"Пахтакор"ни мусобақадан чиқариб юборган про лига вакили "Насаф", ОКМК ва "Навбаҳор" орасида омон қоладими?
Юртимизга куз фасли келиб, футболимизда турли мусобақалар ҳам якун топиб бораётганини англатади. Масалан, Суперлига билан про лига карвони манзилига яқинлашиб қолди. Шунга кўра, Ўзбекистон Кубоги мусобақаси ҳам охирлаб қолди. Чунки унда ярим финал ўйинлари арафасидамиз. 19 октябрь куни финалчилар номи маълум бўлади. Қарши ва Олмалиқ шаҳарларидаги ўйинлар албатта барчанинг эътиборида.
ОКМК клуби ОЧЛ ва Ўзбекистон Кубогидаги ўйинлари сабабли Суперлиганинг 22-туридаги Навоийда “Қизилқум”га қарши ўйинини барвақт – 12 октябрда ўтказиб олди. Қолган учрашувлар 20, 21 ва 22 октябрь кунлари ўтказилади. Ушбу турда Наманганда “Навбаҳор” ва “Насаф” жамоалари ўзаро баҳс олиб борадилар ва бу тўқнашув 30 октябрга белгиланган. Улар ҳам ОЧЛ ва Ўзбекистон Кубогида иштирок этадилар.
19 октябрь куни Ўзбекистон Кубоги ярим финал ўйинлари ўтказилгач, эртасига – 20 октябрдан чемпионатимизнинг 22-туридаги қолган ўйинлар режа асосида давом эттирилади. Эътиборингизни эса Кубок ярим финалидаги иккита баҳсга қаратмоқчимиз.
Қаршида “Насаф” “Динамо”ни қабул қилса, Олмалиқда ОКМК “Навбаҳор”га қарши майдонга тушади. Тўртта клуб орасида биргина “Динамо” про лигадан экани ҳам янада аҳамиятли. Чунки Кубок ярим финалигача про лига клубининг етиб келиши бу катта натижа.
Хабарингиз бўлса керак, Вадим Абрамов жамоаси бу ерга етиб келгунга қадар “Пахтакор” ва “Олимпик”ни таслим этишнинг уддасидан чиқди. Гуруҳ босқичида “Қизилқум”, “Зомин” ва “Локомотив”ни мағлуб этди. “Динамо”нинг Кубок баҳсларидаги саргузаштлари ҳаммани ҳайрон қолдираётгани табиий. Про лигада эса Суперлигага бир қадам қолди. 14 октябрь куни Самарқандда “Ғиждувон”ни мағлуб эта олса, элита йўлланмаси расман қўлга киритилади ва шундан сўнг бор эътиборини Кубок ярим финалига қаратади. Табиийки, “Насаф” билан бўладиган учрашувга юқори кайфиятда тайёрланади. Кўпчилик “Динамо”дан саргузаштли юришини давом эттира оладими ёки йўқ, шунга қизиқишмоқда.
Аммо боя айтганимиздек, ярим финалгача етиб келишнинг ўзи ҳам катта гап. Агар самарқандликлар шу ерда тўхтаса ҳам биров уларни айбламайди ва танқид қилмайди. Албатта, “Насаф” билан беллашувда про лига вакилининг қанчалик қаршилик кўрсатишини кузатиш қизиқ. Ҳа, “Насаф” фаворит. Рўзиқул Бердиев Вадим Абрамов жамоасининг саргузаштига чек қўядими? Балки бунга шубҳа қилмаётгандирсиз, лекин “Динамо” шу ергача етиб келиб, нега энди финални орзу қилмасин?! Уларда ҳеч қанақа босим йўқ ва ўзи хоҳлаган футболни кўрсата олади.
Яна бир жуфтлик – ОКМК ҳамда “Навбаҳор” ўртасидаги ўйин ҳам алоҳида мавзу. Иккаласи ҳам Кубокни ютиш иштиёқида. Буни финалдан олдинги финалга қиёслаш ҳам мумкин. Иккала клуб ва “Насаф” Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этишаётгани боис улар учун ҳар бир учрашув оғир ўтиши тайин. Чунки ОЧЛда барибир катта куч йўқотилади. Шу боис мураббийлар бундай пайтда кучни тўғри тақсимлай олиши жуда муҳим.
Бир қарашда “Насаф”да енгил рақиб тушди, “Аждарлар” албатта финалга чиқади, деб тахмин қилаётганлар бисёр. Лекин бу – футбол. “Динамо” ярим финалгача бежизга етиб келгани йўқ. ОКМК – “Навбаҳор” баҳси эса ном жиҳатидан ҳам ортиқча афишага муҳтож эмас.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг