб 2021 йили ўз сафига Жасур Яхшибоевни қўшиб олган эди. Бироқ, мураббийлар штаби легионеримизга етарли даражада  имконият бермади.  Шу боис, Жасур Молдованинг “Шериф” жамоасига ижарага юборилди ва Европа Чемпионлар лигасида Мадридда “Реал” дарвозасига гол уриб, ўз номини тарихга муҳрлаб қўйди.

“Ордабаси” ва “Легия” уй-сафар тизимида ўзаро иккита ўйин ўтказади. Дастлабки беллашувлар 27 июль, жавоб баҳслари 3 августга қўйилган.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Ўзбек ҳужумчисидан эҳтиёт бўлинг!