Ўзбекистон Кубоги ярим финалида “Насаф” ўз майдонида про лига вакили Самарқанднинг “Динамо”сини қабул қилиб 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва кетма-кет учинчи марта финал йўлланмасини қўлга киритди. Шу тариқа, Суперлигага қайтган “Динамо” жорий мавсумда илк мағлубият аламини тотиб кўрди.
“Динамо” таркибида иқтидорли ўйинчилар ва легионерлар борлигини биласиз. Айниқса, ганалик ҳужумчи Кожо Жоэл “Динамо”даги дебют мавсумини муваффақиятли ўтказди, десак адашмаган бўламиз. 25 ёшли ҳужумчи гарчи ганалик бўлса-да, у Қирғизистон миллий терма жамоаси учун тўп суришга қарор қилди.
Футболчи “Динамо” мухлисларининг ҳам қалбидан жой эгаллади. У жамоасининг Суперлигага йўлланмани қўлга киритишида ҳам ва Кубок ярим финалига етиб келишида ҳам катта ҳиссасини қўшди. Кожо “Насаф”га қарши учрашувдан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Бугун яхши ўйин бўлди, ўйинга яхши тайёргарлик кўргандик. Майдонда барчасини қўлдан келганича бажардик. Учрашувни ҳакам яхши бошқармади, кўп вазиятларда бизнинг зараримизга қарорлар чиқарди. Лекин бу футболда бўлиб туради. Нима бўлганда ҳам келаси йилга Суперлигада яхши ўйнашга ҳаракат қиламиз.
Менда шундай одатим бор: ҳар ўйинга максимал ютиш учун чиқаман. Аммо бугун ўхшамади, қийин ўйин бўлди.
Ҳали мавсум тугамади, яна битта ўйинимиз бор, тугатиб олайлик. Жамоа мухлислари менга ёқади, ҳаммасини гаплашамиз. Яхши бўлса, жамоада қоламан.
Футболда шундай бўлиб туради, ҳамма гол уришга вазиятлар яратишни хоҳлайди. Худо хоҳласа, кейинги мавсумда яхши ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламан.
Ҳа, аламли бўлди, ютишни хоҳлаган эдик ва "Динамо" тарихини янгиламоқчи эдик, жамоа анчадан бери Кубокда совринлар ютмаган экан. "Пахтакор", "Олимпик" ва "Насаф" сингари чемпионлар лигасида ўйнайдиган жамоалар билан яхши ўйнадик. Бугун вазиятлардан гол ура олмадик, кейинги йили агар ўйнайдиган бўлсак, албатта совринлар ютишга ҳаракат қиламиз”, - дейди ганалик легионер.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг