date
views 744

Италиялик эксперт Шомуродовнинг камчиликларини айтди

Италиялик эксперт Шомуродовнинг камчиликларини айтди

Италияда янги футбол мавсуми бошланмоқда. А Серия дебютанти “Кальяри” фаолиятини кенг ёритиб келаётган www.tuttocagliari.net сайти Клаудио Раньери жамоаси ҳақида турли экспертларнинг фикр-мулоҳазаларини бериб боришни давом эттиряпти.

Бу гал сайт ходимлари Sky ва Mediaset тармоқлари эксперти ва шарҳловчиси Риккардо Тревизанига мурожаат қилди.

Sports.uz портали италиялик мутахассиснинг “Кальяри” ва жамоанинг янги ўйинчиси – ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини ҳавола этади.

- Риккардо, “Кальяри” А Серияга иккита оғир финал учрашувидан кейин йўл олди. Жамоани бу ютуққа лойиқ, деб ҳисоблайсизми?

- “Кальяри”нинг юқори дивизионга чиқишида озгина омади чопди. Лекин омад ҳамиша мардлар томонида бўлади. Бу ўйин тарихида омадли ва омадсиз жамоалар жуда кўп бўлган. Омадсизликни ҳеч қачон муваффақият билан боғлаб бўлмайди. Ҳал қилувчи ўйинда ғалаба тўпини Паволетти киритди. Бироқ, бу футболчини майдонга керакли пайтда ким туширганини назардан қочирмаслик керак.

Иккала финал ўйини барқарор ўтди. Бунга кўп омиллар таъсир қилади. Лекин майдонда асосий ишни ўйинчилар бажаради ва кўп нарса уларнинг тажрибасига ва учрашувдаги айрим вазиятларга боғлиқ бўлади.

Лекин мен “Бари”нинг мавсум давомидаги ўйинларидан келиб чиқиб, юқори дивизионга кўтарилишга лойиқроқ эди, деб ҳисоблайман. Бироқ, йўлланма битта ва у биргина жамоага насиб қилади. Мана шундай кутилмаган ҳолатлар учун ҳам бу ўйинни яхши кўрамиз.

- “Кальяри”нинг трансфер кампаниясини қандай баҳолайсиз? “Верона”дан келган Сулеманунинг салоҳияти қандай? Шомуродов сингари тажрибали, лекин сўнгги мавсумларда самарадорлиги пасайиб кетган ҳужумчининг келганини мухлислар турлича қабул қилди. Бунга нима дейсиз?

- Сулемануга ишончим катта. Элладада қандай ўйнаганини кўрганман. Келажак учун жуда яхши футболчи. Шомуродов эса, тажрибаси катта ҳужумчи. Лекин футбол нуқтаи назаридан ҳали янги ғояларини кўрсата олгани йўқ.

Элдор тезкор ва яхши югура оладиган сифатли ўйинчи, чиройли ва муҳим голларни ура олади. Бироқ, вақти вақти билан оддий хатоларга йўл қўяди ва айрим ҳолатларда умуман нотўғри қарор қабул қилади. Оддийроқ айтганда, Шомуродов ҳар доим ҳам тўғри ўйнамайди.

Лекин, шубҳасиз, у жуда яхши ўйинчи, ҳали “Кальяри”даги ишини кўрмай туриб, баҳо беришимиз ҳам тўғри эмас.

Менимча, Клаудио Раньери Шомуродовдан асосий марказий форвардга ёрдамлашадиган иккинчи ҳужумчи сифатида фойдаланади. Шунинг учун ҳам клуб трансфер бозорида зўр марказий ҳужумчи топиши шарт, чунки Лападуланинг жароҳати анча жиддий. Ҳали унинг қачон майдонга қайтиши номаълум ва бу муддат анча чўзилиши мумкин.

Ҳозир спорт директори Бонато асосий эътиборни майдон марказида ўйинни бошқарадиган Маттео Пратини олишга қаратган. Бироқ, СПАЛ племейкерига “Палермо” босим ўтказаётгани бу ишларнинг юришиб кетишига тўсқинлик қиляпти.

Аслида трансфер бозорининг боши ва охирида кўп масала ҳал бўлади. Ўртада трансферлар кам бўлиши одатий ҳол. Ҳозир ана шунақа палла.

- “Кальяри”нинг А Сериядаги имкониятларини қандай баҳолайсиз?

- Жамоа юқори дивизионга мослашиб, мавсум охирида ўз жойини сақлаб қолиши керак. “Кальяри” А Серияда ўз тарихига эга. Энг асосий вазифа 2022 йили юз берган ҳолатни такрорламаслик. Биринчи навбатда, жамоа А Сериядаги ўрнини мустаҳкамлаб олиши талаб этилади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Италиялик эксперт Шомуродовнинг камчиликларини айтди